Суриядаги қочқинлар лагеридаги тожик аёллари ўнлаб болалар ўлганини маълум қилдилар

«Ал Хол» лагеридаги болалар . Hawarnews.com сайти фотоси

Совуқ кунлар бошланиши билан Суриядаги 400 дан ортиқ тожикистонликлар яшаётган «Ал Хол» қочқинлар лагерида очлик ва турли касалликлар туфайли юзлаб одамлар, жумладан болалар вафот этган. Бу ҳақда, лагерда яшаётган тожик аёлларга таяниб «Озоди» хабар беради.

Марям исмли қочқин аёлнинг айтишича, лагердаги вазият болалар ва аёллар жойлашган палаткаларни қаттиқ бўрон учириб юборганидан сўнг оғирлашган. Очиқликда, нам тортган жойларда қолганлар орасида кўпчилик касалланган. «Озиқ-овқатлар ва дори-дармонлар етишмаяпти, шифокорлар ҳаммани текшириб, даволаш имкониятига эга эмаслар», — дея шикоят қилган Марям.

Унинг айтишича, сўнги кунларда ўнлаб болалар вафот этган, бироқ бу маълумотни мустақил манбаалар орқали тасдиқлашнинг имкони бўлмади. Ушбу ҳудудни назорат қилувчи «Сурия демократик кучлари»нинг вакили Жамил Салоҳ эса «лагердаги вазият барқарор» дея баёнот берди.

Тожикистон ҳукумати октябрь ойининг ўзидаёқ Сурия лагерларида қолаётган ўз ватандошларини мамлакатга олиб келишга тайёр эканини эълон қилганди. Бироқ, Сурия томони ушбу амалиётнинг хавфсизлигини таъминлашга тайёр эмаслиги ишни ортга сурди. Бу ҳақда Тожикистоннинг Қувайт ҳамда Ироқдаги элчиси Зубайдулло Зубайдозода гапирар экан, тожик томони ушбу амалиётга тайёр экани, дипломатлар Сурия ва курд қуролли кучлари томонидан хавфсизлик кафолатини кутаётганини айтди.

Суриядаги қочқинлар лагерларида Тожикистон ҳукуматининг ҳисоби-китобига кўра, 570 нафар аёл ва 1 ёшдан 17 ёшгача бўлган болалар бор. Улардан 90 нафарини аёллар, 200 нафардан кўпроғини қизлар ҳамда 240 нафардан кўп ўғил болалар ташкил этади. Сўнги икки йил ичида лагерларда 134 нафар бола дунёга келган.

Кўплаб тожикистонликлар Суриянинг шимолидаги Хасака вилоятида жойлашган «Ал Хол» лагерида яшашмоқдалар. «Рож» ва «Ал Хол» лагери турғунлари октябр ойида Туркия ҳарбийлари кириб келиши муносабати билан лагерга келувчи йўллар ёпиб қўйилганидан кейин яшаш шароитлар кескин оғирлашганини айтадилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ