Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси «Самрук-Казина» жамғармаси бошқаруви раиси Нурлан Жақупов ва «Қазақстан темір жолы» (ҚТЖ) раҳбари Елжас Отиншиевнинг қўлга олинганини маълум қилди. Улар коррупцион жиноят содир этганликда гумон қилинмоқда.
Иккала раҳбар ҳамда «бошқа шахслар» қўмитанинг Коррупцияга қарши курашиш хизмати томонидан қўлга олинган.
«Ишнинг барча ҳолатларини аниқлашга қаратилган тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жиноят-процессуал кодексининг 201-моддасига мувофиқ, судгача бўлган тергов жараёни тўғрисидаги бошқа маълумотлар ошкор қилинмайди», — дейилади хабарда.
Қўмита коррупцияга қарши кураш ишлари давлат раҳбарининг топшириқларини бажариш ҳамда «Қонун ва тартиб» тамойилига риоя қилиш доирасида давом этаётганини қўшимча қилди.
Ulysmedia маълумотларига кўра, қўлга олинган топ-менежерлар жуда йирик миқдорда пора олишга суиқасд қилишда айбланмоқда. Ҳозирда улар вақтинча сақлаш ҳибсхонасида қолмоқда.
ℹ️ «Самрук-Казина» миллий фаровонлик жамғармаси 2008 йилда Қозоғистоннинг ўша пайтдаги президенти Нурсултон Назарбоев фармони билан ташкил этилган. Бу Қозоғистоннинг энг йирик стратегик корхоналарини, жумладан «КазМунайГаз», ҚТЖ, «Казатомпром», Air Astana, «Казахтелеком» ва KEGOC компанияларини бошқарадиган инвестиция холдингидир. Жамғарманинг ягона акциядори мамлакат ҳукумати ҳисобланади. Нурлан Жақупов «Самрук-Казина» раҳбарлигига 2023 йилнинг апрелида келган.
Елжас Отиншиев ўтган ёзда ҚТЖ — Қозоғистон темир йўллари бошқаруви раиси этиб тайинланган эди. У ушбу лавозимда атиги тўрт ой ишлади, бунгача эса «Самрук-Казина»нинг стратегия ва активларни бошқариш бўйича бошқарувчи директори бўлиб ишлаган. Дарвоқе, унинг ҚТЖ раҳбари лавозимидаги ўтмишдоши Талғат Алдибергенов ҳам ўз лавозимида узоқ қолмаган — бор-йўғи бир йил.
Давлат компаниялари топ-менежерлари қўлга олингани ҳақидаги дастлабки хабарлар ижтимоий тармоқларда 12 ноябрь куни эрталаб пайдо бўлди. Бундан олдин Остонадаги «Atlant 6» турар жой мажмуаси ҳудудида номаълум шахслар деразадан доллар тўла чамадонни улоқтиргани билан боғлиқ ҳодиса юз берган эди. Воқеа гувоҳлари мажмуада тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини хабар қилган. Бироқ ушбу ҳодисанинг мазкур қўлга олишга алоқадорлиги ҳозирча расман тасдиқланмаган.
Сиёсатшунос Газиз Абишев ўзининг Telegram-каналида юз берган воқеага муносабат билдирар экан, «жамоатчилик бундай ҳибсга олишларни кутаётгани» ҳамда улар энг юқори доираларда келишилганини тахмин қилди.
«Менимча, иқтисодий ривожланишнинг бурилиш нуқтасида турган, ресурсларни ўта юқори даражада жамлаш орқали иқтисодий юксалишга эришиш ва саноатлашган давлатлар қаторига қўшилишни мақсад қилган олий ҳокимият давлат активлари ишониб топширилган раҳбарларнинг коррупциясига тоқат қила олмайди», — деб ёзди у.



