Норезидентлар учун Қозоғистонда банк ҳисоб рақамларини очиш ва карталар олиш осонлашади. Тегишли ўзгартишларни Молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлиги банклар учун ички назорат қоидаларига киритди.
18 сентябрь куни эълон қилинган ҳужжатдан маълум бўлишича, яшаш гувоҳномаси (ЯГ) бўлмаган хорижий фуқаролар юқори хавфли мижозлар рўйхатидан чиқарилган. Қоидаларнинг аввалги таҳририда «пул маблағларини легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ёки оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштириш хавфини оширадиган мақоми ва (ёки) фаолиятига эга бўлган мижозлар турлари» қаторига «Қозоғистон Республикасида хорижий фуқаронинг яшаш гувоҳномаси ёки доимий яшаш учун рухсатномаси бўлмаган (Қозоғистон Республикаси ҳудудида яшамайдиган)» норезидентлар ҳам киритилган эди. Агентлик бошқарувининг сўнгги қарори билан ушбу банд қоидалардан чиқариб ташланди.
Шу муносабат билан, норезидентлар учун банк ҳисоб рақамини одатий тартибда очиш ёки карта расмийлаштиришда қўшимча текширувлардан ўтиш талаби энди бўлмайди.
Жумладан, bank.kz маълумотларига кўра, банклар бундай мижозлардан кенгайтирилган сўровномани талаб қилиши шарт эмас. Илгари унда Қозоғистонда яшаш ва ҳисоб рақами очиш мақсади, маблағлар манбаси, режалаштирилаётган халқаро пул ўтказмалари ҳамда бошқа банкларда ҳисоб рақамлари мавжудлиги ҳақида маълумот кўрсатилиши керак эди. Телефоннинг IMEI рақамини мажбурий текшириш талаби ҳам бекор қилинди.
Энди ҳисоб рақами ёки карта расмийлаштиришда банк мижознинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатини текшириши ва биометрик аутентификациядан ўтказиши керак.
Фақат мижозга юқори хавф даражаси берилган ёки молия ташкилотида фирибгарликдан шубҳаланиш учун асос пайдо бўлган тақдирдагина қўшимча текширув ўтказилиши ва қўшимча ҳужжатлар талаб қилиниши мумкин.
Норезидентга берилган банк картасининг амал қилиш муддати ҳам ўзгармаган — кўпи билан 12 ой.
Украинада уруш бошланганидан ва Visa ҳамда Mastercard тўлов тизимлари Россиядан чиқиб кетганидан сўнг, Қозоғистон россияликларнинг кўчиб бориши ва «карта туризми» деб аталувчи жараён учун асосий йўналишлардан бирига айланганди.
2022–2024 йилларда қарийб 695 минг нафар Россия фуқароси Қозоғистоннинг индивидуал идентификация рақамини (ИИР) олган — бу Россиядаги ИННга ўхшаш рақам. У, жумладан, Қозоғистонда банк ҳисоб рақамларини очиш ва карталар расмийлаштириш учун зарур. 2025 йил бошида норезидентларга банк карталарини бериш қоидалари кучайтирилган эди. Жумладан, бундай карталарнинг амал қилиш муддати бир йил билан чекланган. Ҳозир эса республика ҳукумати қўшимча бюрократик талабларни бекор қилмоқда.



