Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини, жумладан, Евро-5 стандартидаги бензин ишлаб чиқаришни икки баравар оширади

Бухоро НҚЗ. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Қиймати 328 миллион долларлик ускуналарни модернизация қилиш натижасида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ишлаб чиқариш қувватини икки баравар — йилига 2,5 миллион тоннадан 5 миллион тоннагача оширади. Хусусан, экологик Евро-5 стандартига жавоб берадиган бензин ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг корхонага ташрифи чоғида давлат раҳбарига маълум қилинди, деб хабар беради президент матбуот хизмати.

Нефтни қайта ишлаш заводининг технологик имкониятларини янгилаш, биринчи навбатда, хомашёни қайта ишлаш ҳажмини оширишга қаратилган. Шунингдек, юқори октанли бензин ишлаб чиқариш ҳам кўпайтирилади.

Нафтани гидротозалаш ва изомеризация қилиш ускуналарини ўрнатиш орқали мутахассислар катта ҳажмда сифатли маҳсулот олиши мумкинлиги таъкидланди. Гидротозалаш жараёнида хомашё таркибидаги олтингугурт ва бошқа аралашмалар миқдори камаяди, изомеризация эса нефтнинг енгил фракцияларидан олинадиган бензиннинг октан сонини ошириш имконини беради. Бу эса энг юқори экологик стандартларга жавоб берадиган АИ-92 ва АИ-95 маркали автомобиль ёқилғиси ишлаб чиқаришни кўпайтиришга хизмат қилади.

Лойиҳа, шунингдек, хомашёни фракцияларга ажратиш ва оғир қолдиқларни чуқур қайта ишлаш жараёнларини такомиллаштиришни назарда тутади. Натижада корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати икки бараварга — турли маҳсулотлар бўйича 5 миллион тоннагача ошади. Шу муносабат билан завод ички бозор таъминотини мустаҳкамлаш ва экспортни сезиларли даражада кўпайтиришни режалаштирмоқда.

Қораулбозор туманида жойлашган Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи Ўзбекистондаги энг йирик ёқилғи ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланади. Бу ерда 3,2 мингдан ортиқ киши меҳнат қилади. Жорий йилнинг тўққиз ойида завод бозорга умумий қиймати 12 триллион сўмдан (1 миллиард доллар) зиёд бўлган 1,36 миллион тонна нефть маҳсулотларини етказиб берди. Экспорт ҳажми 99,5 миллион долларни ташкил этди. Йил охиригача бу кўрсаткич 116 миллион долларга етиши кутилмоқда.

Бухоро вилоятига сафари доирасида Мирзиёев, шунингдек, Tekhnochem корхонасига ташриф буюрди ва нефть, газ конденсати, нафта, метанол ҳамда пиролиз дистиллятини қайта ишлашга ихтисослашган нефть-кимё кластери фаолияти билан танишди.

Бу Ўзбекистондаги ягона шундай мажмуа экани таъкидланди. Бугунги кунда бу ерда 500 нафар мутахассис меҳнат қилмоқда. Компания ёқилғи ва бошқа маҳсулотлар, жумладан, бензин сифатини яхшилаш учун октан-бустер, шунингдек, бўёқлар, лаклар, елим ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаришда қўлланиладиган эритувчилар ишлаб чиқаради.

Президентга заводни ривожлантириш режалари ҳақида маълумот берилди. Хусусан, 2028 йил охиригача қиймати 292 миллион долларлик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Ташаббус доирасида ароматик углеводородлар ва эритувчилар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Натижада хомашёни қайта ишлаш қуввати йилига яна 400 минг тоннага ошади. Муҳандислар, кимёгарлар, технологлар ва лаборантлар учун ҳам 700 та иш ўрни яратилади.

Корхона ҳар йили 180 минг тоннагача нефть-кимё маҳсулотлари, автомобиль бензини ва дизель ёқилғисини Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон, шунингдек, Европа Иттифоқи мамлакатларига экспорт қилишни режалаштирмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ