Мирзиёев кластерлар ҳисобига мева-сабзавот экспортини кўпайтиришга қарор қилди

Шавкат Мирзиёев полиз маҳсулотлари хўжалиги билан танишмоқда. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 9 декабрь куни мева-сабзавотчиликка ихтисослашган кластерлар ташкил этиш, мева-сабзавотлар етиштириш сифати ва экспорти ҳажмини ошириш масалалари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Мирзиёев қишлоқ хўжалиги тармоқларида кластер тизими яхши самара бераётгани, хусусан, бунинг натижасида пахтачиликка янги технологиялар кириб келаётгани, ҳосилдорлик ўтган йилгига нисбатан 20-30 фоизга кўтарилганини таъкидлади. Жорий мавсумда пахта ҳосилининг 73 фоизи пахта-тўқимачилик кластерлари ҳиссасига тўғри келган.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Ўзбекистонда мева-сабзавотчилик тармоғи катта салоҳиятга эга. Лекин бундан оқилона фойдаланилмаяпти.

Статистик маълумотларга кўра, республикада йилига 21 миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавот етиштирилади. Лекин, уларнинг бор-йўғи 1,5 миллион тоннаси экспорт қилинади.

Чунки ташқи бозорларда рақобатбардош бўлган маҳсулотлар етиштирилмайди. Боғ ва токзорларда ҳосилдорлик жуда паст. Масалан, хорижий давлатларда бир гектар интенсив боғдан 70-100 тонна, айрим мевалардан 130 тоннагача ҳосил олинса, Ўзбекистонда бир гектардан 10-30 тонна, анъанавий боғ-токзорларда эса 4-5 тонна маҳсулот олинади.

Маҳсулотни саралаш, қадоқлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича 31 та агрологистика маркази ташкил этилган. Лекин айланма маблағлар етишмаслиги ва доимий маҳсулот йўқлиги оқибатида уларнинг аксарияти мавсумий ишлаб, мавжуд қувватлардан бор-йўғи 10-15 фоиз фойдаланмоқда, холос.

Президент хорижий экспертларни жалб қилиб, кластер ташаббускорлари учун қисқа муддатли ўқув курслари ташкил қилиш, ўз навбатида, кластерлар томонидан фермерлар учун илғор технологияларни қўллаш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ва ҳосилдорликни ошириш бўйича амалий семинарлар ўтказиш муҳимлигини таъкидлади. Ҳар бир вилоятдаги олий таълим муассасаларида ихтисослашган кафедралар ташкил этиш юзасидан кўрсатма берилди.

Кластерлар томонидан ташкил қилинадиган интенсив боғ, токзор ҳамда иссиқхоналарни аҳоли ва тадбиркорларга имтиёзли шартлар асосида бериш, боғ-роғлар ҳосилга кириб, эгаси даромад кўргунча уларга кредит тўловлари бўйича енгиллик яратиш муҳимлиги қайд этилди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига ҳар бир туманда етиштириладиган маҳсулотлар ҳажми, тури, сифати ва экспортбоплигини чуқур таҳлил этган ҳолда, экинларни диверсификация қилиш вазифаси қўйилди.

Ўтган ҳафта қишлоқ хўжалиги ходимларини касб байрами билан табрикларкан Мирзиёев 2019 йили республика $1,1 млрд миқдорида 1,3 миллион тонна мева-сабзавот экспорт қилганини маълум қилди. 2020 йили ушбу кўрсатгич $2,5 млрд, яқин уч йил ичида эса — $5 миллиардгача етказиш режалаштирилган.

Кластер — қишлоқ хўжалигида бир неча соҳа корхоналарини бирлаштирадиган шакл бўлиб, унда уруғчиликдан тортиб, ҳосилни етиштириш, уни қайта ишлаш ва маҳсулотни истеъмолчига етказиб беришгача бўлган барча ишлар бир тизимга жамланган. Кластер қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар, уларни қайта ишлаб, экспорт қилувчилар ўртасида тузилган кафолатли шартномалар асосида ишлайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ