Қирғизистон республикага хориждан оқ шакар олиб киришни тақиқлади. Мазкур турдаги маҳсулот импорти бўйича чекловлар олти ой давомида амал қилади. Тегишли қарорни мамлакат ҳукумати раиси Одилбек Қосималиев имзолади, деб хабар беради 16 ноябрь куни Вазирлар маҳкамаси матбуот хизмати.
Қайд этилишича, мазкур ҳужжат Қирғизистоннинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ички бозор фаолиятини сақлаб туриш учун озиқ-овқат маҳсулотларининг бозор нархларини барқарорлаштириш, мамлакат шакар бозорини ривожлантириш, шунингдек, ушбу соҳанинг хомашё ва қайта ишлаш базасини сақлаб қолиш мақсадида қабул қилинган.
Импортга қўйилган ярим йиллик тақиқ учинчи давлатларга ҳамда Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзо давлатлар — Россия, Беларусь, Қозоғистон ва Арманистонга нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Шунга қарамай, айрим истиснолар мавжуд. Хусусан, агар юкланган сана ва юкнинг кейинги йўналишини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлса ҳамда маҳсулот Қирғизистон орқали транзит тарзида олиб ўтилаётган бўлса, республикага шакар олиб кириш мумкин.
Бундан ташқари, тақиқ реэкспорт битимларига (маҳсулотни Қирғизистондан ташқарида сотиш учун олиб кириш), «экстра» навли оқ шакарга, шунингдек, Вазирлар маҳкамаси раҳбарининг импорт чекловлари тўғрисидаги қарори кучга киргунга қадар республикага темир йўл транспорти орқали жўнатилган юкларга тааллуқли эмас.
Ҳукумат матбуот хизмати хабарида айтилишича, қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб ўн кун ўтгач кучга киради.
Ҳозирда Қирғизистонда шакар ишлаб чиқарувчи иккита корхона — «Каинди-Кант» ва «Кошой» фаолият юритмоқда. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, республиканинг ушбу маҳсулотга бўлган йиллик эҳтиёжи 150 минг тоннани ташкил этади. Зарур ҳажмнинг ярмидан сал кўпроғи маҳаллий заводлар ҳисобидан, қолгани эса Россия ва Беларусь импорти эвазига таъминланади. Бироқ, Қирғизистон корхоналари раҳбариятининг таъкидлашича, уларнинг қуввати мамлакат эҳтиёжини хориждан келтирмасдан ҳам қоплаш имконини беради.
Қўшимча қилиш жоиз, Марказий Осиёнинг бошқа бир республикасида ҳам ҳукумат шакар бозорини тартибга солишга интилмоқда. Жумладан, 2027 йил 1 январдан Ўзбекистон оқ шакар импортига йилига 300 минг тонна ҳажмида квота жорий этади. Бунда мазкур ҳажм уч йўналиш бўйича тақсимланган: ичимлик, қандолат маҳсулотлари ва бошқа турдаги озиқ-овқат ишлаб чиқарувчиларига 100 минг тоннадан ажратилади.



