Европа интеграцияси рамзи

Тошкентда «Европа куни» фестивали бўлиб ўтди

6 май куни Тошкент шаҳридаги Ботаника боғида Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси томонидан ташкил этилган тадбирлар доирасида «Европа куни» фестивали бўлиб ўтди.

Андрей Кудряшов фотосурати / «Фарғона»

Европа куни — Франция Ташқи ишлар вазири Роберт Шуманнинг 1950 йил 9 майда сўзлаган муҳим нутқи хотирасига бағишланган «Шуман декларацияси» имзоланиши муносабати билан ҳар йили нишонланадиган тадбирдир. Шуман нутқида кўмир ва пўлат бўйича Европа ҳамжамиятини яратиш таклифи илгари сурилган, бу эса кейинчалик Европа Иттифоқининг шаклланишига олиб келди. Унутилмас сана Европанинг барча мамлакатларида, шунингдек ҳамкор мамлакатларда, жумладан Ўзбекистонда ҳам нишонланади.

5 май куни пойтахтдаги Алишер Навоий номидаги Давлат академик опера ва балет театрида Европа Иттифоқи делегацияси томонидан ташкил этилган бепул классик мусиқа ва балет концерти бўлиб ўтди. Эртаси куни эса Ботаника боғида турли маданий, маърифий ва кўнгилочар тадбирлар бепул уюштирилди.

Фестивалда Европа Иттифоқи томонидан Ўзбекистонда молиялаштирилаётган иқлим ўзгариши, экология, барқарор ривожланиш, фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш, гендер тенглиги ва бошқа йўналишларда 35 дан ортиқ лойиҳа тақдим этилган. Хиёбонлар бўйлаб тематик чодирлар қурилган бўлиб, уларга қараб фестивалга ташриф буюрувчилар ҳар бир лойиҳа билан батафсил танишишлари мумкин.

«2023 йил Европа маҳорат йили деб эълон қилингани сабаб, бугунги кунда одамларнинг лойиҳаларимизга қизиқиш билдираётганидан жуда мамнунман. Ўзбекистонда Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган дастурлар орасида аёллар, ёшлар ва чекка ҳудудлардаги аҳолининг таълим олишига ёрдам берувчи дастурлар бор. Бу лойиҳалар Ўзбекистон халқига уларнинг янада ривож топишига ҳисса қўшадиган янги кўникмаларга эга бўлишлари учун кўпроқ имкониятлар яратади», — деди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан фестивалдаги нутқида.

Шарлотта Адриан, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси. Андрей Кудряшов фотосурати / «Фарғона»

Ботаника боғи амфитеатрида ўзбек эстрада артистларининг чиқишлари, мавзули флеш-моблар, рақс ва спорт тадбирлари бўлиб ўтди.

Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, «Европа куни»га бағишланган фестивалда 5 мингдан ортиқ Тошкент аҳолиси ва меҳмонлари иштирок этган. Бу уч миллион нуфузга эга шаҳар учун рекорд кўрсаткич эмас, лекин бу Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан алоқаларини қўллаб-қувватлаётганини кўрсатувчи сўнгги йиллардаги энг йирик тадбирдир. Илиқ, аммо булутли «Оврупо» ҳавоси ҳам байрам кайфиятига ҳисса қўшди.

Ботаника боғидаги сокин об-ҳаво. Андрей Кудряшов фотосурати / «Фарғона»

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди

  • Ўзбекистонда болалар тарбиясида куч ишлатишни қонун билан тақиқлаш таклиф қилинди

  • Ёқилғи қуйиш шаҳобчаларидаги навбат ҳайдовчилар ўртасида ур-тўполонга сабаб бўлди

  • Тошкент бутунлай тутундан бўғилиб қолмаслиги учун ҳукумат қандай чоралар кўрмоқчилиги ҳақида