Назарбоев жиянининг компаниясидан чиқиндилар учун $6,5 млн жаримани мажбурий ундириш бошланди

pixabay.com сайтидан олинган сурат

Қозоғистоннинг «ЖАН и КС» нефть компаниясидан 3 млрд тенгедан ($6,5 млн) зиёд экологик жарима ундирилмоқда, суд ижрочилари Атирау вилояти бюджетига 490 млн тенгедан ($1 млн) ортиқ маблағни ўтказиб берди, деб хабар қилади Ulysmedia.kz.

Қонунбузарликни Атирау вилоятининг табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси аниқлади. Маҳкама маълумотларига кўра, қудуқларни бурғилаш жараёнида компания бурғилаш шламини ҳамда ишлатилган бурғилаш қоришмасини ноқонуний равишда тўплаб борган.

Бурғилаш шлами — бурғилаш вақтида қудуқдан чиқариб олинадиган майдаланган тоғ жинсидир. У бурғилаш долотосини совитиш ва жинсларни юзага чиқариш учун қўлланилади. Фойдаланилгандан кейин бу материаллар таркибида нефть маҳсулотлари ва кимёвий моддалар бўлиши мумкин, шу сабабли улар алоҳида утилизация қилинишни талаб этади.


Компания атроф-муҳитга йўл қўйилиши мумкин бўлган антропоген таъсир меъёрларини бузганлиги учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 328-моддаси 6-қисми бўйича маъмурий жавобгарликка тортилди.

Хабарда қайд этилишича, «ЖАН и КС»га жарима 2024 йилда тайинланган эди. Компания уни судда баҳсли қилиб бекор қилишга уринди, аммо шикоятлари рад этилди. Қарор қонуний кучга кирди ва эндиликда ундирув мажбурий тартибда амалга оширилмоқда. Қолган маблағни — қарийб 2,5 млрд тенгени ($5,4 млн) — прокуратура назоратда ушлаб турибди.

«ЖАН и КС» Атирау вилоятидаги «Прибрежное» конида нефть ва газ қазиб олиш билан шуғулланади. Корхона йўл қурилиши, гидротехника иншоотларини барпо этиш, қурилиш материаллари ва фойдали қазилмаларни олиш соҳасида фаолият юритувчи Aytei Group холдинги таркибига киради. Ушбу холдингга Нурсултон Назарбоевнинг жияни Аҳметжан Есимовнинг укаси Сейитжан Есимов эгалик қилади (Ulysmedia.kz Сейитжан Есимовни ҳам биринчи президентнинг жияни деб атайди — «Фарғона» изоҳи). Катта Есимов ўз вақтида Олмаота ҳокими, ЭКСПО-2017 раҳбари ва «Самрук-Қазина» бошқаруви раиси бўлган.

Қозоғистон ҳукумати экологияга етказилган зарар учун нефтчиларга мунтазам равишда жарималар солади. 2025 йилнинг январида оқова сувларни ер қаърига оқизганлик, белгиланган лимитлардан ортиқча бурғилаш чиқиндиларини тўплаганлик ва меъёрдан ортиқ чиқарилмалар учун «Мангистаумунайгаз» корхонаси умумий ҳисобда 32,2 млрд тенге (қарийб $61 млн) миқдорида жаримага тортилди. Ўша вақтнинг ўзида суд Қашаған кони оператори — North Caspian Operating Company компаниясидан тегишли рухсатномасиз машъалаларда газ ёққанлиги учун 3,55 млрд тенге ($6,7 млн) ундириш тўғрисида қарор чиқарди.

2026 йилда «Карачаганак Петролеум Оперейтинг» меъёрдан ортиқ чиқарилмалар ва оқова сувларни ташлаганлик учун 2,07 млрд тенге ($4,5 млн) жарима олди. Аввалроқ эса «Эмбамунайгаз» Атирау вилоятидаги конларда йўлдош газни ноқонуний ёққанлиги сабабли 6,6 млрд тенге (ўша вақтда $17,8 млн) тўлаганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ