Мирзиёев Андижон вилоятида 9,4 миллиард долларлик 200 дан ортиқ инвестиция лойиҳасини ишга туширди

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятида бўлиб турган чоғида умумий қиймати 9,4 миллиард долларлик 206 та инвестиция лойиҳасини ишга туширди. Ушбу ташаббуслар ҳудудда саноатни ривожлантириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва иш ўринлари ташкил этишга хизмат қилади, деб хабар беради республика раҳбари матбуот хизмати.

Президент рамзий тугмани босиш орқали умумий қиймати 2 миллиард доллардан ортиқ бўлган 98 та лойиҳани ишга туширди. Бундан ташқари, у алоҳида инвестиция дастурлари доирасида барпо этилаётган умумий қиймати 7,3 миллиард доллардан зиёд бўлган 108 та объект қурилишига старт берди.

Лойиҳалар иқтисодиётнинг муҳим йўналишларини қамраб олган, жумладан:

✅ энергетика;

✅ қурилиш;

✅ тўқимачилик саноати;

✅ машинасозлик;

✅ туризм;

✅ логистика;

✅ фармацевтика.

Мирзиёев ишга туширган лойиҳалар орасида пахта-тўқимачилик кластери, электр энергиясини сақлаш ва тақсимлаш тизимлари, мебель ҳамда чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган саноат зоналари, электр автобуслар, қуёш панеллари ва гидроэнергетика учун ускуналар ишлаб чиқарувчи корхоналар бор. Шу билан бирга, таълим ва тиббиёт марказлари ҳам фойдаланишга топширилди.

Яқин истиқболда турар жой мажмуаларини барпо этиш, халқаро логистика ва туризм марказларини ташкил қилиш, гидроэлектростанциялар ва чиқиндиларни қайта ишлаш заводини қуриш, автомобиль ҳамда темир йўл вагонлари ишлаб чиқариш қувватларини ошириш режалаштирилмоқда.

Ушбу ташаббусларни амалга оширишда Ўзбекистоннинг Хитой, Туркия, Жанубий Корея, АҚШ, Россия, Беларусь, Германия, Ҳиндистон, БАА ва Тожикистон компаниялари билан ҳамкорлик қилиши кўзда тутилган.

Ташаббуслар амалга оширилиши натижасида вилоятда 45 мингдан ортиқ иш ўрни яратилади, йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 60,5 триллион сўмдан (5,1 миллиард доллар) ошади, экспорт салоҳияти эса 533 миллион долларга етади.

Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи дастури умуман олганда сермазмун бўлди. Ташриф Андижон халқаро аэропортини модернизация қилиш ишларининг боришини кўздан кечиришдан бошланди. Аэропорт реконструкцияси қиймати 1,1 триллион сўм (93 миллион доллар)га баҳоланмоқда. Биринчи босқичда аэропорт инфратузилмаси тубдан янгиланди. Учиш-қўниш йўлаги 3,3 километргача узайтирилиб, кенглиги 60 метр бўлган янги 4E тоифали йўлак барпо этилди. Шунингдек, 10 та ҳаво кемасига мўлжалланган тўхташ жойлари ва руллаш йўлаклари қурилди.

Бундан ташқари, давлат раҳбари 23 сентябрь куни куннинг биринчи ярмида Андижон туманида жойлашган трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш фабрикаси фаолияти ва кичик гидроэлектростанциялар учун ускуналар ишлаб чиқариш корхонаси лойиҳаси билан танишди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ