Қирғизистоннинг собиқ Бош вазири ИЭМ масаласи бўйича 15 йилга озодликдан маҳрум этилди

Бишкек ИЭМ иши иштирокчилари . Elgezit.kg сайтидан фотосурат

Қирғизистоннинг собиқ Бош вазири Сапар Исақов Бишкек Иссиқлик электр марказини модернизация қилишда коррупцияга йўл қўйганликда айбдор деб топилди ва уни 15 йилга озодликдан маҳрум этишди. Бу ҳақида 6 декабрь куни Kaktus.media хабар беради.

Миллий энергия холдинг директори Ойбек Каниев ҳам шу иш бўйича 15 йиллик қамоқ жазосини олган. 2012-2014 йиллари Бош вазир лавозимини эгаллаган Жанторо Сатибалдиев 7 йил 6 ойга эркинликдан маҳрум этилган. ИЭМ модернизациялаш гуруҳи раҳбари Темирлан Бримқулов 2 йил 6 ой қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Собиқ молия вазири Ольга Лавровага нисбатан 3 млн сўм жарима солинган, собиқ Энергетика вазири Осмонбек Ортиқбоевга нисбатан 5 млн жарима солиниб, ҳибсдан озод қилинган.

«Электрические станции» корхонасининг собиқ раҳбари Салайдин Авазов ва унинг собиқ ўринбосари Жолдошбек Назаров суд залидан озод қилинган.

ИЭМ модернизация ишларидаги коррупцияга қарши ишлар 2018 йили мазкур иншоотда рўй берган катта авариядан кейин қўзғатилганди. Станциянинг бир нечта сув иситиш қозонлари ишдан чиқиб, бишкекликлар хонадонларидаги ҳарорат 8-10 даражага тушиб кетганди. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш органи ходимлари $386 миллионга тушган модернизация ишларида ўғирликлар содир бўлган, деган якунга келганлар. Исаков 2018 йили ишдан бўшатилиб, май ойида унга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. 2018 йили собиқ президент Алмазбек Атамбаев ва унинг вориси Сооронбай Жээнбековнинг ўртасидаги муносабатлар совуқлашганди.

Исаков Атамбаевнинг «ўнг қўли» ҳисобланган. У суддаги охирги сўзида ўзининг беайб эканини таъкидлаган. Исаков Қирғизистондаги катта клан вакили Раимбек Матраимовнинг Давлат божхона хизмати раҳбари ўринбосари вазифасидан олингани учун Жээнбеков ундан қаст олаётганини айтган. Ҳозирги кунда Қирғизистонда қудратли Матраимовлар оиласига доир кўпгина шов-шувлар мавжуд. Исаков «бизларни бирор далил исботсиз ўн ой қамоқхона сохта айбловлар ясаш учун ушлаб туришди», — деган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ