Озарбайжон оммавий ахборот воситалари (ОАВ)нинг 50 га яқин вакили Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Улар учун мажмуа музей заллари бўйлаб медиатур ташкил этилди, деб хабар берди Марказ матбуот хизмати.
Журналистларга Ўзбекистон тарихининг қадимги даврлардан бошлаб ривожланиши, ислом маданияти тараққиёти ва жаҳон илмига ҳисса қўшган олимлар меросига бағишланган экспозициялар намойиш этилди. Меҳмонлар, шунингдек, ноёб қўлёзмалар, тарихий артефактлар ва мультимедиа инсталляцияларини кўрдилар.
Озарбайжоннинг İTV телеканали мухбири Сабина Шукурова Марказга аввал ҳам ташриф буюрганини таъкидлаб, экспозициялар безагидаги ўзгаришлар ва янги технологик ечимлардан фойдаланилганига эътибор қаратди.
«Одатда тарихни китоблардан ўрганишга одатланганмиз. Аммо уни жонли, кичик бир қисмини интерпретация қилинган шаклда кўриш айниқса қизиқарлидир. Бу ёдда қолади. Чунки инсон ҳамма нарсани кўз билан кўрган сари янада кўпроқ эслаб қолади», — деди журналист.
Озарбайжон телевидениеси вакили Вусал Матлаб тарихий меросни асраб-авайлаш ва оммалаштиришда замонавий технологиялардан қандай фойдаланилаётганига эътибор қаратди.
« Биз бу ердан жуда катта таассуротлар билан кетяпмиз. Жуда замонавий ечимлар ва ижодий ёндашув билан ислом анъаналари ва мероси тақдим этилган. Жуда ёқди. Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар тарихий ва этник илдизларга таяниши билан бирга, бугунги кундаги қардошлик ва дўстликнинг амалий лойиҳаларда ҳам намоён бўлмоқда», — деди у.
Матлаб ана шундай лойиҳалардан бири сифатида Озарбайжоннинг Физули шаҳридаги Мирзо Улуғбек номидаги 1-сонли ўрта мактабни мисол келтирди. 960 нафар ўқувчига мўлжалланган ушбу таълим муассасаси Ўзбекистон ташаббуси билан 2023 йилда қурилган.
Озарбайжоннинг REAL TV телеканали бошловчиси Намида Бингёл ислом дини тарқалишидан олдин Ўзбекистон халқларининг маданияти ва кундалик ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи бўлимга алоҳида эътибор қаратди.
« Китобдан ўқиш бир нарса, келиб, уни ўз кўзинг билан кўриш эса бутунлай бошқа. Таассуротларим жуда яхши. Қайтганимдан сўнг бу ерда кўрганларимни янада чиройли шаклда тақдим этишга ҳаракат қиламан», — деди у.
Медиатур доирасида журналистларга Марказнинг илмий-маърифий фаолияти, китоб ва қўлёзмалар фондлари, шунингдек, ташриф буюрувчилар учун яратилган имкониятлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Қайд этиш лозим, 24–28 август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар» халқаро медиафоруми бўлиб ўтади.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 550 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.



