Тошкентда 1912 йилда қурилган собиқ дизель электр станцияси биносида Ўзбекистон Замонавий санъат марказининг (Centre of Contemporary Arts, CCA Tashkent) доимий майдони очилади. Маданий маскан 6 сентябрдан ўз фаолиятини бошлайди, дейилади ташкилот сайтида.
Қайд этилишича, CCA Tashkent — маданий муассаса, учрашувлар маскани ва жонли ижодий муҳит ҳисобланади. Бино шаҳар ва минтақадаги санъатнинг барча шакллари учун ўз макони бўлиши керак, деган ғояга асосланган биринчи шу каби лойиҳа бўлади.
Бу ерда турли кўргазмалар, перформанслар, фильм намойишлари, концертлар, шунингдек, дизайн, адабиёт ва санъатнинг бошқа йўналишлари вакиллари билан мулоқотлар ўтказиш режалаштирилмоқда.
Марказ ҳудудида кутубхона, ресторан ва концепт-стор жойлашади. Ижодий макон ҳафтасига олти кун очиқ бўлади.
Марказ Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси лойиҳаси ҳисобланади. Ушбу ташкилот раиси Гаянэ Умерова CCA Tashkent марказининг очилишини республика маданий инфратузилмасини ривожлантириш ва замонавий санъатнинг барқарор экотизимини яратиш бўйича узоқ муддатли мақсадларни амалга оширишда муҳим босқич деб атади.
«Биз нафақат замонавий санъатни намойиш этадиган, балки таълим, тадқиқотлар ва халқаро ҳамкорлик орқали унинг ривожланишини қўллаб-қувватлайдиган муассаса яратишга интилаяпмиз», — деди Умерова.
Собиқ электр станцияси биносини реконструкция қилиш ишларини Париждаги Studio KO архитектура бюроси мутахассислари амалга оширди. Янгиланган марказ концепцияси ўтган йил октябрь ойида Франция пойтахтидаги Art Basel халқаро ярмаркасида тақдим этилган.
6 октябрь куни CCA Tashkent марказида Hikmah кўргазмаси очилади. Номи араб тилида «ҳикмат» маъносини англатувчи ушбу экспозиция анъана, моддий маданият ва замонавий бадиий амалиётлар ўртасидаги муштарак жиҳатларни намоён этади. Ташриф буюрувчилар Саудия Арабистони, Франция, Германия, АҚШ, Жанубий Корея ва Ўзбекистон рассомларининг асарлари билан танишиши мумкин.
Бундан ташқари, очилиш куни ва ундан бир кун олдин фильм намойишлари ва маҳорат дарсларидан тортиб перформанслар ва шеърхонлик каби қатор тадбирлар ўтказилади.
Шу билан бирга, Тошкент замонавий санъат маркази республика бўйлаб ўз фаолиятини кенгайтирмоқда. Гап сентябрь ойида иш бошлайдиган Самарқанддаги янги майдон ҳақида бормоқда. Агар пойтахтдаги дастур асосан янги бадиий асарлар яратишга йўналтирилган бўлса, Самарқанддаги маскан тадқиқотлар, фанлараро алмашинув ва шаҳарнинг тарихий ҳамда маданий меросини ўрганишга эътибор қаратади.



