Ўғлининг алименти орқасидан пенсиясиз қолган онахон

Vkratce.uz сайти фотосурати

Ўғли алиментни мунтазам тўламагани боис онахоннинг пенсияси музлатилган, деб хабар беради «Қашқадарё янгиликлари» нашри ўзининг Telegram-каналида.

Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани фуқаросининг 33 ой мобайнида болаларига тўламаган алимент миқдори 14 миллион сўмни (деярли $1500) ташкил этган. Мажбурий ижро бюроси ходимлари айбдор кимса онасининг пенсияси музлатилгани, у эса маъмурий ҳибсга олишини мумкинлигини айтгандан сўнггина «қарздор» ота ҳаракатга тушиб қолади. Фуқаро тезда алиментдан ҳосил бўлган қарзнинг 11 миллион сўмини тўлайди, ҳозирда ундан қолган қарзлар ундирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 139-моддасига биноан, алимент фуқаронинг ойлиги ёки бошқа даромадидан ундирилади. Агар алиментга лойиқ сумма бўлмаса, у ҳолда қарздорнинг банк ҳисоб-рақами ёки мулки қарз тўловига тортилади. Вояга етмаган боланинг ота-онаси бўлмаса, у ҳолда суд қарори билан болани таъминлаш унинг яқин қариндошларига юклатилиши кодекснинг 122- моддасида кўрсатилган.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 122-моддасига биноан «Моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, — икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша қилмиш хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, — икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади».

Ўзбекистон парламенти ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари институтининг маълумотларига кўра, 2019 йили мамлакатда алимент бўйича 240 минг қарздор фуқаро бўлган. Ҳар йили суд томонидан вояга етмаганларни таъминлаш борасида 45 мингдан ортиқ қарорлар қабул қилинади. Йилига уч мингга яқин алимент тўлашдан бўйин товлаган фуқаронинг иши Жиноят ишлари бўйича судга топширилади. Қарздорларнинг аксарияти мунтазам даромад манбаига эга эмаслигини важ қилиб кўрсатади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ