Туркиядаги ноқонуний мигрантлар орасида ўзбекистонликлар учинчи ўринни эгаллади

malatyanethaber.com.tr сайти фотосурати

2025 йили Туркияда ҳибсга олинган ноқонуний мигрантлар орасида Ўзбекистон фуқаролари учинчи ўринни эгаллаган. Бу ҳақда Туркия Миграция Бош бошқармаси (МББ) расмий статистикасида сўз юритилган.

Агентлик маълумотларига кўра, 2025 йили Туркия расмийлари томонидан 13 683 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинган. Бир йил олдин, 2024 йили бу кўрсаткич 11 521 нафарни ташкил этган бўлиб, Ўзбекистон рейтингда тўртинчи ўринни эгаллаганди.

Ўсиш 2022 йилдан бери давом этмоқда. 2021 йили 4817 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинган бўлса, кейинги йили бу кўрсаткич 7553 нафарга етган. 2026 йил бошидан бери Марказий Осиё республикасининг 1437 нафар фуқароси қўлга олинган.

Рейтингдаги энг юқори икки ўринни анъанавий равишда Афғонистон ва Сурия фуқаролари эгаллаб келган, аммо уларнинг сони сезиларли даражада камайган. 2025 йили Туркия расмийлари 44 157 нафар афғонистонлик ва 22 515 нафар сурияликни ҳибсга олган. Таққослаш учун, 2024 йили бу кўрсаткичлар мос равишда 65 815 ва 50 641 кишини ташкил этган.

Умумий ноқонуний миграция статистикасига Туркманистон, Эрон, Ироқ, Миср, Марокаш, Судан ва Жазоир фуқаролари ҳам киритилган. 2022 йилдан бери Туркиядаги энг кўп ноқонуний мигрантлар учлигига кирган туркманлар 2025 йили 10 984 киши ҳибсга олинган ҳолда тўртинчи ўринга тушиб кетган.

Туркияда ноқонуний мигрантларни аниқлаш бўйича рейдлар 2023 йил май ойида бўлиб ўтган президентлик сайловларидан сўнг кучайди ва доимий равишда давом этмоқда. Истанбул каби йирик шаҳарларда ҳар куни текширувлар ўтказилмоқда, улар давомида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ўнлаб чет элликларни кейинчалик депортация қилиш учун ҳибсга олишмоқда.

Январь ойи охирида Ўзбекистон ҳукумати ҳузуридаги Миграция агентлиги 2026 йил 1 мартдан бошлаб Туркияда камида уч йил доимий яшаган Ўзбекистон фуқароларига автоматик равишда мамлакатда ишлаш учун рухсатномалар берилишини эълон қилди.