Туркманистоннинг тўртта вилоятида 30 август куни электр таъминотида кенг кўламли узилиш юз берди. Бу ҳақда «Хроника Туркменистана» нашри маҳаллий аҳолининг ижтимоий тармоқлардаги хабарларига таяниб маълум қилди.
Нашр маълумотларига кўра, тахминан соат 17:30 да Аҳал, Марий ва Лебап вилоятларида электр энергияси бутунлай ўчиб қолган. Узилишдан олдин электр тармоқларида кучли тарсиллаш овози эшитилган, шундан сўнг электр таъминоти тўхтаган. Кейинчалик узилишлар Болқон вилоятига ҳам таъсир қилгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлган. Дашоғуз вилояти билан алоқа йўқ.
Блэкаут оқибатлари нафақат электр таъминотига, балки инфратузилма ишига ҳам таъсир кўрсатган. Шаҳарларда светофорлар, мобиль алоқа ва интернет ишламай қолган. Аҳоли навбатчи хизматлар ва маҳаллий маъмуриятларга қўнғироқ қила олмаган. Туркманобод шаҳрида (Лебап вилояти) кечқурун шаҳарнинг марказий кўчаларидан бири — Битарап Туркманистон кўчасига полиция ходимлари ва ҳарбий хизматчилардан иборат нарядлар чиқарилган.
«Электр энергияси икки соатдан бери йўқ. Бутун шаҳар электрсиз қолган. Кўп қаватли турар жой биноларида сув таъминоти ҳам тўхтаган. Иссиқ туфайли одамлар кўчага чиқишга мажбур бўлган. Светофорлар ишламаяпти, шаҳарда ҳаракатни полиция тартибга солмоқда. Арқадағ шаҳрида ҳам электр йўқ — у ерда ҳаёт деярли тўхтаб қолган. Тиббиёт муассасалари электр ва сув таъминоти узилиши оқибатларини бартараф этишда қийинчилик билан ишламоқда. Савдо марказлари, дорихоналар ва ресторанлар фаолиятини тўхтатган», — деди «Озодлик» радиосининг Ашхободдаги мухбири.
Электр таъминотини тиклаш босқичма-босқич амалга оширилди. Мари ва Лебап вилоятларида электр энергияси тахминан соат 21:30 да берилди. Бироқ, айрим ҳудудларда вазият беқарорлигича қолган. Хусусан, Лебап вилояти этрапларида, жумладан Чоржўй этрапида электр энергияси уланганидан бир неча дақиқа ўтиб яна ўчиб қолган. Туркманбоши шаҳрида (Болқон вилояти) электр таъминотини тиклаш соат 00:30 да бошланган.
Мамлакат пойтахти Ашхободнинг Берзенги ҳудудида электр энергияси соат 19:40 да уланган бўлса, Парахат мавзеларида электр таъминоти фақат соат 21:30 да тикланган.
Блэкаутнинг сабаблари ва ҳақиқий кўлами ҳозирча номаълум. «Озодлик» манбасининг тахминига кўра, узилишга Мари давлат иссиқлик электр станциясида (ИЭС) юз берган йирик авария сабаб бўлган бўлиши мумкин. Ҳукумат ёки тегишли идоралар томонидан расмий баёнот берилмаган.
14 август куни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудларида ҳам блэкаут кузатилганди. Бунга Қирғизистондаги Токтоғул ГЭСида гидрогенераторларнинг узилиши оқибатида Марказий Осиёнинг бирлашган энергетика тизимида қувват баланси авариявий равишда бузилгани сабаб бўлган. Бу электр энергияси оқимининг кескин ўзгариши, қувватнинг ортиб кетиши ва аварияга қарши автоматика ишга тушишига олиб келган. Натижада тўрт мамлакатда истеъмолчилар электр таъминоти вақтинча узилишига дуч келган.
ℹ️ Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон минтақа Ягона энергетика тизимининг (ЯЭТ) иштирокчилари ҳисобланади. Марказий Осиё мамлакатларининг энергетика тизимлари ҳали Совет давридаёқ ягона ҳалқага бирлаштирилган. 2003 йилда Туркманистон ЯЭТдан чиққан, 2009 йилда эса Тожикистон тизимдан ажралган. Тожикистон 2024 йилдан бошлаб энергетика ҳалқасига босқичма-босқич қайта бошлади.



