Хитойнинг «муаммоли» минтақаларидан бири бўлмиш Шинжон-Уйғур автоном райони иқтисодиёти сўнгги йилларда жадал ривожланмоқда. Пекин томонидан тақдим қилинган маълумотларга қараганда, ШУАРнинг қўшни Марказий Осиё давлатлари билан ташқи савдоси рекордлар ўрнатмоқда, илгари ёпиқ бўлган мазкур ҳудудга сайёҳлар оқими кўпайган, маҳаллий аҳоли фаровонлиги муттасил ошиб бормоқда. Минтақадаги иқтисодий юксалиш сабаблари нимада, бу чегарадош давлатларга, биринчи навбатда Қозоғистонга қандай таъсир кўрсатиши мумкин ва Шинжонда инсон ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақидаги бахс-мунозаралар нима учун ғойиб бўлди – биз буларни ушбу материалда кўриб чиқдик.
Расман Шинжонга қарашли Хитойнинг ғарбий ҳудудлари доимо қолоқ ёки секин ўсаётган минтақа ҳисобланган. Шунга қарамай, Хитой ҳукумати уларни ривожлантириш учун катта куч сарфламоқда. Пекин Шинжоннинг географик жойлашуви — Марказий Осиё ва Яқин Шарқ билан чегарадошлигини ҳисобга олган ҳолда унга алоҳида эътибор қаратмоқда. Хитойнинг ғарбий йўналишдаги барча транспорт инфратузилмаси айнан ҳудуд орқали ўтади ва у «Бир камар ва йўл» улуғвор ташаббуси (Хитой ва Ҳиндистонни Ғарбий Европа билан боғлаган қадимги Ипак йўлининг қайта жонланиши)нинг бир қисмига айланган. 21 ноябрь куни Синхуа агентлигининг хабар беришича, жорий йил январь-октябрь ойларида Шинжоннинг умумий ташқи савдоси 362,79 миллиард юанга (49,7 миллиард доллар) етган, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 28 фоизга кўп бўлган. Шинжонда ўсиш суръати мамлакатнинг бошқа ҳудудларига қараганда анча юқори, дейилади ҳисоботда.
«Хитой ҳукумати кейинги ўн йил давомида Шинжонга нисбатан ўзининг янги иқтисодий сиёсатини шакллантирди. У бир қанча асосий пунктларга асосланади, — дейди шарқшунос олим, Москва давлат университетининг Осиё ва Африка мамлакатлари институти директори Алексей Маслов «Фарғона»га. — Биринчидан, бу иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун марказий бюджетдан ажратилаётган жуда катта трансфертлар. Бундан ташқари, улар ҳар йили 12-18% га ўсди, бу дарҳол янги тармоқларни ривожлантиришга туртки бўлди. Иккинчидан, бу турли ҳусусиятларга эга, жумладан, қишлоқ хўжалиги, экспорт-импорт (сезиларли солиқ имтиёзлари, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва бошқалар) га йўналтирилган махсус иқтисодий зоналарнинг яратилиши билан боғлиқ бўлди. Учинчи нуқта — бу минтақага янги саноат тармоқлари, жумладан, Хитойдан юқори технологиялар жалб қилинди. Буларнинг барчаси иқтисодиётнинг кескин юксалишига туртки берди».
Шинжон иқтисодиётининг жадал суръатларда ўсиши COVID-19 эпидемиясидан кейин бошланди. Ўтган йили ҳудудий ЯИМ йилига 6,8 фоизга, миллий иқтисодиёт эса 5,2 фоизга ўсган.
«Бу йил, шубҳасиз, ўсиш суръати ҳам мамлакатдагидан тезроқ бўлади. Умуман олганда, минтақа иқтисодиёти бир томонлама ихтисослашган ва шунинг учун самарали эканини тушуниш керак. Шинжон чорвачилик ва деҳқончиликка ихтисослашган. Асосан, маҳсулотлар мамлакат ичкарисида сотилади ва маҳаллий маҳсулотлар экологик тоза ҳисобланади. Экологик тоза маҳсулотларга бўлган эҳтиёж ортиб бораётганини ҳисобга олсак, Шинжонда ишлаб чиқарилган ҳамма нарса Хитойда мамнуният билан сотиб олинади. Бу минтақа, жумладан Ғарб компаниялари томонидан ишлатиладиган вискоза (сунъий тола, мато-тарж.изоҳи) бўйича дунёдаги энг йирик ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланади. Шу сабабли улар инсон ҳуқуқлари бузилишини қўллаб-қувватлаганликда айбланмоқда, бироқ ҳозирча ҳеч ким Шинжон вискозасининг нарх-сифат нисбатини енгиб ўта олмади», — дея давом этади Алексей Маслов.
Ноёб бўлмаган, аммо шунга қарамай талабгир бошқа маҳсулотлар мавжуд. Масалан, Америка ва Европа компаниялари томонидан ШУАРда катта миқдорда сотиб олинадиган помидор кетчупининг базавий массаси.
Шинжон иқтисодиётининг ўсишига таъсир кўрсатган яна бир муҳим жиҳат — бу биринчи навбатда Хитойнинг ўзидан сайёҳлар оқимининг кўпайиши. Кейинги беш йилда минтақада кўплаб йўллар, меҳмонхоналар, кафелар, сайёҳлик йўналишлари барпо этилди.
2023 йили Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном райони (ШУАР)га 265,44 миллион сайёҳ ташриф буюрган. Шинжонга сайёҳлар оқими ўтган йилга нисбатан 117 фоизга ошди, деб хабар беради январь ойида Казинформ. ШУАР маданият ва туризм бошқармаси маълумотларига кўра, 2023 йили туризмдан тушган даромад 296,7 миллиард юанни (тахминан 41,78 миллиард доллар) ташкил қилган.
«Асосий ғоя – марказий бюджетдан пул оқимини босқичма-босқич қисқартириш, шу билан бирга Шинжон ичидаги корхоналар рентабеллигини ошириш. Рақамларга қарайдиган бўлсак, бу йил ҳам, ўтган йили ҳам аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадлар сезиларли даражада ошганини кўрамиз, бу унинг (минтақанинг аҳолиси) ҳақиқатан ҳам бойиб бораётганининг реал кўрсаткичидир», — дея хулоса қилади Алексей Маслов.
ШУАР ва Қозоғистон алоқалари – фойдами ёки янги хавф?
Шинжон саккизта давлат билан чегарадош бўлиб, улар орасида Қозоғистон унинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкори ҳисобланади. Ўтган йили Қозоғистон Республикаси ва ХХР ўртасидаги товар айланмасининг 60 фоиздан ортиғи ушбу автоном район ҳиссасига тўғри келди. Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ўтган йил кузида Хитойга расмий ташрифи чоғида Урумчига алоҳида ташриф буюриб, минтақалараро ҳамкорликни муҳокама қилган эди.
Қозоғистондан ШУАРга экспорт қилинадиган асосий маҳсулотлар металл рудалари, турли концентратлар, табиий газ, шунингдек, зиғир уруғи, буғдой, арпа, кунгабоқар ёғи ҳисобланади. Алексей Маслов бу рўйхатни янада кенгайтириш мумкинлигига ишонади.
«Шинжон томонида кўплаб Қозоғистонга ўтиш пунктлари яратилди. Чегараларга катта миқдорда темир йўллар уланган, шу жумладан қуйма юклар (биринчи навбатда, дон) учун. Қолаверса, Шинжон ўзини ёқилғи-энергетика маҳсулотлари — кўмир, нефть, газ ва бошқалар билан таъминлай олмаслигини ҳам ҳисобга олишимиз керак. Шу боис, у орқали бутун Хитойга катта миқдорда кўмир ва нефть импорт қилиниши мумкин ва шу маънода савдо айланмасининг сезиларли даражада кенгайиши кузатилади», — деди эксперт.
Худди шундай фикрни R-Finance молиявий маслаҳатчиси, иқтисодчи Арман Байганов ҳам билдиради. «Жадал ривожланаётган ШУАР кўпроқ нефть, газ ва бошқа ресурсларни талаб қилади, аҳолининг харид қобилияти ошиб бормоқда. Бу эса экспорт салоҳиятимизни сезиларли даражада кенгайтиради. У ерга хомашёдан ташқари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (буғдой) ва бошқа маҳсулотларни кўпроқ жўната бошладик.
Яна бир ижобий жиҳати шундаки, бу ерда саноат кескин юксалмоқда, шу сабаб Қозоғистон Хитой товарларини анча вақт ва логистика ҳаражатларини талаб қиладиган мамлакатнинг шарқий ўлкаларидан кўра бу ердан арзонроқ (масалан, электроника) сотиб олиши мумкин бўлади», — дея унинг сўзларини келтиради SPIK.kz.
Тўрт йил муқаддам «TALAP» амалий тадқиқотлар маркази ва Конрад Аденауэр жамғармасининг қўшма фаолиятида Шинжон-Уйғур автоном районининг йирик саноат ривожланиши минтақа учун жиддий экологик хавф туғдираётгани таъкидланган эди. Тадқиқот муаллифлари саноат ва қишлоқ хўжалиги объектларини фаол ривожлантириш учун катта миқдорда сув талаб қилинаётганини таъкидладилар. Шунга кўра, сувнинг трансчегаравий дарё ва ирмоқлардан олиниши, шунингдек, ифлосланиши хавфи мавжуд. Алексей Маслов Шинжонда суғориш суви билан таъминлаш борасида муаммо борлигига қўшилади, аммо унинг сўзларига кўра, Хитой бу масалани «жуда муваффақиятли ҳал қилмоқда». – Масалан, СУАРда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва ирригацияни яхшилаш бўйича катта дастур жорий этилган бўлиб, у ўз кучи билан амалга оширилмоқда», – дейди у.
«Фарғона» суҳбатдоши қўшни минтақанинг жадал ривожланиши муносабати билан Остона учун эҳтимолий рисклар ҳақида гапираркан, бу «Қозоғистонда номутаносибликни келтириб чиқариши» мумкинлигини таъкидлайди. «Бу стандарт реаллик ва ундан ҳеч ким ҳимояланмаган. Шунинг учун бу ерда биз Хитойга эмас, балки чегара иқтисодиётини ривожлантиришга эътибор бериш керак», — дея қўшимча қилади у.
Мажбурий меҳнат ва таъқиблар
Шинжон кўп миллатли ҳудуд бўлиб, аҳолисининг салмоқли қисмини уйғурлар ташкил қилади. Пекиннинг ШУАРдаги қаттиқ ижтимоий сиёсати бир неча бор ҳуқуқ ҳимоячиларининг танқидига учраган. Бундан атиги бир неча йил аввал уйғурларнинг оммавий ҳибсга олинаётгани ва лагерларда мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани жаҳон ҳамжамиятини кенг ташвишга солган эди. 2018 йили Хитой лагерлар мавжудлигини тан олиб, уларни минтақада экстремизмга қарши курашиш учун зарур бўлган «касбга ўқитиш ва бандлик марказлари» деб атаганди. Хитой илмий адабиётида мажбурий меҳнат билан боғлиқ айбловлар ҳалиям фаол муҳокама қилинмоқда, аммо улар анъанавий равишда бундай баёнотлар АҚШнинг Хитой товарларига қарши курашидаги восита экани эътироф этилади.
«Бу лагерлар ҳозир ишлаяптими, йўқми, бир нарса дейиш қийин, зеро уларга кириш имкони йўқ. 2018 йил охирида улар (Хитой расмийлари – «Фарғона» изоҳи) у ердан одамларни озод қила бошладилар. 2019 йил охирида «деярли ҳамма ўқишни тамомлагани» расман эълон қилинди, дейди тадқиқотчи Евгений Бунин «Фарғона»га. — Сунъий йўлдошдан олинган суратлардан лагерларга аниқ назар ташласангиз, на сим, на минора кўринади, уларни бошқа нарсага айлантирганини кўрасиз. Лагерларнинг аксарияти ёпилган бўлиши мумкин. У ерда бўлган одамлар жамиятга қайтишган, лекин улар ҳали ҳам кузатув остида. Одамлар лагердан чиққани ҳоллари бор, лекин кейинчалик улар жиноий модда билан ҳибсга олинган».
Евгений Бунин 2018 йилдан бери Шинжонда қатағон қилинганлар ҳақида маълумотлар йиғиб келади. Унинг Shahit.biz лойиҳасининг маълумотлар базаси дунёда энг йирик ҳисобланади. Ҳозирда лойиҳа автоном район аҳолисининг (асосан уйғурлар) этник ва диний мансублиги сабабли ҳукумат томонидан таъқибга учраган 83,6 мингдан ортиқ исм-шарифини ўз ичига олади.
«Оммавий ахборот воситаларида тез-тез қўлланиладиган нарратив, мнеимча тўғримас. У лагерларга эътибор қаратади, бу эса барча маҳбуслар ўша ерда эканда, деган таассурот қолдиради. Дарҳақиқат, 2017-2018 йиллари ҳибсга олинганларнинг деярли 50 фоизи лагерларни четлаб, қамоқхоналарга олиб кетилган. Ёки улар бир неча ой лагерларда бўлиб, кейин қамоққа жўнатилган. Булар сиёсий маҳбуслар ёки диний сабабларга кўра таъқибга учраган одамлардир. Улар орасида ўтган асрда болалигида Қуръон эшитганлар ҳам бор. Бу жиноят асоси, деб ҳисобланади. Улар ҳалиям (қамоқхоналарда) ўтиришибди, дейди тадқиқотчи. — Менинг тажрибамга кўра, оммавий ахборот воситалари бу ҳақда ёзишни хоҳламайди, зеро зерикарли, унда ҳеч қандай жанжал йўқ, масалан, фашистлар Германияси билан боғланиш мумкин бўлган лагерлар каби. Бундан ташқари, лагерлар Хитой қонунчилигига тўғри келмайди, аммо қамоқхоналар қонунга мувофиқ. Гарчи одамларни у ерга тиқиш учун қўлланилаётган айбловлар бемаъни бўлсада».
Бунин, шунингдек, ҳам ўз фаолияти туфайли таъқибларга дуч келган. 2019 йили унга Ўзбекистонга кириш тақиқланди, 2021 йили Қозоғистонга кириши 5 йилга тақиқланганини айтиб, уни киритишмаган.
«Бир томондан, у ерда ҳали ҳам алоқаларим бор ва у ерга қайтганим яхши бўларди. Бироқ, хавфсизлигим борасида бироз қўрқаман, чунки биз ҳозирда Шинжондаги қатағон мавзусига вақт, куч сарфлаб, чиққан маълумотлар ва миқдори бўйича энг фаол лойиҳамиз. Менга бирор нарса бўлишини истамайман ва Марказий Осиёда бўлиш мен учун хавфсизми ёки йўқлигини билмайман», — дейди Бунин.
Шунингдек, Shahit.biz сайтини ёпишга уринишлар бўлмоқда. Ноябрь ойи охирида домен провайдер томонидан блокланган ва аноним сўровдан сўнг бир неча кун давомида унга киришнинг имкони бўлмаган. Уни ёзган шахс сайт ўчириб ташланиши керак бўлган ноқонуний контент борлигини даъво қилган. Буниннинг фикрича, бунга ХХР ҳукумати алоқадор бўлиши мумкин. Кўп шикоятлардан сўнг провайдер сайтга кришни тиклади.
-
23 Декабрь23.12Мигрантларга оғир келган йилРоссия ҳукумати чет элликлар ҳаётини мураккаблаштирувчи ўндан ортиқ қонунларни қабул қилди. Бу анъана давом этадими?
-
20 Ноябрь20.11«Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатида иштирок этмаса уят бўлади»Александр Крестинин — «Локомотив» даги фаолияти, ўзбек ва қирғиз футболи ҳақида
-
15 Ноябрь15.11Туркийлар алифбосиНега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?
-
03 Октябрь03.10Мослашув имтиҳониРоссияга бораётган мигрантлар ва уларнинг оилаларига қўйилаётган талабларнинг кучайтирилиши нималарга олиб келиши ҳақида
-
16 Август16.08«Халқ ва давлат: АЭС бўйича референдум ким тарафида?»Қозоғистонда шу номдаги масалага бағишланган «Трансчегаравий журналистика» лойиҳаси ишга туширилди
-
13 Август13.08Париждан медаллар биланМарказий Осиё спортчиларининг 2024 йилги Олимпиада ўйинларида эришган натижалари ҳақида