9 декабрь куни Тошкентда Москва Давлат халқаро муносабатлар институти (МГИМО) филиалининг очилиши маросими бўлиб ўтди. Ушбу таълим даргоҳи институт тарихидаги илк хорижий филиал ҳисобланади, дея хабар беради Жаҳон ахборот агентлиги.
Анжуманда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, МГИМО ректори Анатолий Торкунов, Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси, Ўзбекистон Халқаро иқтисодиёт ва дипломатия университети ректори Абдужаббор Абдувоҳидов, шунингдек икки мамлакат дипломатик ва ишбилармонлар доираси вакиллари иштирок этдилар.
Анжуманда шу йили сентябрь ойида филиал «бизнес-ахборот» (иккита факультет), «юриспруденция» йўналишлари бўйича 88 нафар талабани ўқишга қабул қилгани таъкидланди.
Мазкур филиалнинг сайтида келаси ўқув йили «Халқаро хусусий ҳуқуқ», «Синхрон ва ёзма таржималар назарияси ва амалиёти», «Воқеавий менежмет» факультетлари очилиши ёзилган. Ўқув контракт тўловлари йўналишга қараб $6400 ёки $4800 бўлиши мумкин.
Тошкентда МГИМО филиалини очиш таклифи президент Шавкат Мирзиёев томонидан ўтган йили ҳамкасби Владимир Путин билан бўлган учрашувда илгари сурилганди. 2019 йил февралида филиалнинг бакалавриат даражасида фақат бизнес-ахборот бўйича ўқув олиб борилиши маълум бўлганди.
МГИМО – Россиянинг энг илғор олий ўқув юртларидан бири ҳисобланиб, унда «Халқаро муносабатлар», «Хорижий минтақашунослик», «Иқтисодиёт», «Журналистика» каби ўнлаб йўналишларда таълим берилади.