8 декабрь куни Олма-Ота шаҳрининг «Сари-Арка» кинотеатри ортида Feminita ташкилоти фаоллари аёллар ҳуқуқларини ёқлаб намойиш уюштирдилар, деб хабар беради Informburo.kz.
Нашр хабарига кўра, намойишда олти нафар аёл иштирок этган. Vlast.kz эса тўрт одам иштирок этганини таъкидлайди. Аёллар
«Олма-Ота ҳокимияти жамиятда аёлларнинг тенгҳуқуқлигини таъминлаш, уларнинг сиёсий ва фуқаровий фаолиятини кучайтиришга бағишланган намойишга рухсат берди» (аслият орфографияси сақланган – «Фарғона изоҳи») шиори билан Ленин ҳайкалидан Калинин ҳайкалигача юришлар қилган.
Шаҳар маъмурияти намойиш иштирокчилари сонини кўпайтирмасликни (50 кишидан ошмаслигини) талаб қилгани боис Feminita ташкилоти мазкур анжуман ҳақида хабарни кенг тарқатмаган.
Намойиш деярли бир йил ҳукумат билан келишилган. Дастлаб 8 март куни намойиш (ариза 19 февралда топширилган) ўтказиш режалаштирилган, лекин рухсат 3 декабрь куни берилган. 7 декабрда Feminita асосий максад «одатда тилга олинмайдиган аёллар», жумладан лесби ва фоҳишалар ҳуқуқларини талаб қилишдан иборат эканига урғу берган. «Тинчлик намойишида бундай мақомга эга хоҳлаган аёл иштирок этиши, ўз фикрини билдириши, бошқа опалари билан бирдамлигини исҳор қилиши мумкин», – дейилади баёнотда.
Анжуман фаолларидан Лейла Маҳмудова ҳукумат билан келишув мураккаб экани боис, кундалик тартибидаги масалалар чекланганини айтади. Унинг сўзларига кўра, «ҳокимият билан аёлларнинг сиёсий ва фуқаровий фаолиятини кучайтириш масаласи келишилгани сабаб, намойиш фақат шу мавзуга бағишланади».
Бундан бир неча йил олдин ташкил топган Feminita ташкилоти Қозоғистонда хўрланаётган аёллар гуруҳини (улар орасида лесби, ногирон аёллар ва фоҳишалар тилга олинган) ҳимоя қилиш билан шуғулланади. Ташкилот рўйхатдан ўтиш учун ҳукуматга илтимос билан чиққан, лекин рад жавобини олган. Фаоллар ҳукумат қарорини бекор қилиш учун судга мурожаат қиладилар. Лекин суд мазкур ташкилот мақсадлари «жамиятдаги мавжуд маънавий қадриятлар, оила нуфузини кучайтиришга хизмат қилмаслиги»ни таъкидлаган.
Бундан аввал сентябрь ойида Олма-Отада феминистларнинг биринчи митинги ўтказилди. Унда юзлаб аёллар, шунингдек уларни қўллаб-қувватловчи эркаклар ҳам иштирок этганлар. Иштирокчилар аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиниши ва зўровонликка қарши жазонинг кучайтирилишини талаб қилганлар.