«Чегара билмас мухбирлар» қозоғистонлик журналист Вадим Борейкога чиқарилган суд ҳукмини қоралади

Вадим Борейко. x.com сайтидан олинган сурат

«Чегара билмас мухбирлар» (RSF) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти қозоғистонлик журналист Вадим Борейко зиммасига Etude-Ybyrai қурилиш компанияси фойдасига 43 миллион тенге (тахминан 97 минг доллар) тўлаш мажбуриятини юклаган суд қарорини қоралади. Бу ҳақда RSF баёнотида айтилади.

«RSF ушбу асоссиз қарорни қоралайди ва уни бекор қилишга чақиради», — дейилади хабарда. Шунингдек, ташкилот журналист ботлар иштирокидаги онлайн таъқибга учраётганини таъкидлаган.

Etude-Ybyrai даъвоси бўйича қарор 13 ноябрь куни эълон қилинди. Компания Борейкодан Олмаотанинг 12-кичик туманидаги Premier турар жой мажмуаси қурилиши ҳақидаги материаллари сабабли 71,75 миллион тенге (тахминан 160 минг доллар) ундиришни талаб қилган эди. Қурувчи фирма журналист ёлғон маълумотлар тарқатган, компаниянинг ишчанлик обрўсига путур етказган ва молиявий зарар келтирган деб даъво қилган. Шунингдек, даъвогар нашрларни ўчириб ташлашни ва қатор фикрларни рад этишни талаб этган.

Борейконинг ҳимоячилари у қурувчи ҳамда маҳаллий аҳоли ўртасидаги низони ёритиб, касбий вазифасини бажарганини таъкидлаган. Адвокатларнинг сўзларига кўра, журналист давлат идоралари вакиллари, жумладан қурилишнинг ноқонунийлиги ҳақида гапирган Олмаотанинг собиқ ҳокими Ерболат Досаевнинг оммавий баёнотларидан иқтибос келтирган.

Иқтисодий экспертиза даъвогарга етказилган зарарни тахминан 43 миллион тенгега баҳолади. Суриштирув давомида ушбу суммани Premier ТЖМни тарғиб қилиш билан шуғулланган Everest Development компанияси Etude-Ybyrai'га тўлов учун тақдим этгани маълум бўлди. Ушбу компания Борейконинг чиқишлари сабабли қурувчидан шартномавий жарима тўлашни талаб қилган.

Журналист ҳимояси мазкур харажатларни ундан ундириш қанчалик асосли эканига шубҳа билдирди. Борейконинг ўзи эса судда компания ундан «ўч олаётганини» маълум қилди.

Суд ҳукми эълон қилиниши арафасида журналист ахборот ҳужуми нишонига айланди. Telegram тармоғида Борейконинг сохта некрологи тарқатилиб, гўёки ўтказиладиган дафн маросими манзили сифатида унинг уйи кўрсатилган. Маросим эса 13 ноябрга — журналистнинг туғилган кунига тайинланган эди. Мажлис арафасидаги тунда Борейконинг ҳамкасбларига номаълум рақамлардан ўзларини унинг рафиқаси сифатида таништирган номаълум шахслар қўнғироқ қилиб, худди шу маълумотни етказишган.

Некролог тарқатиш ва қўнғироқлар ортида ким тургани ҳамда уларнинг суд ишига алоқаси бор-йўқлиги номаълумлигича қолмоқда.

«Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти илгари ҳам Қозоғистон судларининг маҳаллий журналистларга нисбатан ноқонуний қарорларига бир неча бор диққат қаратган эди. Шу билан бирга, ташкилот тузган сўнгги Жаҳон матбуот эркинлиги рейтингида Қозоғистон бир йил ичида саккиз поғона пастлаб, 180 та давлат орасида 149-ўринни эгаллаган.