Қирғизистон президенти БМТда Трампга ННТларни молиялаштиришни тўхтатгани учун миннатдорчилик билдирди

Дональд Трамп ва Садир Жапаров, 2025 йил 7 ноябрь. Қирғизистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 22 сентябрь куни Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессиясида сўзга чиқиб, АҚШ президенти Дональд Трампга бутун дунё бўйлаб нодавлат нотижорат ташкилотларини (ННТ) молиялаштиришни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилгани учун миннатдорчилик билдирди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

«Натижада ННТларнинг ривожланаётган давлатларнинг ички ишлари ва сиёсатига аралашуви амалда тўхтади. Трампнинг қарорлари давлатлар суверенитетини мустаҳкамлаш ва уларнинг ўз тараққиёт йўлини мустақил танлаши учун шароит яратди», — деди Жапаров.

Хорижда ёрдам кўрсатиш билан аввали АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) шуғулланган. Дональд Трамп президентлик лавозимига киришган куни — 2025 йил 20 январда — унинг фаолиятини музлатиш тўғрисида қарор қабул қилинганини эълон қилди. У Америка ташқи ёрдам индустрияси ва у билан боғлиқ бюрократия мамлакат манфаатларига мос келмаслигини, кўп ҳолларда эса Америка қадриятларига зид эканини таъкидлаганди.

«Улар [USAID] хорижий давлатларда мамлакатлар ичида ва улар ўртасидаги уйғун ва барқарор муносабатларга тўғридан-тўғри зид бўлган ғояларни илгари суриш орқали бутун дунёда беқарорликни кучайтиради», — дейилган фармонда.

Кейинчалик АҚШ ҳукумати USAIDни тугатди. Натижада агентлик томонидан берилган умумий қиймати 27 миллиард доллардан ортиқ бўлган 5300 дан зиёд грант ва шартноманинг амал қилиши тўхтатилди.

Жапаров бундан аввал ҳам ННТлар ҳақида салбий фикрлар билдирган. Унинг фикрича, уларнинг айримлари кўпинча «ёлғон ва ишончсиз маълумотлар» тарқатган. 2024 йил апрель ойида президент нодавлат нотижорат ташкилотлари ва уларнинг даромадлари устидан назоратни кучайтирган «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун деб аталувчи ҳужжатни имзолаган. Натижада қатор ННТлар, жумладан, «Сорос-Қирғизистон» жамғармаси ҳам фаолиятини тўхтатган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ