Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Ян Сандерс Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини «чин маънода ноёб мажмуа» деб атади. Унинг таъкидлашича, марказ Марказий Осиё тарихини ҳамда Ўзбекистоннинг тараққиёт йўлини XXI асргача кузатиш имконини беради.
Сандерс Ўзбекистонга ташрифи давомида Марказга борди. Делегацияга минтақанинг тарихи, ислом цивилизациясининг илмий ва маданий мероси, шунингдек, мамлакат тараққиётининг замонавий босқичига бағишланган асосий экспозициялар тақдим этилди.
Меҳмонлар рақамли технологиялардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратдилар. Жумладан, Сандерсга олим Абу Али ибн Синонинг интерактив рақамли қиёфаси намойиш этилди. У билан ташриф буюрувчилар «мулоқот қилишлари» мумкин.
Жаҳон божхона ташкилоти раҳбарининг сўзларига кўра, Марказ экспозициялари нафақат Марказий Осиёнинг ўтмиши, балки Ўзбекистоннинг замонавий ислом оламидаги ўрни ҳақида ҳам яхлит тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.
«Минтақа ҳақида етарлича билимга эга бўлмаган инсон учун Марказ дунёнинг ушбу қисми тарихини энг қадимги даврлардан бугунги кунга қадар изчил ўрганиш имконини беради. Экспозициянинг якуний қисмида мамлакатнинг келажаги ва унинг XXI асрдаги тараққиёти ҳақидаги қарашлар акс эттирилган», — деди Сандерс.
У, шунингдек, экспозицияларни ташкил этиш даражаси ва тақдим этилган маълумотлар кўлами юқори эканини таъкидлади.
«Бу Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданияти, унинг жаҳон цивилизациясидаги роли ҳақида кўплаб янги маълумотларга эга бўлиш мумкин бўлган ноёб маскандир», — дея таъкидлади Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби.
Сандерс Марказнинг ташкил этилишини Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат тарихий ва маданий меросини асраш ҳамда оммалаштиришга қаратилган сиёсати билан алоҳида боғлади.
Жаҳон божхона ташкилоти раҳбари ўз таассуротларини фахрий меҳмонлар китобида ҳам қолдирди. У Марказга ташриф буюриши унга «Марказий Осиё тарихини, унинг ислом оламидаги ўрни ва Ўзбекистоннинг XXI асрдаги тараққиёт йўлини чуқурроқ англаш» имконини берганини ёзди.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 550 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.



