Ўзбекистон давлат хизматлари порталида муддатидан олдин пенсияга чиқиш хизмати ишга туширилди

sputniknews.uz сайтидан олинган сурат

Ўзбекистон Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (ЯИДХП) — my.gov.uz сайтида — пенсияга муддатидан олдин чиқишни расмийлаштириш учун аризаларни қабул қилиш хизмати ишга туширилди. Ушбу хизматдан мутлақо бепул фойдаланиш мумкин, дея хабар беради онлайн платформа матбуот хизмати ўзининг Telegram-каналида.

ЯИДХП вакиллари республика қонунчилигига мувофиқ, пенсия ёшига яқинлашиб қолган ва иккита сабабга кўра: корхона ёки якка тартибдаги тадбиркор фаолияти тугатилиши муносабати билан ёхуд ходимлар сони (штати) қисқариши оқибатида ишсиз қолган фуқаролар муддатидан олдин пенсияга чиқиши мумкинлигини эслатиб ўтди.

Бундай ҳуқуқдан камида 25 йиллик иш стажига эга 58 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркаклар, шунингдек, 20 йил ва ундан ортиқ стажга эга 53 ёшдан 55 ёшгача бўлган аёллар фойдаланиши мумкин.

Янги хизмат давлат хизматлари порталининг «Пенсия» бўлимига жойлаштирилган. Ариза берувчилар белгиланган шаклдаги сўровномани тўлдиришлари ва ҳужжатларни: меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги тўғрисидаги буйруқ ҳамда меҳнат дафтарчаси нусхасини (агар фуқаронинг электрон меҳнат дафтарчаси бўлмаса) илова қилишлари керак.

Шундан сўнг бандлик бўлими ходими келиб тушган маълумотларни икки иш куни ичида текшириб, базадаги маълумотлар билан солиштиради. Агар маълумотлар ҳақиқатга тўғри келса, ариза берувчи иш қидирувчи шахс сифатида ҳисобга қўйилади.

Бандлик бўлимига маъқул келадиган бўш иш ўрнини топиш учун уч ой вақт берилади. Ва фақат белгиланган муддат ичида мутахассислар янги иш топиб бера олмасагина, фуқаро ҳақидаги маълумотлар Пенсия жамғармасига тақдим этилади ва жамғарма муддатидан олдин пенсияга чиқишни расмийлаштиради.

Қўшимча қилиш жоиз, муддатидан олдин пенсияга чиқиш тартиби Ўзбекистон ҳукумати томонидан жорий йилнинг 28 сентябрида тасдиқланган эди.

Бунда ёшга доир пенсия проактив шаклда, яъни бирон-бир ариза топшириш заруратисиз тайинланади.

ℹ️ Ўзбекистонликлар эркаклар учун 60 ёш, аёллар учун 55 ёшга тўлганда, тегишли равишда камида 25 йил ва 20 йиллик минимал меҳнат стажига эга бўлган тақдирда муносиб дам олишга чиқадилар. Пенсия давлат томонидан кафолатланади ҳамда иш стажи ва суғурта бадаллари тўланганлиги тўғрисидаги тасдиқланган маълумотлар асосида расмийлаштирилади.

Айни пайтда расмийлар пенсия ёшини ошириш бўйича ғояларни бир неча йилдан буён муҳокама қилиб келмоқда. Хусусан, республика Молия вазирлиги ислоҳотни босқичма-босқич амалга оширишни — 2028 йилдан бошлаб ҳар йили кўрсаткични уч ойга ошириб боришни таклиф қилмоқда. Шу тариқа, 2039 йилга бориб янги доимий меъёрга эришилади: эркаклар учун 63 ёш ва аёллар учун 58 ёш.

Вазирликда қўшимча қилишларича, ташаббус демографик ўзгаришлар билан боғлиқ. Чунки сўнгги 20 йилдан зиёд вақт ичида кутилаётган ўртача умр кўриш давомийлиги 67,9 ёшдан 75,4 ёшга етди. Агар 2025 йилда пенсионерлар мамлакат аҳолисининг 12,5 фоизини ташкил этган бўлса, 2040 йилга бориб уларнинг улуши 15 фоизга етиши мумкин.