Қозоғистоннинг янги бир палатали парламенти — Қурултой депутатлари 23 сентябрь куни «Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) ўртасидаги шериклик тўғрисидаги ҳадли битимни ратификация қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини икки ўқишда маъқуллади, деб хабар беради Zakon.kz.
Қурултой мажлисида Бош вазир ўринбосари — Миллий иқтисодиёт вазири Серик Жуманғариннинг маълум қилишича, келишув Қозоғистонга яқин беш йил ичида имтиёзли шартларда қарийб 6 миллиард доллар жалб қилиш имконини беради.
Маблағларни транспорт, энергетика, соғлиқни сақлаш ва яшил молиялаштириш соҳаларидаги лойиҳаларга йўналтириш режалаштирилмоқда.
Жуманғариннинг сўзларига кўра, ОИИБ кредитларининг шартлари мослашувчан: қарзларни қайтариш муддати 35 йилгача бўлиши мумкин, фоиз ставкаси эса 1%дан 1,5%гача ташкил этади. Молиялаштириш танланган валютага қараб доллар, иена, юань ёки евродаги маблағларда ажратилиши мумкин.
«Ратификация қилинганидан кейинги дастлабки беш йил давомида ҳадли келишув мамлакат иқтисодиётига қарийб 6 миллиард доллар миқдорида қўшимча “узоқ муддатли маблағлар”ни имтиёзли шартларда жалб қилиш, лойиҳаларни молиялаштириш воситаларини кенгайтириш, давлат харажатларини устуворроқ лойиҳаларга қайта тақсимлаш орқали бюджетга тушадиган юкни камайтириш, шунингдек, лойиҳаларни амалга ошириш жараёнларини оптималлаштириш имконини беради», — деди вазир.
Яқин вақт ичида қатор инфратузилмавий лойиҳаларни, жумладан, «Жезқазған — Қарағанда», «Актөбе — Қорабутак — Улғайсин», «Атирау — Доссор» ва «Мойинти — Қизилжар» автомобиль ва темир йўлларини реконструкция қилиш ишларини молиялаштиришни бошлаш режалаштирилмоқда.
Жуманғариннинг таъкидлашича, Қозоғистон ОИИБ билан 2015 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келади. Шу вақт мобайнида банк билан умумий қиймати 1,8 миллиард доллар бўлган еттита лойиҳа амалга оширилган. Улар энергетика, соғлиқни сақлаш, шунингдек, иқтисодий ва фискал барқарорлик соҳаларига тааллуқли бўлган.
«Шу вақтга қадар биз асосан ушбу банк билан ҳукумат қарзлари бўйича ишлаб келдик ва бу давлат қарзини, умуман олганда, ҳукумат ва давлат қарзини ошириб борди. Бугунги кунда эса келишув имзоланганидан сўнг давлат кафолатлари асосида ишлаш имкониятига эга бўламиз — булар давлатнинг шартли мажбуриятлари бўлиб, давлат қарзини оширмайди», — деди Жуманғарин.
Қозоғистон сўнгги йилларда ташқи қарзларни, жумладан, қарзларни қайта молиялаштириш ва бюджет тақчиллигини молиялаштириш мақсадида жалб қилмоқда. 2026 йилда республика бюджети тақчиллиги 4,6 триллион тенге (10,3 миллиард доллар) даражасида бўлиши кутилмоқда.



