Тарозда совет жангчилари ёдгорлиги бузиб ташлангани иши бўйича еттинчи синф ўқувчилари ушланди

Гумонланувчи ўсмирлардан бири. Жамбил вилояти полиция департаменти видеосидан лавҳа

Тарозда (Қозоғистон жанубидаги шаҳар) Иккинчи жаҳон уруши даврида ҳалок бўлган 72 нафар номаълум аскар дафн этилган жойдаги ёдгорлик стеласини бузиб ташлашда гумон қилинганлар аниқланди. Улар шаҳардаги мактаблардан бирининг еттинчи синфида ўқийдиган уч нафар ўқувчи бўлиб чиқди, деб хабар беради Жамбил вилояти полиция департаменти.

Вояга етмаганлар профилактик ҳисобга қўйилган. Уларнинг ота-оналари эса бола тарбияси бўйича мажбуриятларини лозим даражада бажармаганликлари учун жавобгарликка тортилган.

Бундан ташқари, полиция таълим бошқармаси ҳамда вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияга ҳуқуқбузарлик содир этилишига имкон берган сабаб ва шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимномалар киритди. Тергов давом этмоқда, юз берган ҳолатнинг барча тафсилотларига ҳуқуқий баҳо берилади.

Тароз шаҳар қабристонидаги Қизил армиянинг 72 нафар номаълум жангчиси дафн этилган госпитал биродарлик қабри тепасидаги стела вайрон қилингани ҳақида 18 ноябрь куни маълум бўлган эди. Бу ҳақда Россиянинг Олмаотадаги Бош консуллиги хабар бериб, Қозоғистон ҳукуматини тергов ўтказишга ва айбдорларни аниқлашга чақирди. РФнинг Қозоғистондаги элчихонаси эса юз берган ҳодисани «сиёсий экстремистик акция» деб атади.

19 ноябрь куни Жамбил вилояти полиция департаменти вандализм ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатди. Ўша куни Қозоғистон ТИВнинг Олмаотадаги ваколатхонаси мамлакатда бундай ҳаракатлар кескин қораланишини ва айбдорлар жавобгарликка тортилишини билдирди.

Ёдгорлик мажмуаси Иккинчи жаҳон уруши йилларида Жамбулдаги эвакуация госпиталларида олган жароҳатлари туфайли вафот этган совет аскарлари хотирасига бағишланган. Мажмуа Россия томонидан Жамбил вилояти ва Тароз шаҳри раҳбарияти кўмагида молиялаштирилган кенг кўламли реконструкциядан сўнг 15 октябрда очилган эди.

Ёдгорлик вайрон қилинганидан бир неча кун ўтиб, маҳаллий ҳукумат уни тўлиқ тиклади ва ҳимоя остига олди. Кейинчалик мемориал ҳудудига видеокузатув камералари ўрнатиш режалаштирилган.

Бу каби ҳолатлар Қозоғистонда аввал ҳам юз берган. 2024 йилнинг баҳорида полициячилар маст ҳолатда Шон-шуҳрат обелискидаги Мангу олов юлдузини синдириб ташлаган Павлодар фуқаросини ушлаган эди. Ёдгорлик бир сутка ичида қайта тикланган.

Ўша йилнинг кузида полиция Зеренда қишлоғида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ёдгорлигини ҳақоратлаган вандални топди.

  • Ўнлаб қозоғистонликлар Россияга ишлаш учун кетишган, аммо у ерда урушга жалб этилган

  • 150 дан ортиқ ҳуқуқ ҳимоячилари, фаоллар ва журналистлар Юлия Емельянова ва Мансур Мовлаевни Россияга экстрадиция қилишга қарши баёнотни имзоладилар

  • Қозоғистон сунъий интеллект пойгасида АҚШ ва Хитой ўртасида қандай мувозанат сақламоқда

  • Муҳим минераллар, сунъий интеллект — «Марказий Осиё — Корея» форматидаги учрашувда яна нималар муҳокама қилинди?