Россиялик рэпер Наваи Бакиров (Navai) Қозоғистонда икки ой муддатга қамоққа олинди. Бу ҳақда Жамбил вилояти Полиция департаментига таянган ҳолда Tengrinews.kz хабар берди.
Артистга нисбатан гиёҳванд моддалар контрабандаси ва уларни ноқонуний сақлаш билан боғлиқ иккита жиноят иши бўйича тергов олиб борилмоқда.
Бакиров 13 октябрь куни Қозоғистонга киришда «Қордай» чегара постида ушланган. У минган автомобиль кўздан кечирилганда, полиция ходимлари ва чегарачилар гиёҳванд моддани аниқлаб, мусодара қилган.
14 октябрь куни рэпернинг Остонада концерти бўлиб ўтиши режалаштирилган. Тадбир ташкилотчилари «техник сабаблар»ни важ қилиб, концерт бекор қилинганини маълум қилишган.
Айни пайтда Қирғизистонда рэпернинг гиёҳванд моддалар билан чегарадан қандай ўтгани аниқланмоқда. Мамлакат Чегара хизмати унинг «Ақ-Жол — автомобиль йўли» назорат-ўтказиш пункти орқали ўтиш ҳолатларини текширмоқда. Қозоғистонда қўлга олинишидан бир кун олдин Бакиров Бишкекда концерт берган эди.
Қирғизистон Чегара хизмати ходимлари томонидан қоидабузарликлар аниқланса, айбдорлар жазоланишини маълум қилди. Дастлабки маълумотларга кўра, рэпернинг автомобилидан 2,5 грамм марихуана топилган.
Наваи Бакиров (Navai) HammAli & Navai дуэти иштирокчиси сифатида, шунингдек, «Пустите меня на танцпол», «Прятки» ва «Девочка-война» каби яккахон қўшиқлари орқали машҳурликка эришган. Артист қозоғистонлик ижрочилар, жумладан, Jah Khalib билан ҳам ҳамкорлик қилган.



