Толиблар Афғонистон бўйлаб ҳар қандай намойишларни қонунан тақиқлади

«Толиблар намойишни тарқатмоқда» — афғонистонлик аёллар акцияларидан лавҳалар. Reuters фотосурати

Афғонистонда «Толибон» ҳаракати ҳокимияти томонидан қабул қилинган янги полиция тўғрисидаги қонун кучга кирди. Ҳужжат мамлакат ҳудудида ҳар қандай намойишлар ўтказилишини тўғридан-тўғри тақиқлайди ва айни вақтда хавфсизлик кучларининг ваколатларини кенгайтиради.

Афғонистон Адлия вазирлиги маълум қилишича, «Шурта тўғрисидаги қонун» «Толибон» раҳбари Ҳайбатулла Охундзода томонидан тасдиқланган ва 20206 йил 22 август куни 1496-сонли расмий газетада эълон қилинган. Қонун 53 та моддадан иборат бўлиб, унинг ижроси учун масъулият Ички ишлар вазирлиги зиммасига юклатилган.

Ҳужжатнинг 50-моддасида: «Афғонистон ҳудудида ҳар қандай намойиш ўтказиш тақиқланади», деб белгиланган. Қонуннинг ушбу моддасида намойишлар ўтказишга рухсат берилиши мумкин бўлган ҳеч қандай истисно ёки махсус шартлар назарда тутилмаган.

Айни вақтда ҳужжат «Толибон» ҳокимияти полиция ўрнига «шурта» деб атайдиган кучларнинг ваколатларини ҳам батафсил белгилаб беради. Қонун уларнинг шахсларни аниқлаш, гумон қилинган шахсларни чақириш ва ушлаш, тинтув ўтказиш ҳамда гумон қилинувчилар устидан назорат олиб бориш ҳуқуқларини тартибга солади.

Алоҳида қоидалар куч ишлатиш масалаларига бағишланган. Қонуннинг эълон қилинган матнига кўра, «шурта» ихтиёрида, жумладан, сув пуркагич машиналар, қалқонлар, резина таёқлар, тўсиқлар, қурол-яроғ, шунингдек, портловчи моддалар мавжуд. 39-модда ходимларга қурол ишлатишга рухсат бериладиган ҳолатларни белгилайди.

Шу тариқа, янги қонун намойишларга нисбатан аввалдан мавжуд бўлган чекловларни шунчаки расмийлаштириб қўймай, балки «Толибон» ҳокимиятининг норматив ҳужжатида намойишларни тўлиқ тақиқлашни биринчи марта қонуний жиҳатдан мустаҳкамлайди.

Афғонистон оммавий ахборот воситалари таъкидлашича, ҳаракат 2021 йилда ҳокимиятга қайтганидан буён намойишлар, айниқса, аёллар акциялари мунтазам равишда тарқатиб юборилган ва иштирокчилари эса қўлга олинган.

«Шурта тўғрисидаги қонун» Афғонистонда жамоатчилик ва фуқаролик фаолияти устидан назоратни янада кучайтириш йўлидаги навбатдаги қадам бўлди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ