Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги беш кунлик ўқиш тизимига ўтиш ғоясини танқид қилди

Nuz.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг мактабларда беш кунлик ўқиш тизимини жорий қилиш, ёзги таътил ҳисобига қишки таътилни узайтириш таклифини танқид қилди. Вазирлик ўз сайтида мазкур ғояни «сарф-харажатга бой ва пухта ўйланган таклиф» дея баҳолаган.

Халқ таълими вазирлиги мазкур ташаббусга қарши қатор далилларни келтираркан, жумладан уни амалга ошириш кўп молиявий харажатларни талаб этишига урғу беради. Беш кунлик ўқиш тизимига ўтиш икки ва ундан ортиқ сменада иш юритадиган мактаблар сонини кўпайтириш, қўшимча жой ва бинолар бўлишини талаб қилади. Олимпиада жадвалини ўзгартириш ўқувчиларга ортиқча юк бўлиши мумкин.

Ҳафтанинг олти куни мобайнида ишлайдиган ота-оналар шанба куни болаларига вақт ажратолмайдилар, бу эса ўз навбатида ёшлар ўртасидаги жиноятларнинг ўсишига туртки беради.

Вазирлик таътиллар муддатини ўзгартириш таклифига шундай муносабат билдиради: «Бизда таътиллар мамлакат иқлимидан келиб чиқиб белгиланган. Ёзнинг иссиқ ҳавосида 30-35 киши бир хонада 45 дақиқа ўтира оладими? Хоналарда совутиш тизими кимнинг ҳисобига ўрнатилади? Электр таъминотига бўлган талаб кескин ортиши туфайли мактаб электр тизимидаги ўзгартиришлар ҳамда электр истеъмоли учун харажатларни ошиши қайси маблағ ҳисобидан қопланади? Ўқувчилар бундай шароитда дарсни яхши ўзлаштира оладими?».

Болаларнинг сайёҳлик объектларига ташриф буюриши давлат томонидан ҳам, ота-оналар томонидан ҳам қўшимча харажатларни талаб қилади. Вазирлик болаларнинг саёҳат қилишига барча оилалар бирдек қодир эмаслигини айтади. Ваниҳоят, қишги туризм учун мамлакатда инфратузилмалар шаклланмаган, бунинг учун қўшимча маблағлар сарф қилиниши керак.

Бундан ташқари Халқ таълими вазирлиги ёз даврида асосан давлат инвестиция, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида мактаблар реконструкция қилиниши, ҳозирда пудратчилар мазкур ишларни якунлашга ўқув йили бошланишига қадар зўрға улгураётгани, . ёзги таътил қисқарса, дарс ва қурилиш-таъмирлаш жараёнлари бир вақтда олиб борилишига тўғри келишини таъкидлайди.

Ниҳоят, вазирлик ўз таажубини шундай изоҳлайди: «Ҳар бир таклиф таҳлилларга асосланган бўлиши керак. Қарор лойиҳаси тайёрланиш жараёнида шундай таҳлил қилинганми? Яъни таълим беш кунлик ўқиш тизимини жорий этиш ҳамда ёзги таътил муддатини қисқартириш ҳисобидан қишки таътил даврини узайтириш ички туризмини ривожлантиришга қандай туртки беради? Ушбу топиладиган даромадлар юқорида кўрсатилган харажатларни қоплай оладими? Исталган янгилик киритилишидан аввал ундан бўладиган ижобий ва салбий таъсирлар тўлиқ таҳлил этилиши ҳамда ижобий таъсирлар кўпроқ бўлгандагина ушбу янгиликни қабул қилиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, вазирлик эътирозига учраган Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг таклифлари 2020-2025 йилларда ёшлар туризмини ривожлантириш Дастур лойиҳасига киритилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ