Қирғизистон президенти Садир Жапаров давлатларга нисбатан санкциялар жорий этиш бўйича мутлақ ҳуқуқни Бирлашган Миллатлар Ташкилотига беришни таклиф қилди. У ушбу баёнотни 22 сентябрь куни Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессиясида маълум қилди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.
«У ёки бу давлатга нисбатан санкциялар жорий этиш ҳуқуқи, бизнинг фикримизча, фақат Бирлашган Миллатлар Ташкилотига берилиши керак», — деди Жапаров. У бундай ёндашувни «халқаро санкциялар тизимини такомиллаштиришнинг ягона мумкин бўлган усулидир» деб атади.
Қирғизистон президентининг фикрича, санкциялар жорий этиш тўғрисидаги қарорлар БМТ Низомига мувофиқ ва фақат Хавфсизлик Кенгашининг ваколатлари доирасида қабул қилиниши лозим.
Жапаров санкциялар айрим давлатлар томонидан суверен давлатларнинг ички ишларига аралашиш воситаси сифатида тез-тез қўлланилаётганини таъкидлади. Асоссиз бир томонлама санкциялардан кичик давлатлар жабр кўради.
«Айрим йирик давлатлар ўз манфаатларини кўзлаб, Қирғизистон каби кичик давлатларга босим ўтказиб, уларни айрим масалалар бўйича музокара қилишга мажбурлашга уринади ва ультиматумлар қўяди», — деди Жапаров.
У БМТ томонидан барча санкция чораларини олдиндан мажбурий кўриб чиқиш механизмини жорий этишни таклиф қилди. Бу чекловларнинг эҳтимолий гуманитар, иқтисодий ва ижтимоий оқибатларини ҳисобга олиш имконини беради. Санкцияларни илгари сураётган давлатлар уларнинг ҳуқуқий асосларини, бундай чораларнинг заруратини, мақсадларини, шунингдек, кейинчалик бекор қилиниши мезонлари ва шартларини аниқ кўрсатиши керак.
Қирғизистон президенти БМТ ҳомийлигида санкцияларни мониторинг қилиш ва уларни мунтазам равишда қайта кўриб чиқиш бўйича ягона халқаро механизм яратишни таклиф қилди.
«Шундагина халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда БМТнинг марказий роли кучаяди, унинг ваколатлари кенгайтирилади. Бундан ташқари, бир давлатнинг бошқа давлатга нисбатан санкцияларни ўз сиёсий ёки иқтисодий манфаатлари йўлида ўзбошимчалик билан қўллаши хавфи бартараф этилади. Ҳеч бир давлат ўзбошимчалик билан ҳаракат қилмаслиги керак», — дея таъкидлади Қирғизистон раҳбари.
Жапаровнинг таклифлари Ғарб томонидан Қирғизистонга босим ўтказилаётган бир пайтда янгради. Аввалроқ у айрим давлатларнинг Қирғизистондан Россия билан алоқаларини узишни талаб қилишини «адолатсиз» деб атаганди ва Европанинг ўзи Россия билан йилига 6 миллиард долларлик савдо-сотиқни давом эттираётганини қайд этганди. Республика Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат халқаро санкция режимларига қатъий риоя қилаётганини ва уларни бузиш ҳақидаги айбловлар асоссиз эканини билдирган. Қирғизистон ҳукумати санкция режимларига риоя этилаётганини тасдиқловчи далилларни тақдим этишга тайёрлигини таъкидлаган ҳамда Европа Иттифоқига қирғиз банкларига нисбатан қўлланилаётган чекловларнинг асослилигини мустақил аудитдан ўтказишни таклиф қилганди.



