Россияда жосусликда айбланаётган қозоғистонлик тату устасига нисбатан тергов ҳаракатлари якунланди

bureau.kz сайти фотосурати

Оренбургда Украина фойдасига жосуслик қилишда айбланаётган Қозоғистон фуқароси Роман Белов иши бўйича тергов ҳаракатлари якунланди. Бу ҳақда Қозоғистон Халқаро инсон ҳуқуқлари ва қонунийликка риоя этиш бюроси (ҚИҲҚБ) хабар берди.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига юборилган мактубда Белов айбини тан олишга мажбурлаш мақсадида қийноққа солинганини таъкидлаган.

47 ёшли Роман Белов — Байқўнғир шаҳрида яшаган татуаж устаси. 2025 йил ноябрь ойида уни фитнес-марказни расмийлаштириш баҳонасида Оренбургга таклиф қилишган. Чегара назорат пунктида унинг бошига қоп кийдириб, ерга йиқитишган ва калтаклашган. Шундан сўнг уни тергов ҳибсхонасига олиб боришган. Ўшандан бери, қарийб 11 ойдан буён, у ҳибсда сақланмоқда.

Белов Украина фойдасига жосуслик қилишда айбланган. Тергов версиясига кўра, у Россия қуролли кучлари ҳақидаги маълумотларни тўплаб, Украина махсус хизматлари вакилларига узатган. 2026 йил август ойида ёзилган мактубида у жиноий иш 2025 йил 18 ноябрда қўзғатилганини ва ундан қандайдир жадвални узатганини тан олиш талаб қилинганини айтган.

«Мен ҳайратдан жилмайиб қўйдим, шу заҳоти ҳар томондан зарбалар остида қолдим. Айбловни рад этдим, бундай иш қилмаганимни айтдим. Улар бошимга уришди, мен эса буни қилмаганимни такрорлайвердим. Улар мени умрбод қамоққа тиқишларини, “хўрозлар” билан бирга ўтиришимни айтиб, таҳдид қилишди, ҳақоратлашди ва камситишди. Агар айбимни тан олмасам, хотиним қамалишини, энг камида эса болаларим болалар уйига юборилишини айтишди», — деб ёзган Белов.

Унинг сўзларига кўра, ундан электр токи ёрдамида қийноқлар орқали иқрорлик олишга ҳаракат қилишган. Беловнинг таъкидлашича, қўлларини қайириб турган ҳолда, токни кишанлар орқали юборишган.

«Жуда қаттиқ оғриқ ва қўрқувни ҳис қилдим, бақирдим. Улар тўхтаб, “Тан оласанми, юборганмисан?” деб сўрашди. Мен “Йўқ, юбормадим”, деб жавоб бердим. Шунда улар яна худди шу ҳаракатларни такрорлашди», — дейилади мактубда.

Беловнинг айтишича, ҳушидан кетаётгандек туюлганидан кейингина у жадвални узатганини тан олган. Шунингдек, у доимий бош оғриғи, буйраклар ва чаноқ соҳасидаги оғриқлардан шикоят қилган. Унинг таъкидлашича, тиббий ёрдам сўраб бир неча бор мурожаат қилганига қарамай, унга фақат оғриқ қолдирувчи дорилар беришган, уролог кўригига эса юборишмаган.

Белов мактубида фуқаролик никоҳидаги турмуш ўртоғи — Россия фуқароси ва вояга етмаган фарзандларининг хавфсизлиги учун хавотир билдирган. Унинг сўзларига кўра, ҳибсга олинганидан кейин Байқўнғирдаги оиласи яшаган хонадонда Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ходимлари иштирокида тинтув ўтказилган. Олиб қўйилган буюмлар орасида шахсий компьютер, устига чизиқ тортилган Z ҳарфи туширилган куртка ва Адольф Гитлернинг таржимаи ҳоли ҳақидаги китоб бўлган.

Қозоғистон фуқаросининг айтишича, давлат томонидан тайинланган адвокат унга энг кам жазо олиш учун айбини тан олишни маслаҳат берган.

Қозоғистон Халқаро инсон ҳуқуқлари ва қонунийликка риоя этиш бюроси маълум қилишича, ҳибсга олинишидан бироз олдин Белов Украинада урушда қатнашган Россия фуқароси бўлган қўшниси билан жанжаллашган. Ҳуқуқ ҳимоячилари келишмовчилик урушга бўлган муносабат билан боғлиқ бўлиши мумкин, деб тахмин қилишади.

Аввалроқ Қозоғистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси ходими ҳибсдаги Белов билан учрашишга ҳаракат қилган, бироқ мавжуд маълумотларга кўра, учрашувни ташкил этишнинг имкони бўлмаган. Қозоғистон томони Беловнинг аҳволи ҳақидаги маълумотларни Россия Федерал жазони ижро этиш хизмати (ФСИН) ва прокуратурасининг расмий жавобларидан олмоқда. Консулхона унинг қариндошлари билан ҳам алоқада бўлиб турибди.

Белов мактубида ўзининг айбсиз эканини таъкидлаб, таъқиб қилинаётганини урушга қарши қарашлари билан боғлаган.

«Мен тинчликпарвар қарашларим, фикрларим ва истакларим учун бундай қисматга лойиқ эмасман. Бутун дунёда тинчлик бўлишини исташ жиноят эмас!» — деб ёзган у.

Иш махфийлаштирилгани сабабли айблов тафсилотлари ва унга асос бўлган далиллар жамоатчиликка ошкор этилмаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ