“Фарғона” Андрей Кудряшовнинг Ўзбекистондаги муқаддас қадамжоларга ҳамда зиёрат анъаналарига бағишланган тарихий очерклар туркумини чоп этишда давом этади. Бугунги материалимизда Яссавия тариқатининг асосчиси Аҳмад Яссавий ва унинг руҳоний издоши, буюк шайх Зангиота ҳақида ҳикоя қилинади.
Ўзаро низолар, қирғинлар ва ноҳақ солиқлар
Ўзбекистонда бугунги кунда энг машҳур ўрта аср валий шайхларидан бири, Зангиота номи билан танилган шайх Ойхўжа ибн Тожхўжа ибн Мансур мақбараси Тошкент четидан шимоли-ғарбга қараб ўн беш километр масофада, Зангиота дея аталувчи посёлкада жойлашган. Салар дарёси қирғоғига яқин жойда археологлар насроний эрасидан аввалги II асрга дохил қадимий шаҳарни топганлар. Ҳойнаҳой, бу яқин атрофда жойлашган энг қадимги аҳоли истиқомат қилган жой бўлиб, уни замонавий Тошкентнинг аждоди дея ҳисоблаш мумкин. Аммо Зангиота яшаган замонларда шаҳар бу ерлардан анча олисда жойлашган эди.
Зангиотага сиғиниш анъанаси ўзида эски халқ эътиқодларининг (бироқ ўтроқ деҳқонлар эмас, балки кўчманчи чорвадорларга тегишли) кўплаб характерли ҳислатларини сақлаб қолган. У XIII аср охирида шаклланиб бўлди. Бу тарихий жиҳатдан осон бўлмаган давр эди. Мўғулларнинг қирғинбаротли юришларидан сўнг Марказий Осиёда бошбошдоқлик ва қонли ўзаро низолар ҳукм сурар, ҳукмдорлар йил фаслларидан ҳам кўра кўпроқ алмашар, вайрон бўлган шаҳар ва қишлоқлар ичра итлар ва шоқоллар галалари изғиб юрар, ташландиқ карвон йўлларида эса турли қабила ва элатларнинг қароқчилик тўдалари ўзбошимчалик қилишарди. Шаҳар ҳунармандлари ва тижоратчилари учун бу шавқатсиз қирғинлар ва тўхтовсиз солиқлар ҳамда хонавайрон бўлиш даври бўлиб қолди. Бироқ вайрон бўлган шаҳарлар атрофида деҳқонлар ерни қайта ишлаш ва чорвасини ўтлатишда давом этишарди.
Ривоятларга кўра, авлиё Зангиота бутун умри давомида чўпонлик қилган эканлар. У жамоатчилик подаларини ўтлатиб юрар, ёзда подани Ғарбий Тянь-Шань тоғларидаги серўт яйловларга ҳайдаб борар, қишга яқин эса Сирдарё, Чирчиқ ва Салар дарёларининг соҳилларидаги қамишзорларга қайтар эди. Айтиш жоиз, ўша пайтларда чўпонлик масъулиятли ва шарафли касб саналган бўлиб, бундай одамлар ўз элатдошлари орасида катта обрўга эга эдилар. Зангиота ҳаётий заковатидан ўз ўрнида фойдаланиши, силаи-раҳм ва хайрли ишлари билан ўз обрўсини кўтариб борар эди. У нафақат элатдошларининг асосий мулки бўлган чорваси – қўй ва сигирлар подаси сонини муваффақият ила кўпайтирибгина қолмай, балки жамоатнинг руҳоний раҳбари ҳисобланар эди. У ўзаро жанжалларни ҳал қилар, кўнгилларни тинчитар, иймон-эътиқодга даъват қилар, беморларни даволар ва ҳатто кароматлар кўрсатар эди. Пировардида, уни ўша пайтларда, умуман олганда инсон ҳаётининг мўминлик рамзи сифатида кўрилаётган чорвадорликка ҳомийлик қилувчи авлиё дея халқ томонидан тан олиниши кишини ҳайратда қолдирмайди.
Этнографларниг қайд этишича, чўпонларнинг пири сифатида Зангиотага сиғиниш удуми Марказий Осиёнинг кўплаб вилоятларида, шу жумладан, Хоразмда ҳам тарқаган. Унинг сигирлар ҳомийси Санги бобони эъзозлаш каби бошқа кўринишлари бугунги кунда Ғарбий Сибирдаги туркий халқларда ҳам учраб туради. Сўфийлар ривоятларида Зангиота балоғат ёшида дарвишлик қилиб узоқ ўлкаларга сафар қилганини, Олтойдан Волгабўйигача бўлган ҳудудларда минглаб одамларга Исломни даъват қилиб, мусулмон қилганлари ҳақида ҳикоя қилинади.
Тарихий нуқтаи назардан олиб қараганда, авлиёларни эъзозлаш жоҳилия давридан қолган чорвачиликка ҳомийлик қилувчи илоҳаларга сиғиниш амалиёти билан аралашиб кетган бўлиши эҳтимоли мавжуд.
Ислом фатҳи бошланишидан аввал VIII асргача Шош ҳудудида ҳукмронлик қилган зардўштийлик ибодатхонасида ўзига хос Гэуш-Урван ёки Буқа Руҳи илоҳасига эътиқод қилиш амалиёти мавжуд эди. Анъанага кўра, уйдаги чорва ҳайвонини сўйишга рухсат олиш учун айнан шу илоҳага мурожаат қилинар эди.
.
Табиийки, кўчманчи туркий элатлар орасида чорвадорларга хос бўлган диний эътиқодлар кенг тарқалган эди. Қорахонийлар Х аср охирида Еттисувдан Шошга келганларида, фидоий авлиё Абу Бакр Қаффол аш-Шоший уларнинг кўпини Исломга даъват қилиб, мусулмон бўлишларига сабабчи бўлганлар. Биринчи навбатда булар кўчманчи элатларнинг оқсоқоллари ва зодагонларига тааллуқли эди. Бироқ қарлуқ, чигил ва яғма каби кўчманчи элатларнинг кўплаб оддий одамлари эски шомонлик анъаналарига риоя қилишар ва ўз илоҳаларини қадрлашар эди. Зангиотага сиғиниш анъанаси Олтой тоғ тизмаларидан Тошкент шаҳар деворлари остига олиб келинган эски халқ эътиқодларидаги хусусият ва ҳислатлари билан эшилиб кетган дея тахмин қилиш мумкин.
Шунга қарамай, Зангиота ўзининг таржимаи ҳолига эга ҳақиқий тарихий шахс саналади. Унинг таржимаи ҳоли шажараларда, мисол учун, туркий кўчманчиларининг Мулла Мусо Сайрамий қаламига мансуб “Тарихи аминийа” рисоласи каби ёзма манбаларида акс эттирилган. Бундан ташқари, тасаввуф анъаналарида Зангиота буюк мутасаввиф Аҳмад Яссавийнинг издошларини бирлаштирувчи Яссавия тариқатининг бешинчи шайхи сифатида қайд этилган. Шажарада Зангиотанинг аждодлари Яассавийнинг руҳоний устози Арслонбобонинг ўзига бориб тақалади. Афсоналарда Арслонбобо афсонавий даражада узоқ умр кўрган шахс бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари билан юзлашган, дея таъкидланади.
Ибодат қилаётган чақалоқ
Халқ ривоятларида таъкидланишича, Ойхўжа дунёга келиши билан чақалоқни улуғ устоз Аҳмад Яссавийни (1103-1166 й.й.) хайрли дуосини олиш учун зудлик билан ҳозирги кунда Жанубий Қозоғистон вилоятидаги Туркистон дея аталаётган Ясси шаҳрига олиб бордилар.
Ривоятда айтилишича, ажойиб чақалоқ авлиё Аҳмад Яссавийнинг оёғи остида дуо қилган. Бу ҳолатни кўриб устоз ийиб кетган ва авлодлар бу чақалоқнинг мақбарасини Яссавийга эҳтиром кўрсатилишидан аввалроқ барпо этажакларини башорат қилади. Ушбу афсонавий эпизод асосида мутлақо реал воқеалар турган бўлиши мумкин, негаки туғилган санаси аниқ қайд этилмаган Ойхўжанинг болалиги айнан Аҳмад Яссавий ҳаётининг сўнгги йилларига тўғри келган бўлиши мумкин. Ҳар ҳолда, Ойхўжа ёшлигида тасаввуф сирларини валий Аҳмаддан эмас, Яссавия тариқатининг шайхи бўлган ўз отаси Тожхўжадан ўргангани ҳақиқатга яқинроқ. Кейинчалик, ривоятга кўра, Ойхўжа бир неча устоздан таҳсил олган, Зангиота шогирдлари эса сон-саноқсиз бўлган.
Тасаввуф анъанаси Зангиота ўзининг закри – Занги зикри ёки чўпон зикри деб аталадиган ўз руҳоний амалиётини кашф этганини таъкидлайди.
Зикр – Парвардигор исм ва сифатларини ёдлашнинг махсус усуллари мусулмон мутасаввифларининг маҳфий асрори бўлган. Бироқ айнан ўрта асрларда тасаввуфнинг турли мактаблари издошлари ичида зикрнинг қандай бўлиши кераклиги ва уни қандай бажариш лозимлиги борасида “ғоявий” ихтилофлар келиб чиққан.
Бу каби ихтилофлар, кенгроқ маънода олиб қараладиган бўлса, ҳам руҳоний изланиш йўлларининг ўзига ҳам бу йўлга кирганларнинг тўғри турмуш тарзига нисбатан турлича кўзқарашларни акс эттирган.
Форсийзабон шаҳар муҳитида туғилиб улғайган Нақшбандия тариқати издошлари зикрнинг маҳфий кўринишини – яъни Аллоҳ исмини хаёлан айтиб, қалбда муҳрлаш услубидан фойдаланишарди. Бу йўналишдаги зикр мактабига кирувчи болалар 7-8 ёшдан бошлаб устознинг қатъий назорати остида жалб қилинарди. Қайд этиш жоиз, тариқатнинг асосчиси шайх Баҳоуддин Нақшбанд зикрнинг бошқа услубларини қоралашдан ўзини тийиб келганлар. Мисол учун, у киши зикр жаҳрия ҳақида қуйидаги гапларни айтганлар: “Биз бундай қилмаймиз, аммо қилаётганларни қораламаймиз”.
Бироқ Зангиотадан сўнг 200 йил ўтиб яшаган нуфузли шайх Убайдуллоҳ Хўжа Аҳрор зикр фақат ҳуфия ва мутлақо ёлғиз ҳолатда бўлиши керак деб таъкидлагандилар. Шу билан бирга, тасаввуф йўлига кирганларнинг ҳаёти намойишкорона зоҳидлик, таркидунёчилик ва дарвишона дарбадарликдан йироқ бўлиши лозим. Аллоҳни кундалик ишларда – ҳунармандчилик ва рўзғор юритиш, жамоатчилик фаолияти ва маърифат тарқатиш ишларида излаш керак. Бу каби кўзқарашлар кўп жиҳатдан Хўжа Аҳрор яшаган даврнинг умумий кайфиятини акс эттиради. Темур империяси ва унинг ворисларига қарашли давлатларнинг нотинч ғалаёнларга нуқта қўйган даври эди бу.
Ҳолбуки, кўчманчи туркий элатлар ҳамда ярим ўтроқ деҳқонларга тасаввуфни тарғиб қилган Аҳмад Яссавий ва Зангиота даврида ижтимоий муҳит бошқача эди. Аҳмад Яссавий кўп йиллар давомида умрини ерости ҳужрасида ўтказиб, ташқарига ўзининг ҳикматларини чиқариб турди. Унинг издошлари, шу жумладан, Зангиота эл-юртга устозлик қилиб келган бўлсалар ҳам, кўп ҳолларда дарвишона ҳаёт кечиришар ва зикрнинг жаҳрий услубини қўллашар эдилар.
Яссавия тариқатида исми Қуръонда келган пайғамбар Закариёнинг чеккан азобларини эслатувчи арра зикри услуби қўлланилган. Пайғамбар Закариё душманларидан қочиб дарахтнинг ковагида яширинган пайтда унинг танаси дарахт билан бирга арра билан бўлиб ташланган. Арранинг товушига ва қийноққа солинган жафокашнинг инграшига ўхшаш ушбу баланд овозда бажариладиган зикр ташқи кўринишдан шомонлик қоқуруқ-соқуруқларига ўхшаб кетади. Бундан ташқари, йилнинг энг совуқ қиш чилласида Яссавия тариқатининг аъзолари соатлаб жўровозда Қуръон оятларини тиловат қиладилар ва Хўжа Аҳмаднинг ҳикматларини ўқийдилар ва тадбир ниҳоясида ҳамма транс ҳолатига тушиб қоладилар. Кўп ҳолатларда бунақанги зикр тушишлар шиддатли ритмик рақслар билан амалга оширилади.
Ривоятларга кўра, чўпон зикри Зангиотага ваҳий каби нозил бўлган. Бу ҳодиса валий подасини тоғдаги яйловдан ҳайдаб келаётган пайтда, қўлларини елкасидаги асога осилтирган ҳолда, қияликдан ҳиргойи қила туриб сакраб-сакраб келаётганида содир бўлган экан.
Жаҳрий зикрлар ХХ асрда йўқолиб кетди, деган фикр бор, СССР даврида суфийлик амалиётлари расмийлар томонидан тақиқланиб, таъқиб остига олинган эди. Бироқ Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти этнология бўлимининг доктор Адҳам Аширов раҳбарлиги остидаги ходимлар 2003-2005 йиллардаги экспедициялари давомида Фарғона водийсининг тоғли ҳудудларида, Бойсунда, Ўзбекистоннинг энг жанубий қисмида ва Жанубий Қозоғистонда закри жаҳрийнинг барча кўринишларини, шу жумладан, зикри Зангийни қайд этишга эришдилар.
Башоратлар амалга ошмоқда
Зангиота исмининг маъноси қоратанли отани англатади. Афтидан, бу исм кунларини очиқ осмон остида ўтказадиган валий чўпоннинг юзи ва танасини қуёш нечоғлиқ саҳийлик билан куйдирганидан дарак берса керак. Лекин маҳаллий шеваларда “занги” сўзининг нарвон деган маъноси ҳам бўлиб, бу исмга қўшимча рамзий маъно бера бошлайди. Бундан ташқари, авлиёнинг исми шажарага қараб талқин қилинадиган бўлса, унинг аждодлари араб зодагонларига яқинлигини ва эҳтимол, келиб чиқишини Яман диёрига бориб тақалишини англатиши мумкин (Ўша пайтларда тананинг қора ранги арабларнинг ўзига хос хусусиятларидан бири саналган).
Ривоятларга кўра, Зангиота узоқ умр кўрган ва 1258 йилда вафот этган. Унинг вафотидан бир аср кейин у туғилганида қилинган башорат катта воқеалар муҳитида амалга оша бошлайди.
Самарқанд, Шаҳрисабз ва Туркистонда сақланиб қолган ўрта аср меъморий ёдгорликлари билан таниш бўлган кишиларнинг ҳар бири Зангиота мақбарасини кўрган заҳоти Амир Темур ва темурийлар даври обидалари услубини пайқай олади. Сирланган сополчалардан тизилган нақшлар билан безалган баланд равоқ ва каттакон юмалоқ гумбазлар кишида замонавий Ўзбекистоннинг бутун дунёга машҳур диққатга сазовор обидаларини кўрганда пайдо бўладиган таниш ҳисларни уйғотади. Ҳақиқатан ҳам Зангиота ёдгорлик мажмуаси Темурнинг шахсан буйруғига кўра унинг тириклик чоғидаёқ қурила бошланган.
Соҳибқирон Темур 1397 йилда Маворауннаҳрдаги ҳокимият учун курашда ўзининг асосий рақиблари бўлмиш Мўғулистоннинг чиғатой ҳукмдорлари устидан қатор ғалабаларни қўлга киритгач, ўша пайтда барча туркий халқларнинг авлиёси ҳисобланган Аҳмад Яссавийнинг Яссидаги қабрини зиёрат этишга боради. Валийнинг шон-шуҳратини ўз империяси обрўсига эш қилмоқ учун Темур Яссида Аҳмад Яссавий қабри устида мақбара ва жаҳонгашта дарвишлар ҳамда зиёратчилар учун меҳмонхона – хонақо барпо қилишни амр этади.
Тошкент яқинидаги Зангиота мақбараси қурилишининг бошланиши ҳам тарихнинг худди шу йилларига тўғри келади. Шундай қилиб, Хўжа Аҳмад Яссавийнинг Зангиотага аталган мақбара шайх Яссавийнинг ўзига аталган мақбарадан олдинроқ қурилиб битиши тўғрисидаги башоратлари айнан ўша пайтда амалга оша бошлади, дейиш мумкин.
Зангиота посёлкасида бўлганимизда биз битта афсонани ёзиб олишга эришдик. Эмишки, Яссидаги мақбара пойдевори ва деворларини қура бошлаган пайтларида ҳар оқшом қаердандир қурувчиларга ташланадиган ва улар томонидан кун бўйи қурилган барча нарсани бузиб кетадиган даҳшатли буқа пайдо бўлган. Бу ҳужум ҳақида Амир Темурга етказганлар ва у донишманд одамлар билан кенгашгач, улардан валий Аҳмад Яссавий бир маҳаллар Ойхўжанинг отасига айтган сўзларни эшитган. Шунда ҳукмдор кароматнинг юзага чиқиши учун амр берган ва ҳар иккала мақбара бир вақтнинг ўзида қурила бошлаган. Табиийки, кичикроқ мозор, яъни Тошкент четидаги Зангиота мақбарасининг қурилиши тезроқ битган.
Буқа тўғрисидаги ривоят Зангиотага чорвадорларнинг ҳомийси сифатида сиғиниш аҳамиятини тасдиқлайди. Соҳибқирон Амир Темурнинг авлиёларга мақбаралар барпо этиш тўғрисидаги қарори борасида сўз юритиладиган бўлса, бунинг сабаби сиёсатга бориб тақалади.
Амир Темур Тошкентга бир неча бор ташриф буюрган, 1365 йилда эса унинг деворлари олдида Чирчиқ дарёси водийсида “лой жанги”да чиғатой қўшинларидан мағлуб бўлган эди. Пировардида, ғанимлари устидан зафар қозонган айёр ҳукмдор Яссига зиёратга бориш олдидан маҳаллий киборларни ўзига мойил қилиш учун Мўғулистон ҳукмдорларидан бирининг қизига уйланади. Ҳойнаҳой, эътиборли маҳаллий авлиё мақбараларнинг барпо қилиниши ҳам Хитойга юриш олдидан ишончли қароргоҳга айланиши керак бўлган ўлка аҳолиси муҳаббатини ва эътиборини қозониш учун кўзланган ўша сиёсий мақсад учун хизмат қилган бўлса керак. Ҳар ҳолда, унга маҳаллий аҳолининг урф-одатларию, ишонч-эътиқоди яхши маълум бўлган соҳибқирон Мўғулистон ва Хитойга катта ҳарбий юришни режалаштираётган эди. Унинг армияси ортида норози ёки ундан баттари, исёнкор кайфиятидаги фуқароларнинг бўлишига йўл қўйиб бўлмасди.
1405 йилнинг кеч кузида Темур Мавароуннаҳрнинг улкан қўшини Самарқанддан шимолий даштлар томон йўл солди. Бироқ қишнинг ўта қаҳратон келиши туфайли юришнинг деярли аввали бошидан тўхтатиб қўйишга мажбур бўлди. Қўшинларнинг каттагина қисми қишлагани Тошкентга қайтиб кетди. 70 ёшли соҳибқироннинг ўзи эса қишни даштда, сафар ўтовида ўтказишга қарор қилди, бироқ қўққисдан оғир касалликка чалиниб, вафот этди. Ўша пайтга келиб Аҳмад Яссавийнинг мақбарисини барпо этиш ишлари деярли ниҳоясига етиб қолганди. Зангиота мақбарасининг равғин қурилиши эса Темурнинг набираси, Самарқанд ҳукмдори Муҳаммад Тарағай ибн Шоҳруҳ Мирзо Улуғбек (1394-1449) даврида қуриб битирилди. У ҳам бобоси каби Тошкент ҳукмдорлари билан сиёсий келишув йўлларини излаётганди. Мақбара ва униннг атрофидаги ҳудудларининг қурилиши ва безатилиши деярли олти аср давом этди. Зангиота посёлкасидаги ёдгорлик мажмуасининг сўнгги объекти – унчалик катта бўлмаган миноранинг қурилиши ХХ асрда амалга оширилди. XXI асрда эса бутун мажмуа мустақил Ўзбекистон раҳбариятининг қарорига биноан тубдан реставрация ва реконструкция қилинди.
Авлиёнинг жуфти ҳалолими ёки илоҳа?
Зангиота мақбараси ёнида, ҳамон фаолият юритаётган мусулмонлар қабристони ўртасида яна битта зиёратгоҳ – Зангиотанинг жуфти-ҳалоли, муқаддас Анбар Биби дахмаси жойлашган. Ҳозирги кунгача бу ерга кўплаб аёллар унинг ҳимояси ва ҳомийлигини сўраб келадилар. Ривоятда ҳикоя қилинишича (ушбу ҳолатда содир бўлган воқеани ҳақиқийсидан ажратиб бўлмайди) Зангиотанинг устозлари орасида ватанида авлиё Ҳакимота деб аталувчи хоразмлик шайх ва шоир Сулаймон Бақирғоний бор эди. У ҳам Аҳмад Яссавийнинг издошларидан бўлган, бироқ Зангиота учун нафақат устоз, балки суюкли дўст ҳам бўлган. Бақирғоний вафот этганида, Зангиота унинг беваси Анбарбибига уйланди. Бу аёл дунёвий ва ухровий ишларида Зангиотанинг садоқатли сафдоши бўлиб қолди. Анбарбибининг дахмасида, шунингдек, унинг қайнонаси – Сулаймон Бақирғонийнинг оналари, мўътабар Улуғ Пошшо дафн этилган. Ривоятга кўра, аёлларнинг муаммоларини ҳал қилишда Зангиотага Анбарбиби ва Улуғ Пошшо ёрдам бериб келган. Ривоятда айтилишича, авлиё Зангиота барча зиёратчиларга Анбарбиби ва Улуғ Пошшонинг қабрларини ҳам албатта зиёрат қилишни васият қилиб кетган эканлар.
Бизнинг кунларда ҳар жума ва дам олиш кунлари Зангиотага зиёратга Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятидан ҳамда Марказий Осиёнинг бошқа вилоятларидан юзлаб одамлар оқиб келади. Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбида, Хоразм вилоятида ривоятлар янада архаик характерга эга Анбарбиби билан боғлиқ афсоналар ва эътиқодлар янада ғаройиб кўринади. Анбарбибини у ерда Анбар Она деб атайдилар ва кўҳна сув ва ҳосилдорлик илоҳаси Анахита билан аралаштириб юборишади. Совет этнографи Глеб Снесаревнинг гувоҳлик беришича, Хоразмда Амударёдан қайиқда кечиб ўтаётган пайтда Анбар Онага туз ва нон назр қилинади. Унинг ўғилларидан бири Ҳубби бу ерда сув ости оқимларининг ҳомийси, гирдобларни ва сув тошқинларини тинчитувчи ва балиқчиларни қутқарувчиси саналади.
Яқин кунларгача Тошкент вилоятидаги Зангиота мақбараси Темурийларнинг Самарқанд ёки Шаҳрисабздаги машҳур мақбараларидан ҳам ғайриодатий, ажабтовурроқ кўринишга эга бўлган. Замонавий уч миллионлик мегаполисга бевосита яқин ерда, бироқ амалда қишлоқ жойда ўрнашган ёдгорлик ташқи орасталикдан ҳоли бўлиб чиқди. Бу ердаги ибодатхоналар ва қишлоқ қабристони туристлар меҳмонхоналарига ва серҳаракат автомобиль йўлларига ёндашмаган, балки оддий бир қаватли қишлоқ уйлари ва ҳайдалган дала майдонлари билан қўшничилик қилган. Бу далаларда одамлар ҳозир ҳам Зангиота давридаги каби зироатчилик ва чорвачилик билан шуғулланиб келишади. 2015 йилда Ўзбекистон ҳукуматининг қарори билан Зангиота посёлкасидаги ёдгорлик мажмуаси тубдан реконструкция ва реставрация қилинди. Меъморчилик ансаблнинг асосий бинолари XV-XVII асрлар услубида декор қилинди. ХХ аср бошларида қурилган баъзи иморатлар ҳамда кичкина минора таг-туги билан бузиб ташланди. Реконструкция давомида гумбазлар алмашди, янги, сейсмик жиҳатдан бардошли материаллардан анча баландроқ минора қурилди, парк ҳудуди ободонлаштирилди, декоратив ҳиёбонлар, майсазорлар, фавворалар ва айвончалар барпо этилди.
Расмийларга кўра, олиб борилган кенг кўламли ишлар натижасида ёдгорлик мажмуаси “Тошкент вилояти меъморчилик мактабининг ўзига хос планлаштириш, конструктив ва стилистик хусусиятларига эгалигини акс эттирувчи, тарихий жиҳатдан ишончли кўринишга эга бўлди”. Ташқаридан келган кузатувчилар бу борада эътироз билдира олмайди. Қадамжоларда иншоотлар эмас, балки жойларнинг ўзи муқаддас саналади.
Бинолар эса ўтган асрлар давомида маҳаллий аҳоли ва ҳокимларнинг гўзаллик ва ободончилик борасида ўша фурсатдаги тасаввурларидан келиб чиққан ҳолда тез-тез қайта қуриб ўзгартирилар эди.
Зиёратчилар билан аввалгидек гавжум бўлган замонавий Зангиота мажмуаси бугунги кунда Ўзбекистондаги аксарият жамоат жойларига ўхшаб олди тарафидан баланд панжарали деворлар билан ўраб ташланган. Бу ерга келаётган одамларни мажмуа ҳудудида велосипед миниб юриш, сигарет чекиш ва ит етаклаб юриш тақиқланиши, видеотасвирга олишга эса фақат махсус рухсатнома билан ижозат берилишини маълум қилувчи плакатлар кутиб олади. Мантиқан олиб қараганда, ҳам Ислом ҳам Шариат нуқтаи назаридан биринчи учта тақиққа эътироз билдирадиган жиҳати йўқ, бироқ сўнгги чеклов сабабини тушуниш осон эмас. Мусулмон илоҳиётчилари кўп маротаба Ислом фақат инсон хаёлларининг маҳсули бўлган мавжудотлар тасвирларининг тақиқланишини таъкидлаб келганлар. Ҳужжатли фото ёки видеотасвирга олиш эса фақат Аллоҳ Таъало яратган мавжудотларни акс эттиради ва шунинг учун ҳам гуноҳ саналиши мумкин эмас. Мажмуа назоратчиларининг изоҳ беришича, чеклов зиёратчиларнинг тинчини, ҳушуъ ва ҳузуъ ҳолатини бузмаслик ҳамда фотосуратчилар, видеооператорлар ёки селфи ишқибозларининг ҳаракатлари мажмуа зиёратчиларининг шахсий дахлсизлигини бузмаслиги мақсадида киритилган.
Андрей Кудряшов фотосуратлари / «Фарғона"
-
29 Июнь29.06Шойи булутларШарқ музейининг Ўрта Осиё зали бўйлаб видеосаёҳат
-
24 Апрель24.04Бир-бирини кузатиш вақтиПсихотерапевт Азизбек Болтаев — ўзини яккалаш даврида оилада тотувликни қандай қилиб сақлаб қолиш ва тушкунлик кайфиятидан қутилиш ҳақида
-
15 Ноябрь15.11Туркийлар алифбосиНега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?
-
16 Август16.08«Халқ ва давлат: АЭС бўйича референдум ким тарафида?»Қозоғистонда шу номдаги масалага бағишланган «Трансчегаравий журналистика» лойиҳаси ишга туширилди
-
13 Август13.08Париждан медаллар биланМарказий Осиё спортчиларининг 2024 йилги Олимпиада ўйинларида эришган натижалари ҳақида
-
12 Август12.08Минтақанинг ўзига хос одимиМарказий Осиё давлатлари президентлари Остонадаги учрашувда умумий манфаатларни илгари суриш тарафдори бўлдилар