Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон мактаб ўқувчиларининг ижтимоий тармоқларга назоратсиз киришидан хавотир билдирди. Унинг сўзларига кўра, болаларнинг интернетда ҳаддан ташқари кўп вақт ўтказиши уларнинг дарсларни ўзлаштириши ва жисмоний ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Давлат раҳбари мактабларда ўсмирларнинг смартфонлардан фойдаланиши масаласига Билимлар куни арафасида Душанбе шаҳридаги 105-сонли мактабга ташрифи чоғида қилган нутқида эътибор қаратди, деб хабар беради «Азия-Плюс».
Республика раҳбари ўқувчиларнинг интернетда доимий бўлиши нафақат таълим олишига, балки уларнинг уйқуси, хотираси ва нутқига ҳам салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади. Раҳмоннинг эслатишича, қатор мамлакатларда 16 ёшга тўлмаган ўсмирлар томонидан мобиль қурилмалардан фойдаланишга аллақачон чекловлар жорий этилган.
Давлат раҳбари Таълим ва илм вазирлиги ҳамда бошқа тегишли идораларга масалани ҳар томонлама ўрганиб чиқиш ва ушбу муаммони ҳал этиш бўйича ҳукуматга таклифлар киритишни топширди. Шу билан бирга, президент ёшларда интернет, ижтимоий тармоқлар ва сунъий интеллектдан фойдаланиш маданиятини шакллантириш муҳимлигини таъкидлади.
Раҳмон, шунингдек, таълим соҳасидаги қатор ютуқларни қайд этди. Жумладан, республика мустақиллиги йилларида соҳани ривожлантириш учун бюджетдан 70 миллиард сомонидан (7,5 миллиард доллар) ортиқ маблағ йўналтирилган, яна 10 миллиард сомонидан (1 миллиард доллардан ортиқ) маблағ давлат инвестиция дастурлари доирасида ажратилган. Ушбу давр мобайнида мамлакатда 1,8 миллион ўқувчи ўрнига мўлжалланган 4135 та таълим муассасаси биноси қурилган. Умуман, тегишли ижтимоий лойиҳаларга 8,4 миллиард сомонидан (903,6 миллион доллар) ортиқ маблағ сарфланган.
Раҳмоннинг сўзларига кўра, Тожикистон мактаб дарсликлари тақчиллиги муаммосини тўлиқ ҳал қилган. Энди, президент таъкидлашича, Таълим вазирлиги дарсликлар сифатини ва уларнинг халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлашга эътибор қаратиши лозим. У Тожикистонда хорижий методикаларни жорий этишдан олдин уларни ўрганиш зарурлигини ҳам таъкидлади, чунки бу усуллар мамлакат шароити ва миллий қадриятларга мослаштирилиши керак.
Президент ўрта касб-ҳунар таълими масалаларига ҳам тўхталиб, бугунги кунда бундай муассасаларда 106,5 мингдан ортиқ одам таҳсил олаётганини айтди. Жорий йилда ҳукумат яқин йилларга мўлжалланган бошланғич ва ўрта касб-ҳунар таълимини ривожлантириш дастурини тасдиқлаган. Хусусан, уни амалга ошириш доирасида 61 та таълим муассасасини таъмирлаш ва қайта тиклаш кўзда тутилган.
Замон руҳига мос устувор йўналишлар ҳақида гапирар экан, Раҳмон ёшларни замонавий касблар, хорижий тиллар, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ўрганишга кўпроқ эътибор қаратишга чақирди. У меҳнат бозорида IT, дастурлаш ва киберхавфсизлик соҳалари мутахассисларига талаб юқори эканини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Тожикистонда мактаблар ва олий таълим муассасаларида мобиль телефонлар ва бошқа гаджетлардан фойдаланиш тақиқланган, бироқ бу тақиқ бевосита дарслар вақтида амал қилади.



