Тошкент шаҳар ИИББ фуқароларни янги турдаги СМС-фирибгарликдан огоҳ қилади

Қамчиқ довонида йўл тозалаш ишлари. «Фарғона» фотоархивидан сурат

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси аҳолини фирибгарларнинг янги ўйлаб топган ҳийласи — СМС-хабарлардан огоҳ қилади. Фирибгарлар қийин аҳволга тушиб қолган одамлар номидан пул сўраб мурожаат қиладилар.

«Сўнгги вақтларда фуқароларимизга қуйидаги мазмундаги СМС-хабарлар келмоқда: “Ассалому алайкум. Мен онамни жанозаларига бораётганимда йўлда машинам бузилиб, Қамчиқ довонида қолиб кетдим. Менга сизнинг ёрдамингиз керак. Телефонимга озроқ пул ташлаб юборинг”.

Одатда 25 минг сўм ($3), баъзида эса каттароқ маблағ сўрашади. Яъни, муаммо пулда эмас. Ёрдам қўлини чўзган инсонлар кейинчалик билишларича, улардан ёрдам сўраган одам умуман нотаниш кимса бўлган. Оддийроқ қилиб изоҳлаганда, бу фуқароларни алдаш йўлларидан биридир.

Ачинарлиси шундаки, инсонларнинг мурувватидан фойдаланган кимсалар сабабли, бир марта алданган фуқаролар кейинчалик бировга ёрдам қўлини чўзишдан қўрқиб қолади», дейилади ташкилот матбуот хизмати хабарида.

Тошкент Ички ишлар бош бошқармаси бу каби фирибгарлик юз бераётганини таъкидлар экан, ундан нечта одам жабр кўргани ҳақида маълумот келтирмаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ