«QazaqGaz» миллий компанияси Ғарбий Қозоғистон вилоятидаги Қорачиғаноқ конида йиллик қуввати 5 млрд куб метр бўлган газни қайта ишлаш заводи (ГҚИЗ) қурилиши бўйича шартнома имзолади, дея хабар берди компания матбуот хизмати.
Жанубий Кореянинг Hyundai Engineering ва SICIM Kazakhstan компаниялари пудратчи сифатида иш олиб боради.
Битим 12 ноябрь куни «QazaqGaz» бошқаруви раиси Алибек Жамауовнинг Корея Республикасига амалий ташрифи доирасида тузилди. EPC-шартномани миллий операторнинг шўъба корхонаси ҳисобланган «QazaqGaz Processing» МЧЖ ҳамда Hyundai Engineering Co., Ltd. ва SICIM Kazakhstan консорциуми имзолади.
EPC-шартнома лойиҳалаш, асбоб-ускуналарни харид қилиш ва объект қурилиши бўйича тўлиқ ишлар мажмуини бажаришни назарда тутади. «QazaqGaz» маълумотларига кўра, заводнинг ишга туширилиши Қорачиғаноқдан олинадиган хом газни қайта ишлаш ҳажмини ошириш ҳамда ички бозорни қўшимча товар газ, суюлтирилган углеводород гази (СУГ) ва олтингугурт билан таъминлаш имконини беради.
Қорачиғаноқда ГҚИЗ қуриш лойиҳаси бир неча йилдан буён муҳокама қилинмоқда. 2022 йилда уни конни ўзлаштираётган халқаро консорциум билан ҳамкорликда амалга ошириш режалаштирилган эди. Ушбу консорциум таркибига Shell ва Eni (ҳар бири 29,25 фоиздан), Chevron (18%), «ЛУКОЙЛ» (13,5%) ҳамда «КазМунайГаз» (10%) киради.
Дастлаб заводнинг қуввати йилига 4 млрд куб метр газ деб баҳоланган, қурилиш қиймати эса 3–3,5 млрд долларни ташкил этган эди. Корхонани 2028 йилда ишга тушириш мўлжалланган эди.
Бироқ 2025 йил июнь ойида Қозоғистон ва халқаро консорциум ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли лойиҳа тўхтатиб қўйилди. Bloomberg маълумотларига кўра, Eni ва Shell бошчилигидаги инвесторлар Қозоғистон томонидан 1 млрд доллар миқдоридаги харажатларни қоплашни ва заводни ишга тушириш муддатини 2030 йилга кўчиришни талаб қилган. Томонлар қурилиш қиймати ва лойиҳанинг бошқа шартлари бўйича ҳам келиша олмаган.
2026 йил март ойида Shell ва Eni ГҚИЗ қуриш ҳуқуқидан маҳрум бўлди.
ℹ️ Қозоғистонда ўз заводига эҳтиёж Қорачиғаноқдаги газнинг катта қисми Россияга — Оренбург ГҚИЗга қайта ишлаш учун юборилиши билан боғлиқ. Шу билан бирга, дронлар ҳужуми ва таъмирлаш ишлари сабабли ушбу заводнинг фаолияти вақти-вақти билан чекланиб, бу қозоқ конидан хомашё қабул қилишга салбий таъсир кўрсатмоқда.



