Машинани жойига қўй

Тошкентда автомобиль эгалари тураргоҳни суд ажримисиз бериб қўйишмоқчи эмас
№74 автотурагроҳ. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Тошкентда жамоат автотураргоҳларини бузишмоқда – қурувчилар уларнинг ўрнига кўпқаватли элита уйларни ҳамда кўпқаватли автотураргоҳларни қуриб беришга ваъда қилишмоқда. Бироқ пойтахтнинг Чилонзор туманида ваъдалар қуруқ гап бўлиб қоляпти, ҳеч қандай янги автотураргоҳлар пайдо бўлмаяпти, машиналар эса нафақат кўча бетида, балки кўпқаватли уйларнинг ҳовлиларида ҳам қўйила бошланди. “Фарғона” мухбири автомобиль эгаларининг нега фаол равишда қаршилик кўрсатишни бошлаганлари сабабини ўрганишга уриниб кўрди.

Тошкент шаҳар Чилонзор тумани 19-кварталда жойлашган ҳамда бузилиши эълон қилинган №74 автотураргоҳга биз 10 мюнь куни эрта тонгда етиб келдик. Рўпарамиздан 300 та автомобилга мўлжалланган атрофи девор билан ўралган ҳудуд чиқиб қолди.

Оммавий ахборот воситалари ушбу автомобиль эгалари қурилиш техникасини киритмаслик учун автотураргоҳ дарвозаси олдида кечаю-кундуз навбатчилик қилиб туришгани ҳақида ёзишган эди. Аслида бундай эмас экан. Автотураргоҳ қўриқланар экан, бу ерда қоровуллар смена бўлиб навбатчилик қилишар, дарвоза сурма зулфинга беркитилган, унда “бегона одамларнинг кириши тақиқлангани” ҳамда ичкарига фақат автомобиль ҳайдовчилари ўз транспорти билан киритилади” деб ёзилган экан. Яъни, тураргоҳга ҳатто йўловчиларнинг ҳам кириши мумкин эмас экан.

Ҳудудда қоровулдан ташқари 19-квартал турғунларининг яқинда ўтказилган йиғилишда биргаликда амалга ошириладиган ҳаракатлари муҳокама қилинган баённома остида имзо тўплаётган бир нечта боксларнинг эгалари туришган экан.

Вақти-вақти билан автотураргоҳга одамлар кириб туришар ва ўзларининг фамилияси қаршисига имзоларини қўйишар эди. Уларнинг айтишича, сўнгги вақтда шаҳарнинг бошқа туман ва кварталларида: “Буюк Ипак йўли” метро бекати (Мирзо Улуғбек туманидаги собиқ Максим Горький) ёнидаги, Ойбек метро станцияси (Миробод тумани), Юнусобод туманида ва Чилонзорнинг 24-кварталидаги автотураргоҳлар бузиб ташланган. Одамларнинг айтишича, ҳаммасида вазият деярли бир хилда шаклланган: келаётган қурувчилар бузиладиган автотураргоҳ ўрнига кўп қаватли автотураргоҳ ҳамда битта-иккита баланд уйлардан қуриб беришни ваъда қиляптилар, аммо кейин фақат элита уйларни барпо этишмоқда.

Гулхонадаги машиналар

Владимир Заяц. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

№74 автотураргоҳидаги бокс эгаси Владимир Заяц, бир нечта саволимизга жавоб беришга рози бўлди.

— Автотураргоҳ ҳудудини олиб қўйишмоқчи эканликларини қачон билдингиз?

— Ушбу автотураргоҳ 1983 йилда қурилганидан бери унинг ҳудудида гаражлар эмас, балки шаффоф бокслар бўлган. Унинг эгаларида мол-мулкка кадастр ҳужжатлари бўлган. Мен ўзимга қарашли боксни беш йил олдин сотиб олганман, у пайтда кадастр ҳужжатлари берилмай қўйилганди – янги эгалар автотураргоҳга 2013 йилда келган Avtomotohavaskor-Malibu қўриқлаш компанияси билан шартнома тузишар эди. Аммо 2018 йилда шу қўриқлаш компанияси туман ҳокимлиги билан бизнинг тураргоҳ турган ерни беш йилга ижарага олиш бўйича шартнома тузди. Яъни, ернинг вақтинчалик эгасига айланди.

Икки ҳафта олдин эса биз ҳокимият қарори билан BEARS SBD МЧЖ ернинг янги ижарачиси ва эгаси бўлиб қолган экан. Бу компания бизни бу ердан ҳайдаб, тураргоҳ ўрнида элита уйларини кўтармоқчи. Яқинда маълум бўлишича, аттиги икки ой олдин пайдо бўлган бу компаниянинг устав жамғармасида бор-йўғи 100 миллион сўм (10 минг АҚШ доллари) пули бор экан, холос. Бу пуллар ҳатто котлован ковлашга ҳам етмайди.

Аммо ҳозир биз бу бокслар учун эмас, яъни темир учун эмас, балки ўзимизнинг ҳуқуқларимиз учун курашяпмиз. Муаммо шундаки, бизнинг кварталда ва атрофимизда битта шу авторургоҳ қолди, холос. Яқин кунларгача ҳам нарироқда яна иккитаси бор эди, лекин уларнинг майдонларини бошқа қурувчи – AST LIDER МЧЖ эгаллаб олди. Улар боксларни ҳам бузиб ташлашга улгурдилар, кўп қаватли автотураргоҳлар қуриб беришга ваъда берганларига қарамай, уларда ҳатто бу тўғрисида кафолат хати ҳам бор, фақат турар жой биноларини барпо этишмоқда. Бизнинг ҳам бошимизга шунақа кўргиликларни солишларига шубҳа қилмайман ҳам. Хўш, энди айтингчи, биз машиналаримизни қаерга қўйишимиз керак? Уйлар ёнидаги тротуарлардами, болалар майдончаларидами ёки гулхоналардами? Бу майдоннинг ўзи етарли эмас, кварталда шахсий транспортлар тиқилиб кетган, тез ёрдам ёки ўт ўчириш машинаси ўтишига жуда оз жой қолган, бирор фалокат содир бўлишидан Худонинг ўзи асрасин! Оналар болалари билан қаерда сайр қиладилар? Қарияларчи?

Бундан ташқари, халқ бу ерда янги уйларнинг барпо этилишига қарши. Негаки, бизнинг кварталда турар жой биноларининг зичлиги анча юқори. Иккинчидан, иссиқлик буғхонамиз ҳам анча эскириб қолган, иситиш тизимида муаммоларимиз етарли, истеъмолчиларнинг кўпайишига на электр тармоғи, на водоканал ва на канализация бардош бера олади. Қурувчилар учун албатта бу ерда кўп қаватли уй кўтариш жуда ҳам қулай: ҳамма коммуникациялар мавжуд, уларга уланиб, янги хонадон эгаларидан пулларини йиғиштириб, кўздан ғоиб бўлсалар бўлди. Уйни топширадиларда, бир ойдан кейин нима бўлиши билан ишлари бўлмайди.

— Ҳамкасбларим яқинда шикоят мурожаатномани тайёрлаб қўйганларингиз ҳақида ёзишганди. Уни кимга ва қайси ташкилотларга юбордингизлар?

№74 автотураргоҳ. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

— Ҳа, мурожаатни жўнатиб бўлдик, унинг остида тўққизта уйда яшайдиган одамлар ўз имзоларини қўйдилар. Бу энг ками, агар ҳаракат қилганимизда кварталда яшайдиган аҳолининг ярмидан имзо тўплаган бўлардик, бу эса мингта одам дегани. Биз ушбу мурожаатимизни туман ва шаҳар ҳокимликларига, туман ва шаҳар прокуратураларига, Вазирлар маҳкамасига, президент девонхонасига ва омбудсменга юбордик. Пандемия туфайли мурожаат почта орқали жўнатилди, бўлмаса шахсан олиб кириб қўлига топширган бўлардик. Шунинг учун мурожаат неча кун давомида кўриб чиқилади, қачон жавоб олишимиз номаълум. Тез кунлар ичида биз судга даъво аризаси билан мурожаат қилишни режалаштириб турибмиз. Бироқ шикоят-мурожаатимизга юқорида номи тилга олинган еттита инстанциядан жавоб олмай туриб жавобгар борасида бир тўхтамга кела олмаймиз. Шунинг учун ҳам деярли тайёр бўлган даъво аризадан сизга тезислар келтиришдан ўзимни тийиб тураман.

Умуман олганда, бугунги кунга келиб туман раҳбариятидан, мен туман ҳокимлигини назарда тутдим, ҳеч ким бизнинг фойдамизга ҳеч қандай мойиллик билдирганича йўқ. Туман ходимлари, депутатлар ҳам – улар халқ хизматчилари саналади. Бу гапни президентимиз айтган. Барча давлат органлари биринчи навбатда халқ орасида бўлиши ва унга хизмат қилиши керак. Бизнинг Конституциямизда айтилганидек, давлат халқ иродасини қўллаб-қувватлаши керак, негаки давлат халқнинг ўзидир. Ҳозир бўлса амалда барча қонунларимиз, президентимиз гапираётган гаплар бир бўлса, унинг қўл остидагилар қилаётган ишлари бошқа бўляпти, уларни кўрса, YouTube ҳам йиғлаб юборади. Бу ерда шундай роликларни тасвирга олиш мумкинки!..

«Кимлигидан қатъий назар, тақиқлаб қўйилсин!»

19-квартал аҳолиси петиция остига имзо қўйишмоқда. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Шу атрофдаги уйларда истиқомат қилаётган одамлар ва автомобиллар эгалари имзолаган ва еттита инстанцияга жўнатилган мурожаатда, хусусан, қуйидагилар ҳақида сўз юритилади. Автомобиль ва бокслар эгалари билан шартнома тузган Avtomotohavaskor-Malibu бир томонлама тартибда битимни бекор қилиш ҳуқуқига эга эмас эди.

“AVTOMOTOHAVASKOR-MALIBU билан тузилган шартноманинг 3.3 бандига мувофиқ, шартномани бир томонлама тартибда фақат ижара ҳақи учун қарздорлик бир ойдан кўп муддат вақт давомида тўланмай қолган ҳолатда бекор қилиниши мумкин. Шартномани бекор қилиш учун бошқа асослар кўрсатилмаган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 382-моддасига мувофиқ, “агар ушбу Кодексда, бошқа қонунларда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартнома тарафларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин.

Тарафлардан бирининг талаби билан шартнома суд томонидан фақат қуйидаги ҳолларда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин: 1) иккинчи тараф шартномани жиддий равишда бузса; 2) ушбу Кодекс, бошқа қонунлар ва шартномада назарда тутилган ўзга ҳолларда”. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 384-моддасига мувофиқ, “шартнома қандай шаклда тузилган бўлса, уни ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги келишув ҳам шундай шаклда тузилади, башарти қонун ҳужжатларидан, шартнома ёки иш муомаласи одатларидан бошқача тартиб келиб чиқмаса.

Бир тараф шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги таклифга иккинчи тарафдан рад жавоби олганидан кейингина ёки таклифда кўрсатилган ёхуд қонунда ёинки шартномада белгиланган муддатда, бундай муддат бўлмаганида эса — ўттиз кунлик муддатда жавоб олмаганидан кейин, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги талабни судга тақдим этиши мумкин”. Шундай қилиб, AVTOMOTOHAVASKOR-MALIBU МЧЖ шартномаларни бир томонлама бекор қилишга ҳақи йўқ, бўлиб чиқяпти”.

Мурожаатда автотураргоҳ ёпилиши ортидан юзага келиши мумкин бўлган муаммолар ҳақида гапирилади.

“Бу ердаги автотураргоҳнинг бузилиши ва кўп қаватли баланд уйларнинг қурилиши ортидан деярли 300 та автомобиль уй олдидаги ҳовлиларни тўлдириб, йўлларни тўсиб қўйиши, авария ҳолатларини келтириб чиқариши ва бунинг натижасида бу ерда истиқомат қилаётган одамлар ва шу жумладан, ёш болалар жабрланиши мумкин”.

Мурожаатга имзо чеккан одамлар “ким бўлишидан қатъий назар автотураргоҳ №74 ни ноқонуний бузиш ва унинг ўрнида кўп қаватли биноларни қурилиши тақиқлаб қўйилсин”, деб сўрамоқдалар.

Ҳар сафар ўша-ўша, битта ваъда

№74 автотураргоҳ. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Автотураргоҳни бузиш ҳақида ким гапирса ҳам, албатта унинг ўрнида янги автотураргоҳ қурилиши ҳақида билдиради. Бироқ бу ваъдаларнинг ҳаммаси ҳозирча қуруқ гап бўлиб қолмоқда.

Мисол учун, бир неча кун олдин №74 автотураргоҳ ёнида кварталда истиқомат қилаётган одамларнинг Чилонзор туман ҳокимлиги қурилиш бўлимининг вакили Фахриддин Ибрагимов билан стихияли учрашуви бўлиб ўтди (у автотураргоҳни бузиш учун келаётган бульдозерни кузатиб келаётган экан). Ҳокимият вакили ўз идорасининг позициясини қисқача баён қилди:

“Автотураргоҳ ҳудуди – хусусий мулк эмас, автомобиль эгаларининг машиналарини қўйиш учун жойларга эгалик қилиш ҳуқуқи йўқ. Боз устига, автотураргоҳни бузиш учун туман ҳокимлигининг рухсатномаси бор. Бу ерда уйлар қурилганида, биз қўшимча равишда тураргоҳ барпо этамиз ва сизларга имтиёзли шартлар билан ундаги жойлардан тақдим этамиз”.

Шу билан бирга, Фахриддин Ибрагимов ўша асосий ҳужжат – туман ҳокимлигининг “рухсатномаси”ни одамларга кўрсата олгани йўқ.

Автомобиль эгалари бундай ваъдаларга ишонмай қўйдилар. Чунки улар сўнгги икки йил давомида Чилонзордаги иккита автотураргоҳнинг бузилиши тарихини жуда яхши биладилар.

AST LIDER МЧЖ қурувчи компанияси 2018 йил февралида автотураргоҳ жойлашган жойни ўз тасарруфига олди. Автотураргоҳ бузиладиган бўлди ва компания автомобиль эгаларига қуйидалар ваъда қилинган “кафолат хатларини” тарқатди:

“AST LIDER МЧЖ гаражлари, бокслари ва бостирмалари бузиладиган барча автомобиль эгаларига қурилиш якунига етганидан сўнг биринчи навбатда автомобиль эгаларининг рўйхатига мос равишда янги кўп қаватли автотураргоҳдаги жойларни тақдим этишга кафолат берамиз. Кўп қаватли автотураргоҳ қурилишини 2018 йилнинг охиригача тугатишни кафолат берамиз”. Кафолат хати остига директор У.Х. Аҳмеджанов имзо чеккан эди.

2019 йил май ойи ўрталарида квартал аҳолиси энди бошқа автотураргоҳнинг бузилиши тўғрисидаги туман ҳокими Сарвар Махаметов имзолаган хатни олдилар. “Барча индивидуал гаражлар вақтинча иншоот саналади ҳамда индивидуал гаражлар учун вақтинча жойни эгаллаш тўғрисидаги шартномага мувофиқ, Чилонзор тумани ҳокимлигининг биринчи талаби биланоқ бузилиши керак бўлади”. Ҳокимнинг хатида автомобилларга тураргоҳлик қиладиган янги кўп ярусли иншоот қурилиши ҳақида ҳеч қанақа гап йўқ эди.

Энди бўлса навбат №74 тураргоҳига етиб келди. Ва яна, унинг бузилиши ҳақида билдираётганлар унинг ўрнида янги автотураргоҳ қурилиши ҳақида гапиришмоқда.

Лекин бузилган иккита автотураргоҳ ўрнида ҳозирги кунда саккизта кўп қаватли уйлар қурилиши деярли якунига етай деб қолди ва бу ерда кўп ярусли автотураргоҳлар лойиҳага ҳам киритилмаган. “Фарғона” мухбири “AST LIDER МЧЖ директори У.Х. Аҳмеджановга қўнғироқ қилди, бироқ у ўзининг олдин ёзиб берган кафолат хатини шарҳлаб беришдан бош тортди ва ҳатто нега янги тураргоҳлар қуриб берилмагани ҳақида гапиришни истамади ҳам.

Биз автомобиль эгалари билан гаплашган BEARS SBD МЧЖ қурилиш компанияси вакиллари билан ҳам алоқа боғлашга уриниб кўрдик. Бироқ маҳаллий аҳолига ўзларини Баҳром ва Улуғбек деб таништирган ходимларнинг иккови ҳам ўзларининг фамилиялари ва эгаллаб турган лавозимини айтишдан бош тортдилар. Сўзлашаётганда яна ўша ҳокимиятга ишора қилавердилар: ҳа энди ҳокимият вакили кўп ярусли стоянка қуриб берамиз, деб ваъда қилганидан кейин, шунақа бўладида...

Автотураргоҳ атрофидаги уйларда истиқомат қиладиган одамлар орасида ушбу бузилишларнинг ортида тошкентнинг Murad Buildings ва Golden House каби гигант қурувчи компаниялари турган деган гаплар тинмаяпти. Ушбу компаниялар бузилган эски уйлар ўрнида янги кўп қаватли уйларни қуриш ишлари билан халқ орасида танилиб кетган.

“Фарғона” учун ушбу маълумотни расмий манбалардан тасдиқлатиб олишнинг иложи бўлмади.

Гаражлар бузилди, автотураргоҳлар ҳам. Машиналарни энди қаерга қўямиз?

Тошкентда 2013 йилда пойтахтнинг собиқ ҳокими Раҳмонбек Усмановнинг қарори билан металл ва ғиштдан қурилган гаражлар ёппасига бузила бошланди. Бироқ бир йил ўтиб ҳоким ўз қарорини бекор қилишга мажбур бўлди, негаки гараж эгаларининг оммавий норозиликлари боис шаҳар прокуратураси бузилиш ишлари устидан протест киритди. Бироқ бу вақтга келиб Тошкентда деярли 40 мингта индивидуал гаражлар бузилиб бўлганди.

Ўша Усмоновнинг ўзи 2017 йилда 2017 йил июнь ойида гипермаркетлар ва кўнгиочарлик-савдо мажмуалари олдида кўп ярусли тижорат автотураргоҳларн қурилиши маъқулланган янги қарорини чиқарди. Индивидуал гаражларни бузиш бўйича янги ташаббус шаҳар ички ишлар бошқармасининг таклифи ҳамда “Обод маҳалла” дастурининг бажарилиши билан асосланди. Натижада, 2018 йил давомида шаҳарнинг марказий туманларида яна бир неча мингта гаражлар бузиб ташланди. 2019 йилда эса шаҳар четдаги ётоқ дея аталувчи даҳалардаги деярли барча гаражлар бузилди. Ҳозирги кунда Тошкентда бунақа гаражлар деярли қолмади.

Сид Янишев

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ