Тожикистон Эрондан 2,5 миллион тонна нефть ва нефт маҳсулотларини етказиб беришни сўради

Ёқилғи ортилган вагонлар. asiaplus.news сайти фотосурати

Тожикистон ички бозорда ёқилғи таъминоти билан боғлиқ муаммолар фонида Эрондан 2,55 миллион тонна хом нефть ва нефт маҳсулотларини етказиб беришни сўради. Бу ҳақда Тожикистон Транспорт вазирлиги маълум қилди.

Сўралган ҳажм таркибига 2 млн тонна хом нефть, 300 минг тонна дизель ёқилғиси, 150 минг тонна бензин ва 100 минг тонна авиация ёқилғиси киради. Уларни ташиш учун тахминан 51 мингта темир йўл вагони талаб этилади.

Масала 15 август куни Теҳронда Тожикистон Транспорт вазири Азим Иброҳим ва Эрон Йўллар ва шаҳарсозлик вазири Фарзона Содиқ ўртасидаги музокараларда муҳокама қилинган.

Иброҳимнинг таъкидлашича, геосиёсий вазият туфайли Тожикистонга ёқилғи етказиб бериш ҳажми қисқарган. Унинг сўзларига кўра, илгари республика ёқилғининг 80 фоиздан ортиғини Россиядан олган, энди эса Душанбе муқобил манбалардан фойдаланишни янада кенгайтириш ниятида.

Тожикистон томони Эрондан ёқилғи ташиш учун вагон-цистерналардан махсус поезд таркибларини шакллантириш ва уларни мамлакат темир йўллари орқали устувор тарзда ўтказиш учун «яшил коридор» ташкил этишни сўраган.

Бундан ташқари, Душанбе Эроннинг Чобаҳор портидаги «Тожикистон» логистика маркази учун имтиёзли шарт-шароитлар яратиш, тожикистонлик автоташувчиларнинг муаммоларини ҳал қилиш, шунингдек, Эронга рейсларни амалга оширишни режалаштираётган Somon Air авиакомпанияси самолётларига хизмат кўрсатиш, ёқилғи қуйиш ва суғурталаш бўйича чегирмалар беришни сўраган.

Фарзона Содиқ кўтарилган масалаларни ҳал этишга кўмаклашишга тайёр эканини билдирган. Бунинг учун томонлар идоралараро ишчи гуруҳларни жалб этишни режалаштирмоқда.

Аввалроқ, Тожикистон ва Эрон нефть маҳсулотлари ва хом нефть, жумладан, Тожикистондаги нефтни қайта ишлаш заводлари учун етказиб бериш бўйича узоқ муддатли келишувни тайёрлашни бошлашга келишиб олган эди.

ℹ️ Музокаралар Тожикистонда ёқилғи тақчиллиги ва Россиядан етказиб бериш ҳажмининг қисқариши фонида ўтказилмоқда. 2026 йилнинг биринчи ярмида республика нефть маҳсулотлари импортининг 90 фоиздан ортиғи Россия ҳиссасига тўғри келган. Бироқ, июль ойида Россиядан етказиб бериш ҳажмининг камайиши туфайли вазият мураккаблашди. Россия дронлар ҳужумлари фонида нефтни қайта ишлаш заводларида мотор ёқилғиси тақчиллигига дуч келган. Reuters маълумотларига кўра, июль ойида Россиядан Тожикистонга автобензин жўнатмалари икки бараварга камайиб, июнь ойидаги кўрсаткичга нисбатан 14,1 минг тоннани ташкил этган. Авиация керосини етказиб бериш тўхтаган, дизель ёқилғиси етказиб бериш эса 2 фоизга қисқариб, 30 минг тоннага тушган.

Натижада Тожикистон шу ёзда Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистондан ёқилғи харидини уч баравар ошириб, 34 минг тоннага етказди. Қўшни давлатлардан бензин хариди 13,8 минг тоннага, дизель ёқилғиси хариди эса 17,6 минг тоннага етди. Қозоғистон, Туркманистон, Беларусь, Ироқ ва Эрондан нефт маҳсулотларини қўшимча етказиб бериш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ