2021 йилнинг 1-январидан бошлаб Ўзбекистонда педагогларнинг 5% касбий лицензиялаш жараёнидан мажбурий тарзда ўтказилади. Ҳужжат ўқитувчилар учун беш йил, мактаб директорлари учун уч йил амал қилади. Ушбу маълумот Халқ таълими вазирининг ўринбосари Алишер Умаров томонидан, Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган матбуот анжуманида эълон қилинди.
Мансабдор шахснинг сўзларига кўра, педагоглар фаолиятини лицензиялаш амалиётининг босқичма-босқич жорий қилиниши, болалар билан ишлаш учун етарли билим ва кўникмаларга эга малакали педагогларни саралаб олиш имконини беради. Шу билан бирга анжуманда лицензия олган, лекин тоифага эга бўлмаган ўқитувчилар иккинчи тоифали ўқитувчи маошини олиши маълум қилинди.
Умаров айтишича, ҳозирги кунда Халқ таълими вазирлиги ўқитувчилар учун синов ташкил этиб, уларнинг касбий билимларини текширмоқда. Сирдарё вилоятида тест синовлари якунига етди, ҳозирда жараён Сурхондарё вилоятида давом этиб, босқичма-босқич мамлакатимизнинг барча ҳудудларига етиб боради. “Имтиҳонлар” натижаларига кўра кадрлар малакасини ошириш бўйича тренинглар ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Вазир ўринбосари, шунингдек, марказий ва ҳудудий таълим бошқармаларида услубчи (методист) лавозими бекор қилинганини маълум қилди. Унинг ўрнига ментор лавозими жорий қилинди.
Журналистлар билан учрашувда сўнгги вақтларда мамлакатда ўқитувчиларнинг маоши 2.5 баробарга ошгани таъкидланди. Бундан ташқари, ўқитувчиларнинг сифатли фаолиятини рағбатлантириш тизими амал қилмоқда. Масалан, халқаро олимпиадалар ғолибларини тайёрлаган педагог энг кам ойлик иш ҳақининг 450 баробари миқдорида мукофотланади, бу эса 100 млн сўмдан ($10,5 минг) ортиқ маблағ демакдир.
Жорий йилнинг 1- январидан ўқитувчилар маошлари оширилди. Тариф жадвалига кўра, бошланғич ва катта синфлар ўқитувчилари тоифасига кўра 1,6 млн ($190) дан 2,2 млн сўмгача ($262), мактаб директорлари – 2,2-2,5 млн сўм ($285) миқдорида маош олади. Бундан ташқари, синф раҳбарлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10% миқдорида ва дафтарлар текширилиши учун 50% гача қўшимча тўловлар кўзда тутилган. Июнь ойида республика бўйича олис туманларда фаолият юритувчи педагоглар учун қўшимча тўловлар белгиланди.
Ўзбекистон ҳукумати келгусида ўқитувчиларнинг маошини $1000 гача оширишини ҳақида маълум қилганди. Хусусан, бу ҳақда халқ таълими вазири Шерзод Шерматов гапирганди. Лекин маошлар бундай даражагача етказилишининг аниқ муддатлари айтилмаган.