Ўзбекистон ва Ҳиндистон 2030 йилга қадар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард долларга етказишга келишиб олди

Нарендра Моди ва Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон ва Ҳиндистон 2030 йилга қадар товар айирбошлаш ҳажмини тўрт баравар ошириб, 5 миллиард долларга етказишни режалаштирмоқда. Бу борадаги келишув мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевнинг 30 август куни давлат ташрифи билан Тошкентга келган Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди билан музокаралари чоғида эришилди, деб хабар беради president.uz.

Музокараларда икки томонлама муносабатлар ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтарилгани таъкидланди. Учрашувнинг асосий мавзуси иқтисодиёт бўлди. Қайд этилишича, 2025 йилда ўзаро савдо ҳажми 33 фоизга ўсиб, 1,3 миллиард долларга етган. Сўнгги йилларда қўшма корхоналар сони етти баравар кўпайган. Айни пайтда икки мамлакат ўртасида ҳафтасига 14 та тўғридан-тўғри авиарейс амалга оширилмоқда.

Томонлар энергетика, электротехника, металлургия, стратегик минераллар, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва заргарлик саноати соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини қайд этдилар.

Мирзиёев Ҳиндистоннинг рақамли технологиялар, дастурий таъминот ва стартаплар соҳасидаги ютуқларини юқори баҳолаб, ушбу мамлакатни «жаҳон майдонида юқори обрў ва таъсирга эга бўлган ишончли ва истиқболли стратегик ҳамкор» деб атади.

Музокаралар якунида қатор ҳужжатлар имзоланди, жумладан:

▪️ Ҳиндистон ва Ўзбекистон етакчиларининг қўшма баёноти;

▪️ 2026–2030 йилларга мўлжалланган ҳукуматлар ўртасидаги маданий алмашинувлар дастури;

▪️ 2026–2028 йилларга мўлжалланган туризм соҳасида ҳамкорлик дастури;

▪️ Аюрведа ва анъанавий тиббиётнинг бошқа йўналишларида ҳамкорлик тўғрисидаги ўзаро англашув меморандуми;

▪️ Олий таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида келишув;

▪️ Самарқанд вилояти ва Гужарат штати ўртасида шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида келишув;

▪️ Фаёзтепа ва Қоратепа ҳудудларида археологик тадқиқотлар ўтказиш тўғрисида баённома ва бошқа ҳужжатлар.

Музокаралардан сўнг Ўзбекистон президенти Ҳиндистон Бош вазирига «Олий Даражали Дўстлик» орденини топширди. Бу Ўзбекистоннинг хорижий фуқаролар учун мўлжалланган энг олий давлат мукофотидир.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ