Ортиқча вазнга эга милиционерлар ишдан бўшатилиши мумкин

Ўзбекистон ИИВ ходими ҳужжат текширмоқда. Ozodlik.orgсайти фотосурати

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг ортиқча вазнли ходимлари 2020 йил баҳорида ишдан бўшатилиши мумкин. Бу ҳақда ИИВ кадрлар бош бошқармаси бошлиғи Фарид Абдиевга таяниб Kun.uz хабар беради.

«Биз ортиқча вазнли ходимлар рўйхатини тузиб, улар учун тиббий амалий анжуманларни ишлаб чиқдик. Ўз устида ишламаётганларни алоҳида рўйхатга қўшдик. Келаси йил биринчи чорагида патруль ва йўл хизмати ходимларини аттестациядан ўтказамиз. Унда ортиқча вазнга эга ходимларнинг бундан буён ишлаш-ишмаласлик масаласини ҳал қиламиз», — деди у.

Абдиев сўзларига кўра, вазирлик ортиқча вазнга эга ходимлар учун тўғри овқатланиш борасида йўриқлар бериб, алоҳида машғулотлар ўтказмоқда. Бундай йўл ортиқча вазнли милиционерлар сонини 30 фоизга камайтиришга ёрдам берган.

Шу йил март ойида Намангандаги йиғилишда қатнашган президент Шавкат Мирзиёев ҳарбий хизматчилар ва ИИВ ходимларини озишга чақирган. «Бизга ортиқча вазнга эга ҳарбийлар ва ички ишлар органи ходимлари керакмас. Улар қандай қилиб жиноятчиларни тутади? Спорт билан шуғулланишсин. Бу менга эмас, уларга фойда», – деган президент.

Бунга қадар президент мамлакатнинг ярим аҳолиси ортиқча вазнга эга эканини таъкидлаганди. Мирзиёев 2018 йил сўнггида таркибида ортиқча ёғ, туз ва шакари бор озиқ-овқат маҳсулотларини олиб кириш, ишлаб чиқариш ва сотишни чеклаш борасида топшириқ берганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ