Ўзбекистон ва Озарбайжон президентлари 23 август куни Абадий дўстлик тўғрисидаги шартномани имзолади. Бу ҳақда икки давлат раҳбарларининг матбуот хизматлари хабар берди.
Ҳужжат Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифининг асосий натижаси сифатида эътироф этилди. Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, шартноманинг имзоланиши икки томонлама муносабатлар «мутлақо тарихий чўққи»га кўтарилганини тасдиқлайди.
Алиев, ўз навбатида, бундай натижага эришишда Мирзиёевнинг ролини алоҳида таъкидлади.
«Шавкат Миромонович Ўзбекистонга раҳбар бўлишидан олдин мамлакатларимиз ўртасида бирорта ҳам қўшма лойиҳа мавжуд эмас эди. Бугун эса биз товар айланмасини бир миллиард долларга етказиш мақсади ҳақида қандайдир узоқ орзу сифатида эмас, балки эҳтимол, бир-икки йилдан сўнг эришадиган натижамиз сифатида гапиряпмиз», — деди Озарбайжон раҳбари ОАВ учун берган баёнотида.
APA.az маълумотига кўра, Шартномада Озарбайжон ва Ўзбекистон ўз муносабатларини абадий дўстлик, ўзаро ишонч, стратегик шериклик ва иттифоқчилик тамойиллари асосида қуриши қайд этилган.
Томонлар бошқа томоннинг суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигига зарар етказувчи ҳар қандай блок ёки иттифоқларда иштирок этмаслик, шунингдек, ўз ҳудудларидан учинчи давлатлар томонидан мазкур манфаатларга зарар етказиш мақсадида фойдаланилишига йўл қўймаслик мажбуриятини олади.
Томонлар можароларнинг олдини олиш ва уларни ҳал этишда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) марказий ролини мустаҳкамлашга содиқлигини тасдиқлайди. Шунингдек, парламентлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш ва халқлар ўртасидаги дўстликни ривожлантириш учун ижтимоий асосни мустаҳкамлашга кўмаклашишга келишиб олди.
Иқтисодий соҳада тенглик ва ўзаро манфаат тамойиллари асосида савдо ва инвестицияларни ривожлантириш, энергетика, транспорт ва логистика, рақамли тараққиёт, қишлоқ хўжалиги, «яшил» ва рақамли иқтисодиёт соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Ўзаро боғланган транспорт тизимини мустаҳкамлаш ва транзит салоҳиятини ошириш, жумладан, Ўрта коридорни ривожлантириш учун шарт-шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилган.
Гуманитар соҳада Шартнома халқларнинг маънавий, таълимий ва маданий яқинлигини сақлашга ҳар томонлама кўмаклашиш, илм-фан, таълим, тиббиёт, маданият, ёшлар сиёсати, туризм ва спорт соҳаларида алмашинувларни ривожлантиришни назарда тутади. Томонлар озарбайжон ва ўзбек тилларини ўзаро ўрганиш учун шароит яратади, минтақалараро ҳамкорлик ва шаҳарлар ўртасидаги шериклик алоқаларини қўллаб-қувватлайди, шунингдек, икки мамлакатнинг туристик салоҳиятини тарғиб қилишга кўмаклашади.
Шартнома имзоланишидан аввал президентларнинг «юзма-юз» форматидаги учрашуви, шунингдек, Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Музокараларда сўнгги беш йил ичида ўзаро савдо ҳажми уч баробар ошгани, қўшма лойиҳаларнинг умумий портфели 5 миллиард доллардан ошгани таъкидланди. Учрашувлар якунлари бўйича ўндан ортиқ ҳужжат имзоланди. Улар орасида:
▪️ 2030 йилга қадар товар айланмасини 1 миллиард долларга етказиш дастури;
▪️ пенсия таъминоти соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишув;
▪️ маданият ва туризм соҳаларида ҳамкорлик тўғрисидаги келишувлар;
▪️ инвестициялар ва савдо соҳасида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси ва бошқа ҳужжатлар.
Ташриф доирасида банк-молия соҳаси, нефть-газ саноати, тоғ-кон саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, туризм, уй-жой қурилиши, таълим ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида янги қўшма лойиҳаларни ишга тушириш маросимлари бўлиб ўтди.
Жумладан, назорат пакетини Озарбайжон Халқаро банки сотиб олган Davr Bank, «Matanat-A» гипс заводи, Ландау номидаги иккита STEAM-мактаб очилди. Шунингдек, Озарбайжон давлат нефть компанияси SOCARнинг бешта янги АЗСи, Sea Breeze Uzbekistan (Agalarov Development) турар-жой ва курорт мажмуаси, Baku City турар-жой мажмуаси, кумуш таркибли рудани бойитиш фабрикаси, Gold Fresh Fruits мевазорларини барпо этиш лойиҳалари ҳамда Янги Тошкентда «Озарбайжон» боғини қуриш лойиҳаларига пойдевор қўйиш ишларига старт берилди.
Шунингдек, томонлар 2027 йилда ёшлар ўртасида футбол бўйича жаҳон чемпионатини биргаликда ўтказишга тайёргарлик доирасида «Икки мамлакат — бир чемпионат» номли кенг кўламли дастурни амалга оширишга келишиб олди.
Бундан ташқари, президентларни олий давлат мукофотлари билан ўзаро тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Илҳом Алиев Ўзбекистоннинг «Олий Даражали Дўстлик» ордени, Шавкат Мирзиёев эса Озарбайжоннинг «Ҳайдар Алиев» ордени билан тақдирланди.



