Европа Иттифоқи Қирғизистонда рўйхатдан ўтган криптовалюта платформалари ва криптохизмат кўрсатувчилар билан операцияларни тақиқлашни кўриб чиқмоқда. Бундай чора Россияга қарши санкцияларнинг 22-пакети лойиҳасига киритилган, дея таклиф этилаётган ҳужжатлар билан танишиб чиққан таҳририятга таяниб RFE/RL хабар бермоқда.
Чекловлар қабул қилинган тақдирда, улар ЕИ фуқаролари ва компанияларига тааллуқли бўлади. Таклиф Қирғизистон криптосекторини тўлиқ қамраб олади ҳамда ҳар бир платформани санкциялар рўйхатига алоҳида киритмасдан туриб, улар билан амалиётларни тақиқлаш имконини беради. Пакетни тасдиқлаш учун Европа Иттифоқининг барча 27 давлати томонидан бир овоздан қарор қабул қилиниши зарур.
RFE/RL иқтибос келтирган лойиҳада таъкидланишича, Қирғизистон криптовалюталар орқали Европа санкцияларини четлаб ўтишнинг халқаро марказига айланиб қолган. Ҳужжат муаллифлари, шунингдек, Қирғизистон расмийлари бундай операциялар ҳақидаги оммавий хабарлар ва Еврокомиссия мурожаатларига қарамай, уларни бартараф этишни тизимли равишда таъминламаганликларини билдиришмоқда.
Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен 23 ноябрь куни пакетни тақдим этар экан, Россия ва чекловларни четлаб ўтишга ёрдам бераётган учинчи мамлакатлардаги криптовалюта ҳамда тўлов тармоқларига қарши чораларни кучайтириш ниятини эълон қилди. У, шунингдек, криптовалюта санкциялари бўйича махсус гуруҳ тузилгани ҳақида маълум қилди. Унинг расмий баёнотида Қирғизистон тилга олинмаган.
Бутун бир мамлакатнинг криптосекторига қарши чекловлар жорий этиш ҳуқуқий имкониятини Европа Иттифоқи 2026 йилнинг июль ойида, 21-санкциялар пакетини қабул қилишда назарда тутган эди. Ўшанда ЕИ бир нечта давлатларда, жумладан, Қирғизистонда жойлашган ва криптовалюталар билан боғлиқ бўлган 14 та платформа билан операциялар ўтказиш тақиқини кенгайтирганди.



