Қозоғистон Бош прокуратураси Мовлаевни Россияга беришга тўсқинлик қиладиган асосларни кўрмаётганини маълум қилди

Мансур Мовлаев. Ижтимоий тармоқдаги фотосурат

Қозоғистон Бош прокуратураси Олмаотадаги тергов изоляторида сақланаётган чеченистонлик фаол Мансур Мовлаевни Россияга топширишга тўсқинлик қиладиган ҳуқуқий асосларни кўрмаётганини билдирди. Бу ҳақда «Азаттык Азия»га Мовлаевнинг адвокати Елена Жигалёнок маълум қилди.

Аввалроқ у Бош прокуратурага БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг вақтинчалик чораларига риоя этилишини таъминлаш ва Мовлаевни экстрадиция мақсадидаги ҳибсдан гаров эвазига озод қилиш масаласини сўраб мурожаат қилган эди.

1 октябрь куни Бош прокуратура берган жавобда Мовлаевга ваколатли орган томонидан қочқин мақоми бериш рад этилгани айтилган. Рад этиш ҳақидаги қарорлар биринчи инстанция, апелляция ва кассация судларида шикоят қилинган, бироқ шикоятлар қаноатлантирилмаган.

«Шундай қилиб, бошпана беришни рад этиш ҳақидаги суд ҳужжатлари қонуний кучга киргани муносабати билан уни экстрадиция қилиш ва экстрадиция мақсадидаги ҳибсдан озод қилиш ҳақидаги қарорни ижро этишга тўсқинлик қиладиган ҳуқуқий асослар мавжуд эмас», — дея адвокат прокуратура жавобидан иқтибос келтиради.

Бош прокуратура шунингдек, аввалроқ Россия Бош прокуратурасининг Мовлаевни бериш ҳақидаги сўровини қаноатлантирганини маълум қилди. Шу муносабат билан экстрадиция ҳибсини гаров билан алмаштириш учун ҳам асослар йўқ.

«Қозоғистон Республикасининг жиноят-процессуал қонунчилиги шахсни бериш (экстрадиция қилиш) ҳақида қарор қабул қилинганидан кейин экстрадиция мақсадидаги ҳибсдан ташқари муқобил эҳтиёт чораларини қўллашни назарда тутмайди», — дейилади жавобда.

Бош прокуратура, шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг вақтинчалик чоралари «тавсиявий хусусиятга эга» эканини маълум қилди.

«Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, суд ҳужжатлари ва Қозоғистон Республикаси Бош прокуратурасининг қарори қонуний кучга киргани, шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси сўровининг тавсиявий хусусиятини ҳисобга олсак, М. Мовлаевни экстрадиция мақсадидаги ҳибсдан озод қилиш ва уни сўров юборган томонга топширишга тўсқинлик қиладиган ҳуқуқий асослар мавжуд эмас», — дея хулоса қилади назорат маҳкамаси.

Мовлаевнинг адвокати Қозоғистон ҳукуматининг бу позициясидан хавотир билдиради.

«Шахсан менинг фикримча, бу жавоб Бош прокуратура халқаро ҳуқуқ нормаларига, хусусан, Қийноқларга қарши конвенциянинг 3-моддасига риоя қилмаслигини кўрсатмоқда. Ушбу модда қийноқлар хавфи ёки инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда поймол бўлиши амалиёти мавжуд бўлган давлатларга одамларни топширишни тақиқлайди», — деди у.

Адвокат БМТнинг Россиядаги инсон ҳуқуқлари ҳолати бўйича махсус маърузачиси Мариана Кацарова икки марта ҳисобот эълон қилганини ва уларда Мансур Мовлаев шахсан қийноқларга дуч келиш хавфи борлиги қайд этилганини эслатади.

«Энди нима бўлиши номаълум. Ё ҳар қандай вақтда [Россия Федерациясига] топшириб юборишлари мумкин, ёки... биз ҳали ҳам давлатимиз халқаро шартномага риоя қилади, деб умид қиламиз», — дея таъкидлайди Жигалёнок.

Адвокат Олий судга мурожаат қилган. Унинг айтишича, истисно ҳолатларда кассация суди ва қуйи инстанция судларининг қочқин мақомини беришни рад этиш ҳақидаги қарорлари қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Мансур Мовлаев Рамзан Қодиров режимига қарши чиққан «Адат» мухолифат ҳаракати иштирокчисидир. 2020 йилда фаол Россияда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи иши доирасида судланган. Чеченистонлик фаоллар бу иш сохталаштирилганини таъкидлайди.

2022 йилда шартли муддатидан олдин озод қилинганидан сўнг Мовлаевнинг айтишича, у чечен полицияси ходимлари томонидан ўғирланган ва махфий қамоқхонада сақланган. Кейинчалик у қочиб, Қирғизистонга, у ердан эса Қозоғистонга ўтган. Шу орада Россияда у экстремизм иши бўйича федерал қидирувга берилган.

2025 йил май ойида фаол Москва сўровига кўра Олмаотада қўлга олинган ва экстрадиция мақсадидаги ҳибсхонага жойлаштирилган. Мовлаев Қозоғистонда қочқин мақомини олишга уринган, бироқ унга рад жавоби берилган. 23 февраль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси унинг шикоятини рўйхатга олган ва мурожаат кўриб чиқилгунга қадар Қозоғистонни фаолни Россияга экстрадиция қилишдан тийилишга чақирган.

Ҳибсда сақланаётган Мовлаев икки марта ўз жонига қасд қилишга уринган. Унинг ўлим олдидан қолдирган хатида фаол бу қарорини Россияга экстрадиция қилиниши мумкинлиги билан боғлаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ