Қирғизистон ТИВ раҳбари Россияда мигрантларни урушга боришга мажбурлаётганларини тан олди

Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Жээнбек Қулубаев Россияда бўлиб турган ватандошларини Украинага қарши урушда иштирок этишга мажбурлаш ҳолатлари ҳақида унинг идораси хабардор эканини маълум қилди. Расмийнинг сўзларига кўра, бундай ҳолатларда вазирлик мигрантларни ватанига қайтаришга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда Kaktus.media хабар берди.

Қирғизистон фуқароларини урушда мажбурий иштирок эттириш масаласи Жогорку Кенешнинг (парламентнинг) халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция қўмитаси йиғилишида кўтарилди. Унда Ташқи ишлар вазири ҳам иштирок этди. Жумладан, депутат Айбек Алтинбеков Қирғизистон фуқаросини Россия ҳукумати суд қарори чиқарилишидан олдинроқ армияда хизмат қилиш бўйича шартнома имзолашга мажбурлаган ҳолат ҳақида гапириб берди. Кўп ўтмай, хорижлик фуқаро ўқув-машғулот лагерига олиб кетилган.

Қулубаевнинг айтишича, фуқаролар ўз вақтида ёрдам сўраб мурожаат қилса, вазирлик бундай ишларни кўриб чиқади.

«Ҳарбий комиссариатларда ёки тергов ҳибсхоналарида уларни шартнома имзолашга мажбурлашади. Агар бизга ўз вақтида маълумот келиб тушса, аралашамиз. Шу йўл билан кўплаб мигрантларнинг фронтга жўнатилишини тўхтатишга муваффақ бўлдик», — деди Ташқи ишлар вазири.

Бироқ, вазир қанча қирғизистонликни урушга жўнатилишдан сақлаб қолингани ёки жанглар ҳудудидан қайтаришга муваффақ бўлинганини аниқ айтмаган.

Қулубаевнинг сўзларига кўра, айрим ватандошларининг Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаганини ҳатто яқинларига ҳам айтмаслиги вазиятни мураккаблаштирмоқда. Шу сабабли дипломатлар мажбурий ёллаш ҳолатларидан бехабар қолишмоқда.

«Фақат кейинчалик ота-оналари бу ҳақда билиб қолишади ва бизга мурожаат қилишади. Агар шундай аризалар келиб тушса, Украинадаги элчихонамиз орқали улар билан боғланишга ва чиқиб кетишларига ёрдам беришга ҳаракат қиламиз», — деди вазир.

Унинг таъкидлашича, айрим ҳолларда Россия томонида жанг қилган мигрант ҳақида фақат у яраланганидан ёки ҳалок бўлганидан кейингина маълум бўлади. Инсонни фронтга жўнатилишидан олдин ватанига қайтариш осонроқ бўлгани учун вазир фуқароларни Ташқи ишлар вазирлиги ходимларига ўз вақтида мурожаат қилишга чақирди.

«Агар инсон қайси ҳарбий қисмда ва қаерда эканини билсак, унга ёрдам беришга ҳаракат қиламиз», — дея хулоса қилди Қулубаев.

Аввалроқ Марказий Осиёнинг яна бир мамлакати — Қозоғистон ҳам Россия армиясига қўшилиб қолган ўз фуқароларини ватанига қайтаришда кўмак сўраб, Россия Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилган эди.

2026 йил ҳолатига кўра, Марказий Осиё давлатларининг 12,5 мингдан ортиқ вакили Россия қўшинлари сафида Украинага қарши жанг қилган. Уларнинг аксари Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларидир. Шунингдек, 1,5 мингдан ортиқ қирғизистонлик ҳам ҳарбий ҳаракатларда иштирок этгани ҳақида хабар берилган.

  • Ўзбекистон мактаб ислоҳотини хорижий тажрибалар асосида қандай шакллантираётгани ҳақида

  • 150 дан ортиқ ҳуқуқ ҳимоячилари, фаоллар ва журналистлар Юлия Емельянова ва Мансур Мовлаевни Россияга экстрадиция қилишга қарши баёнотни имзоладилар

  • Толибларга қарши мухолифат етакчилари мамлакат келажаги борасида турлича фикр билдирди

  • Машҳур санъаткорнинг Жапаров олдида ўзини қандай тутгани Қирғизистонда ҳокимиятга сиғиниш ва сиёсий ўзгаришлар ҳақидаги баҳсларга сабаб бўлди