19 ёшли ҳужумчи Жасурбек Рустамхонов Чехия хоккей Экстралигасида ўйнаган илк ўзбекистонлик бўлди. Тошкентда туғилган спортчи 13 ноябрь куни Карлови-Варининг «Энергия» клуби сафида Праганинг «Спарта» жамоасига қарши кечган уй учрашувида дебют қилди, деб хабар берди жамоа матбуот хизмати.
Учрашув «Энергия»нинг 1:3 ҳисобидаги мағлубияти билан якунланди. Рустамхонов ҳужумнинг учинчи қаторида Вит Йискра ва Якуб Минарик билан бирга музга чиқди. Ўзбекистонлик хоккейчи майдонда 8 дақиқаю 4 сония ҳаракат қилди ва самарали очко жамғара олмади. Шу билан бирга, у иккинчи бўлим ўрталарида қулай зарба бериш позициясига чиқди, аммо ноқулай қўл билан йўллаган шайбаси дарвозадан четлаб ўтди. Учинчи бўлимда ҳам легионер рақиб дарвозасига хавф солишга муваффақ бўлди.
Ҳужумчи ўз дебютини нафақат шахсан ўзи, балки бутун ўзбек хоккейи учун ҳам муҳим қадам деб ҳисоблайди.
«Бу мен учун ҳақиқатан ҳам жуда катта аҳамиятга эга. Клубга, бош мураббийга ва мени қўллаб-қувватлаган ватаним — Ўзбекистондаги устозларимга чин дилдан миннатдорлик билдираман. Бу ўзбек хоккейи ва болалар учун улкан воқеа. <…> Улар менга қараб, Ўзбекистондан ҳам профессионал лигаларга чиқиш мумкинлигига ишонишлари мумкин. Агар нимага интилаётганингни ва нима устида ишлаётганингни билсанг, қаердан эканинг муҳим эмас», — деди Рустамхонов.
Рустамхонов 2007 йил 16 майда Тошкентда туғилган ва айнан шу ерда хоккей билан шуғуллана бошлаган. 2022 йилда у илк бор Чехияга йўл олиб, Писек шаҳрининг ўсмирлар жамоасида шайба сурган. 2024 йил октябрида Ўзбекистон хоккей федерацияси унинг «Энергия»га ўтганини эълон қилган эди, форвард мазкур клубнинг ёшлар таркибида учинчи мавсум ўйнамоқда. 2026/27 йилги мавсум ўсмирлар ўртасидаги Чехия чемпионатида унинг ҳисобида 20 очко — 16 учрашувда 7 та урилган шайба ва 13 та голли узатма бор.
2026 йилнинг май ойида Рустамхонов АҚШ Ёшлар хоккей лигаси драфтида танланган илк ўзбекистонлик бўлди. «Дюбюк Файтинг Сейнтс» клуби уни 11-раундда умумий 177-рақам остида танлади. Бироқ хоккейчи Чехиядаги фаолиятини давом эттирди.
Рустамхонов, шунингдек, Ўзбекистон терма жамоаси шарафини ҳам ҳимоя қилади. У ўсмирлар миллий терма жамоаси сардори бўлган ҳамда ўсмирлар ўртасида икки карра Осиё ва Океания чемпионига айланган. 2026 йилги жаҳон чемпионатининг учинчи дивизиони «B» гуруҳида ҳужумчи бешта учрашувда саккизта шайба киритиб, тўртта голли пас берди ва терма жамоанинг ғалабаси ҳамда учинчи дивизионнинг «A» гуруҳига кўтарилишига катта ҳисса қўшди.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда хоккей жиддий инқирозни бошдан кечирмоқда. Бундан аввал «Фарғона» ёзганидек, молиявий муаммолар Тошкентнинг «Ҳумо» клубини Қозоғистон чемпионатини тарк этишга мажбур қилди, мамлакатнинг бош муз аренасидан эса машғулотлар учун фойдаланилмай қўйилди. Октябрь ойи охирида ёш хоккейчиларнинг ота-оналари ва мураббийлар яна ҳукуматга мурожаат қилишди. Уларнинг сўзларига кўра, «Ҳумо Арена» ярим йилдан бери ишламаяпти, хоккей академияси ёпилган, «Ташкент Селект» ёшлар клуби тугатилган, 300 дан ортиқ бола мунтазам шуғулланиш имкониятидан маҳрум бўлган. 2026/27 йилги мавсум Ўзбекистон чемпионати хавф остида қолди, унинг барбод бўлиши миллий терма жамоанинг халқаро мусобақалардаги иштирокига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.



