Бердимуҳамедов Туркманистонда гўшт нархи кескин ошгач, Бош вазир ўринбосари ва Савдо вазирини ишдан олди

Сердар Бердимуҳамедов. turkmen.news сайтидан олинган сурат

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов транспорт-коммуникация мажмуасига масъул Бош вазир ўринбосари Ботир Аннаевни ҳамда Савдо ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Назар Оғахоновни лавозимидан озод этди. Республика раҳбарининг ҳукуматдаги кадрлар алмашинувига оид фармонлари 13 ноябрь куни имзоланган, бу ҳақда «Туркменистан сегодня» давлат ахборот агентлиги порталидаги хабарларда келтирилади.

Аннаев мамлакат Вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари лавозимида бир йилдан камроқ вақт ишлади. Маълум бўлишича, унинг ўрнини бу тайинловга қадар Туркманистон Темир йўл транспорти вазири бўлиб ишлаган Маммет Оқмаммедов эгаллади.

Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, Оғахонов савдо соҳасига раҳбарлик қилувчи вазирликни бир йилдан сал кўпроқ вақт бошқарган. Эндиликда президентнинг бошқа бир фармони билан Дўртгули Сулаймонов муассасанинг янги раҳбари этиб тайинланди. Мазкур мулозим илгари «Туркменпахта» давлат концернини бошқарган.

Бундан ташқари, ҳукумат раҳбари ўринбосари ва бир вақтнинг ўзида Саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқи бошқаруви раиси Нўкарқули Отақулиев Бердимуҳамедовдан «хизмат вазифаларини лозим даражада бажармагани, ўзи назорат қиладиган вазирлик ва идоралар фаолияти устидан назоратни сусайтиргани учун» ҳайфсан олди. Бундан ташқари, йиғилишлардан бирида давлат раҳбари ушбу амалдор камчиликларни қисқа муддатда бартараф этмаса, у ҳам ўз лавозимидан маҳрум бўлишини қўшимча қилган.

Гарчи Аннаев ва Оғахонов «бошқа ишга ўтиши муносабати билан» деган жумла билан ишдан бўшатилган бўлса-да, кўплаб манбалар давлат раҳбарининг мазкур қарорига ёз охиридан буён кузатилаётган гўшт нархининг кескин кўтарилиши сабаб бўлган деб ҳисобламоқда.

Ўшанда мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида аҳоли мол гўшти нархи ошишидан норози бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Лебап вилоятининг Туркманобод шаҳридаги бозорда ҳатто ғалаён ҳам юз берганди: бир неча ўн нафар фуқаро бозорда норозилик акцияси уюштирганди. Улар ойига 1400 манат (қора бозор курси бўйича $73 — бу ерда ва бундан кейин шу курс бўйича) атрофидаги маош билан бир килограмми 200 манатгача ($10) кўтарилган гўштни сотиб олишга қурби етмаётганидан шикоят қилган. Оқибатда воқеа жойига етиб келган полиция ва Миллий хавфсизлик вазирлиги ходимлари бир неча фаолни ҳибсга олиб, стихияли митингни тарқатиб юборди.

Гўшт нархи фақат ноябрь ойига келибгина 100–110 манатгача ($5–6) арзонлашиб, барқарорлашди. Норасмий маълумотларга кўра, бозордаги вазият Қозоғистон ва Россиядан мол ва қўй гўшти етказиб бериш ҳажми ошгани туфайли ўзгарган. Шунингдек, ОАВ хабарларига кўра, жойлардаги мулозимлар ҳам сотувчиларга агар маҳсулотни «тўғри» нархда сотмаса, дўконларини ёпиб қўйиш билан таҳдид қилиб, жараёнга аралашган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ