Гумбурлади замин…

Тошкентдаги омборхонада юз берган портлаш оқибатида бир киши ҳалок бўлди, юздан ортиқ киши жароҳатланди

Кечқурун, 28 сентябрга ўтар кечаси Сергели туманида кучли портлаш юз берди. Фавқулодда ҳодиса «Қурувчи» массивида жойлашган омборхонада содир бўлди.

Беш дақиқа ичида ўт ўчирувчилар ва қутқарувчилар воқеа жойига етиб келишган. Портлаш тўлқини шундай кучли бўлганки, яқин атрофдаги кўп қаватли биноларда ойналар учиб кетган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 163 киши шифокорларга мурожаат қилган, улар асосан шилиниш ва кесилиш жароҳатларидан шикоят қилишган.

Афсуски, бу воқеа қурбонликсиз бўлмади. Квартиралардан бирида ўсмирнинг бошига дераза роми келиб урилгани боис ҳалок бўлган.

Эрталаб Фавқулодда вазиятлар вазирлиги портлашдан кейин юзага келган ёнғин жиловлангани ҳақида хабар берди. Аммо ўт ўчириш ишлари узоқ давом этган ва бунга Мудофаа вазирлиги вертолёти ва Миллий гвардия аскарлари кўмак берган. Кечга яқин Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 15 минг квадрат метр майдонни қамраб олган ёнғин ўчирилгани ҳақида хабар берди. Унинг оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқов жабрланувчиларга етказилган моддий зарарни икки-уч кун ичида тўлаб беришга ваъда берди. Воқеа жойида шифокорлар ва коммунал хизматлар ишламоқда. Бу ерда расмийлар чодирлар қуриб, вақтинча уй-жойсиз қолган одамлар учун бепул озиқ-овқат ташкил қилишган.

Шунингдек, тезкор штаб ҳам шу ерда жойлаштирилди ва терговчилар портлаш сабабларини текшира бошладилар. Мазкур ҳолат юзасидан ИИВ «Одам ўлими ва бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлган ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш» моддаси билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Андрей Кудряшов

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ