Ўзбекистон Бош прокуратураси «интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда 2019 йил 14 декабрь куни Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниевга мансублиги таъкидланиб тарқатилган аудиоёзувларнинг ҳаққонийлиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз берганлиги ҳамда бошқа ҳолатлар ўрганилётгани»дан ўзининг Теlegram-каналида хабар берди.
Аудиоёзув Ўзбекистонда тақиқланган «Озодлик» радиоси сайтида пайдо бўлган. Унда газ ва электр таъминоти муҳокамаси чоғида Шуҳрат Ғаниев Қува тумани ҳокими Равшан Қурбоновдан декабрь бошида юз берган одамлар норозилигини ёритган блогернинг қачон жанозаси ўқилишини сўраган. Қурбонов блогерга нисбатан чора кўрилаётганини айтади. Ғаниев ишни «жаноза ўқилишигача етказиш керак»лигини талаб қилади.
Фарғона вилояти ҳокимиятининг матбуот хизмати мазкур аудиоёзув қўпол монтаж ва «Озодлик» томонидан қилинган «навбатдаги туҳмат» эканини қайд қилиб, Ғаниев бундай сўзларни бирорта мажлисда тилга олмаганини таъкидлайди. Кейинчалик ЎзЛиДеП партияси депутати Расул Кушербоев Бош прокуратурани ҳоким сўзларига ҳуқуқий баҳо бериш ва керакли чораларни кўришга чақирган.
Ғаниев бир неча бор қўл остидагилар ва вилоят аҳолисига нисбатан қўпол муомалада бўлгани билан ОАВ диққат марказида бўлган. Масалан, 2018 йил январь ойида у автобус ёнғинида қариндошлари ҳалок бўлган Тошлоқ тумани аҳолисини ҳақоратлаган. Ҳоким Ғаниев Фарғона халқини меҳнат муҳожирлигига чиқишини тақиқлаб, Ҳаж қилишларига тўсқинлик қилиш билан таҳдид қилган. 2019 йил август бошида президент Шавкат Мирзиёев танқидига учраган Шуҳрат Ғаниев видеомурожаат қилиб, унда Риштон аҳлидан бузилган уйлар учун узр сўраган. Кейинчалик у Ўзбекистон Мустақиллиги байрами муносабати билан «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган.