Ўзбекистонда солиқ текшируви турлари қисқартирилди

Kommersant.uz сайти фотосурати

Янги таҳрирдаги Солиқ кодексида солиқ текшируви турлари 13 дан 3 тургача қисқартирилди. 9 декабрь куни «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан муҳокама этилди, деб хабар беради Қонунчилик палатасининг матбуот хизмати.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодексида солиқ назоратининг янги таркиби (камерал текширув, сайёр текширув, солиқ аудити) таклиф этилган. Таҳлика-таҳлил дастури жорий қилинмоқда. Ушбу дастур фаолият кўрсатаётган барча хўжалик субъектларини муайян мезонлар асосида, хавфлилик даражасига қараб, инсон омилисиз, автоматлаштирилган ҳолда 3 та сегментга (яшил йўлак, сариқ йўлак, қизил йўлак) ажратади. Унга биноан, хавфлилик даражаси паст бўлган (яшил йўлакча) корхоналарга нисбатан солиқ текширувлари амалга оширилмайди ва ушбу корхоналарга юқори даражадаги солиқ хизматлари кўрсатилади. Хавфлилик даражаси ўртача бўлган (сариқ йўлакча) корхоналарга нисбатан фақат камерал солиқ текшируви амалга оширилади ва ушбу корхоналарга хато-камчиликларини бартараф этиш бўйича ҳисоботини тузатиш имкони берилади ҳамда уларга молиявий ва маъмурий жарималар қўлланилмайди. Солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, бухгалтерия ҳужжатларини ва ҳисобварақ-фактураларини сохталаштириш ҳолатлари аниқланган хавфлилик даражаси ўта юқори бўлган (қизил йўлакча) корхоналарга нисбатан эса, солиқ аудити текшируви тадбирлари амалга оширилади. Бундай корхоналар доимий назоратда бўлади.

Бундан ташқари, киритилаётган янгиликларга кўра, ортиқча ундирилган суммаларга ҳар бир ўтган куни учун солиқ органлари томонидан солиқ тўловчига пеня тўланади. Хорижий сайёҳлар Ўзбекистонда сотиб олинган товарларга ҳисобланган қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) “Tax free” тамойили асосида қайтарилади. Мулкни (хизматларни) беғараз равишда топширишда тўланадиган ҚҚС бекор қилинмоқда. Давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган корхоналар томонидан тўланаётган ягона ижтимоий тўлов 25 фоиздан 12 фоизга туширилмоқда.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасида солиқ низоларини судгача ҳал қилиш тартиби ҳам аниқлаштирилмоқда. Яъни, солиқ низоларини судгача муҳокама қилишни мажбурий ўтказиш тартибини жорий этиш кўзда тутилган.

Ўзбекистон давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати Солиқ кодексидан давлат божи, алкогол маҳсулотларини сотиш ҳуқуқи учун тўловлар олиб ташланганига аниқлик киритади ва бу каби тўловлар аслида солиқ ҳисобланмаслиги, улар давлат солиқ қўмитасининг бошқа қонун актлари доирасида мувофиқлаштирилишини таъкидлаб ўтган.

Ўзбекистонда солиқ борасида ислоҳотлар ўтказиш зарурлиги ўтган йилдан бери муҳокама қилинади. Мазкур тизимда ўзгартиришлар киритиш учун, жумладан, ўнлаб хориж мутахассислари ҳам жалб этилган. Халқаро валюта жамғармаси таҳлиличиларининг фикрига кўра, Ўзбекистонда солиқлар борасида ислоҳотларни ўтказишга мамлакат ЯИМнинг 2 фоизи миқдорида, яъни $750 млн маблағ сарфланиши талаб қилинади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ