Туркийлар алифбоси

Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?
xalqqazeti.az сайти фотосурати

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўтган ҳафта Туркий давлатлар ташкилотининг 11-саммитида сўзга чиқиб, уюшма аъзоларининг лотин алифбосига асосланган ягона алифбони қабул қилиши муҳимлигини яна бир бор таъкидлади. Сиёсатчининг фикрича, унинг мамлакати ва Озарбайжон бундай қадамга тайёр ва бу ташаббусни Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, шунингдек ТДТда кузатувчи мақомига эга Туркманистон томонидан қўллаб-қувватланиши мақсадга мувофиқ бўлар эди. Постсовет республикалари глобал тил ислоҳотига жазм қиладими ва бу қандай оқибатларга олиб келиши мумкин – «Фарғона» материалида.

Туркия ташаббуси

Барча туркийтилли давлатларда ягона алифбо ўрнатиш ғояси СССР парчаланиб кетган 1991 йили пайдо бўлганди. Албатта, ташаббус муаллифи Туркия бўлганди. Шуниси эътиборга лойиқки, бу фақат 2009 йили Туркий кенгаш номи остида пайдо бўлган ТДТ ташкил этилишидан анча олдин бўлганди.

1990 йиллари Туркия минтақада муҳим рол ўйнаган. Хусусан, Ўзбекистонда турк тили жадал ўрганилаётган қўшма лицейлар ва бошқа таълим муассасалари очилган. Хорижлик ишбилармонлар Тошкентда шу пайтгача бўлмаган супермаркет ва йирик савдо марказларини очдилар. Ҳатто Босфор бўғозида ишлаб чиқарилган сериаллар ҳам тезда машҳурликка эриша бошлади.

Аммо алифбога қайтайлик. Ягона алифбо яратиш жараёни бир-икки йил аввал Туркий давлатлар ташкилоти таркибида махсус комиссия тузилган — минтақавий тузилмага аъзо бешта давлатнинг ҳар биридан иккитадан вакилни ўз ичига олган махсус комиссия тузилганидан сўнг фаоллашганди.

Умумий турк алифбоси. eurasiatoday.ru сайти фотосурати

Жорий йил сентябрь ойида Боку шаҳрида Турк дунёсининг умумий алифбоси бўйича комиссияси учинчи йиғилиши бўлиб ўтди ва унда экспертлар лойиҳа барча манфаатдор давлатлар томонидан келишилганини маълум қилди.

«Ушбу фидойи иш натижасида 34 та ҳарфдан иборат умумий туркий алифбо таклифи юзасидан келишувга эришилди. Таклиф этилаётган алифбодаги ҳар бир ҳарф туркий тилларда мавжуд бўлган турли фонемаларни ифодалайди», — дейилади расмий пресс-релизда.

Шу билан бирга, мутахассислар умумий алифбо яратиш орқали ҳар бир халқнинг лингвистик меросини алоҳида сақлашга ҳаракат қилганликларини алоҳида таъкидлаганлар. Алифбо 34 та ҳарфдан иборат. Одатий лотин А, В, C билан бир қаторда асл нусхалари ҳам бор – диакритик белгилар билан. Масалан, Ň ёки Ŭ.

Муҳим тафсилот: замонавий турк тили алифбоси 29 та ҳарфдан иборат, яъни бирлаштириш пайтида бу ерга яна бешта ҳарф қўшилади. Бинобарин, кенг кўламли ислоҳотни амалга ошириш учун Анқаранинг ўзи ўқув дастурларини ўзгартириш, ҳужжатлар, кўрсатгичлар ва бошқалар учун харажатлар кўринишида «қурбонликлар» қилишга тайёр. 1991 йилдан бери лотин алифбосига ўтган Озарбайжон ҳам бунга мослашади, зеро бу давлат алифбосида ҳозир 32 та белги мавжуд. Кирилл алифбосидан фойдаланаётган бошқа ТДТ давлатлари – Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон нима дейиш мумкин?

Бир йил аввал Эрдўғон умумий алифбонинг аҳамияти ҳақида гапирар экан, лойиҳа ТДТ аъзоларининг қийинчиликларга самарали қарши туриши учун бирлашиши зарурлигини таъкидлаган эди. Энди Бишкекдаги саммитда у ягона алифбо «келажакни биргаликда қураётганимиздан далолатдир» деди.

Навбатдаги уриниш....

Аммо, собиқ Иттифоқ республикалари «катта турк оға» таъсирида «келажакни қуриш»га қанчалар тайёр?

Эҳтимол, Қирғизистонга қийин бўлиши мумкин. Биринчидан, мамлакатда лотин алифбосига ўтиш ҳақида ҳали кўп ўйлангани йўқ. 36 ҳарфли алифбодан фойдаланилади, бу асосан рус тилининг бир варианти ва қирғиз тилига хос товушларни график жиҳатдан ифодаловчи учта белги бор. Иккинчидан, бу ерда давлат тилидан ташқари расмий тил ҳам мавжуд. Ушбу мақомга рус тили эга, унда аксарият ҳужжатлар такрорланади. Албатта, бу Россиянинг таъсирини кўрсатади, Кремл уни йўқотишни истамайди. Учинчидан, раҳбарият яқинда давлат байроғини янгилаб, қуёш нурларини тўғрилаб, бошқа косметик ўзгаришларни амалга оширди. Расмийлар рамзни ўзгартириш харажатларининг асосий қисми ҳомийлар томонидан қопланишини таъкидлаган бўлса-да, ғазнадан сарф қилишга тўғри келади. Ва кейин алифбони тубдан ислоҳ қилиш кутилмоқда — бюджет Туркия ташаббусини қўллаб-қувватлай олмаслиги мумкин.

Қозоғистонликлар бугунги кунда 42 ҳарфдан иборат кирилл ёзувидан фойдаланадилар. Айтганча, у 1940 йилдан бери ишлатилади. Аммо XXI асрдаёқ мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев лотин алифбосига ўтишга қарор қилди — сиёсатшунослар айтганидек, биринчи навбатда шимолий қўшниси Россияга қарамликни камайтириш учун. 2017 йили давлат раҳбари ҳатто алифбонинг 31 та белгидан иборат янги версиясини ҳам тасдиқлаган эди. Бироқ, радикал ислоҳот вақт талаб қилиши дарҳол таъкидланди — 2025 йилгача босқичма-босқич ўтиш режалаштирилди. Назарбоев ўрнига келган Қосим-Жўмарт Тўқаев бундан ҳам эҳтиёткор бўлиб, хатоликка йўл қўймаслик учун мутасаддиларни лотин алифбосига ўтишга шошилмасликка чақирди. Шундай қилиб, жараён яна олти йилга — 2031 йилгача орқага сурилди. Мана сенга Туркия ташаббуси. Қозоғистон бу масалага шошиладими? Қийин кўринади.

fuyuzat.az сайти фотосурати

Техник жиҳатдан анча олдин лотин алифбосини жорий этган ва ҳозирда иккита ёзиш вариантидан фойдаланаётган ягона туркий алифбони қабул қилиш Ўзбекистон учун бошқаларга қараганда осонроқ кўринади. Республиканинг биринчи раҳбари Ислом Каримов 1993 йили тегишли фармонни имзолаган эди. Асос сифатида туркча вариант олинганди. Аммо аста-секин расмийлар турклар билан тўқнаш кела бошлашди: жумладан, хорижий инвесторлар маҳаллий хавфсизлик кучлари ва юқорида қўллаб-қувватланган бошқа шахслар томонидан бизнес «рейдерлар томонидан эгаллаб олинганидан» шикоят қила бошлашди.

Вазият инглиз тили томон сурилган алифбода акс этди — унда «ч» ва «ш» товушларини билдирувчи «ch» ва «sh» ҳарф бирикмалари пайдо бўлди. Алифбода жами 29 та ҳарф, жумладан ҳарф бирикмалари ва қаттиқ белги сифатида апостроф мавжуд.

Лотин алифбосидан кўпроқ фойдаланишни талаб қилувчи фармонларга қарамай, у республикада ҳалигача илдиз отганича йўқ. Бундан ташқари, тажрибалар давом этмоқда. Шу тариқа, янги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев давридаёқ инглиз ҳарфлари турк алифбосига хос бўлган ҳарфларга алмаштиришга қарор қилинди. Масалан, «ч» ва «ш» график белгилари учун «ç» ва «ş» вариантларини қайтариш таклиф этилди.

Мазкур ислоҳот мана кўп йиллардан бери муҳокама қилиниб келинмоқда. Дарҳақиқат, мамлакат икки лагерга бўлинган: 35 ёшгача бўлган ёшлар лотин алифбосини афзал кўрадилар, кекса авлод вакиллари эса таниш бўлган кирилл алифбосидан воз кечишни хоҳламайдилар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ўзбекистон ўзининг лотин алифбосини ягона туркий андозага ҳеч қандай оғриқсиз ўзгартира олади, деб айтишимиз мумкин. Айниқса, ҳозиргидек қўш имлони сақлаб қолганда.

Утопиями ёки ҳақиқат?

Марказий Осиё бошқа алифбога биринчи марта ўтаётгани йўқ. Большевиклар Совет Иттифоқини қуришни бошлаган 1917 йил инқилобидан олдин минтақада араб алифбоси ишлатилган. 1920-йилларнинг ўрталарида барча туркий тиллар учун лотин алифбосидан фойдаланишга қарор қилинди. Улар 1930 йили янги тартибни жорий қила бошладилар, аммо ўн йил ўтгач, графикани ягона давлат учун бирлаштириш учун СССРнинг барча халқлари кирилл алифбосини ўзлаштира бошладилар.

Бу тебранишлар озми-кўпми оғриқсиз кечган, чунки ўша пайтда аҳолининг кўпчилиги саводсиз одамлар бўлган, яъни улар янги алифбони нолдан ўрганишган. Ҳозирда эса вазият мутлоқ бошқача. 30 йилдан ортиқ вақтдан бери лотин алифбосига ўтаётган, лекин кирилл алифбосидан воз кеча олмаётган Ўзбекистон мисолида ислоҳот қанчалик мураккаб жараён экани кўриниб турибди.

Мисол тариқасида мен дўстимнинг ҳаётидан мисол келтираман. 2007 йили иш юзасидан икки марта бутун Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилдим. Ўшанда деярли ҳамма жойда чекка ҳудудлар лотин алифбосига ўтганди (Ислом Каримов амалдорларга 2020 йилгача мамлакатни тўлиқ лотинлаштириш вазифасини қўйган). Шундай қилиб, менинг миллати рус, лекин инглиз тилида гаплаша оладиган дўстим парадоксга дуч келди. Унинг ҳайдовчиси, олий маълумотсиз 33 ёшли тошкентлик, белгилардаги ёзувларни ўқий олмасди, ҳатто ўзбек тили она тили бўлса-да, янги ҳарфларни билмасди.

Ражаб Тоййиб Эрдўғон. asia24.media сайти фотосурати

Агар ҳозирги умумий туркий алифбо минтақанинг деярли барча постсовет республикаларига татбиқ этилса, бундай тушунмовчиликлар кўпроқ бўлади. Бундан ташқари, харажатларни қўшинг, чунки дарсликларни, мактаб ўқув дастурини, бир хил йўл белгиларини, паспортларни ва бошқа ҳужжатларни қайта ёзишга тўғри келади.

Яна бир ҳолат, янги лотин алифбоси меҳнат муҳожирларига қандай таъсир қилиши мумкин? Ахир улар учун асосий йўналиш Россия ва бу борадаги вазият яқин йилларда ўзгариши даргумон. Марказий Осиёдан келган меҳмонлар, айниқса, ёшлар рус тилини билмасдан муаммоларга дуч келишмоқда. Айни пайтда, Москва ўз талабларини, жумладан, тил бўйича талабларини кучайтирмоқда: имтиҳондан ўтолмасанг, бу ердан туёғингни шиққиллат. Демак, узоқ муддатда лотин алифбосининг жорий этилиши кирилл алифбосида ўқиш ва ёзишни билмайдиган авлодларнинг пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Ва улар қандай қилиб Россия Федерациясида ишлашлари мумкин? Аммо биргина шу давлатнинг ўзида миллиондан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари бор. Албатта, меҳнат миграциясининг бошқа йўналишларини ҳам кўриб чиқиш мумкин, аммо, Марказий Осиё минтақасидан бундай миқдорда фуқароларни иш билан таъминлайдиган бошқа давлат йўқ.

Марказий Осиёда ягона алифбо ёки ҳатто тил ҳақида аввали ҳам гап борган. 2007 йили тарих фанлари доктори, профессор Гога Ҳидоятов «Фарғона»га ёзган шарҳида умумий туркий тил яратиш таклифини «пантуркистларнинг адашган ғоялари» деб атаган эди.

«Умумий туркий тил бўлиши мумкин эмас! Менимча, бу утопия. Озарбайжонларнинг ўзининг – Низомийси, бизнинг Навоийимиз бор, дейлик, Шинжоннинг ўз муаллифлари, ўз анъаналари бор, хўш, уларни қандай қилиб бирлаштира оласиз? Бу худди эртага, айтайлик, умумий славян тили яратишга ўхшайди», — дея хулоса қилганди Ҳидоятов.

Якунда ўтган ҳафта Бишкекда бўлиб ўтган Туркий Давлатлар Ташкилотининг саммитига қайтамиз. Томонлар имзолаган ҳужжатлар орасида ТДТ нинг катта туркий тил моделини ишлаб чиқиш бўйича ўзаро англашув меморандуми ҳам бор. Эҳтимол, айнан ушбу ҳужжатда ягона алифбо яратиш бўйича бандлар мавжуд бўлиши мумкин. Лекин баъзан ниятлардан реал ислоҳотларга қадар узоқ йўл босишга тўғри келади, айниқса, тил каби нозик масала ҳақида гап кетганда. Туркия етакчиси Эрдўғоннинг қардошларини мазкур ташаббусга кўндириши учун ҳали кўп ҳаракат қилишига тўғри келади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ