Мирзиёев робототехника ва компьютер ўйинларини яратиш бўйича ҳар йили бир миллион кишини ўқитишни топширди

gazeta.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳар йили бир миллион нафар ёшни робототехника, компьютер ўйинларини яратиш, стартаплар ва IT соҳасининг бошқа истиқболли йўналишлари бўйича ўқитиш вазифасини қўйди. Мамлакатда тренерлар корпуси шакллантирилади, қисқа муддатли курсларни ишга тушириш тезлаштирилади ва илмий тадқиқотлар олиб борилади. Бу чора-тадбирлар республикада рақамли таълим экотизимини ривожлантиришга бағишланган йиғилишда муҳокама қилинди, деб хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Ахборот технологиялари соҳасида 2030 йилгача 300 мингта иш ўрни яратиш бўйича белгиланган мақсадга жорий йилнинг ўзида эришилди. Энди рақамли иқтисодиётнинг янги йўналишларини ривожлантириш ҳисобига 2030 йилга қадар яна 500 мингта иш ўрни яратиш вазифаси қўйилди.

Бунинг учун ёшларни ўқитишдан бошлаб, касбий кўникмаларини тасдиқлаш ва ишга жойлаштиришгача бўлган жараёнларни қамраб олувчи ягона рақамли таълим экотизимини шакллантириш зарур. Йиғилишда 2030 йилгача анъанавий ва масофавий таълим шакллари орқали тахминан 5,5 миллион нафар ўзбекистонликни ўқитиш мумкинлиги қайд этилди. Мактаб ўқувчилари учун «Ал-Хоразмий ворислари» ва «Сунъий интеллектнинг беш миллион етакчиси» лойиҳалари кенгайтирилади, талабалар учун эса олий таълим муассасалари ва хусусий ўқув марказларининг имкониятлари бирлаштирилади.

Мутахассислар тайёрлаш тизимини меҳнат бозори талабларига мослаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Сунъий интеллект, микросхемаларни лойиҳалаш, дрон технологиялари ва компьютер ўйинларини ишлаб чиқиш каби йўналишларда таълимни ривожлантириш, талабаларнинг амалий лойиҳаларда иштирокини кенгайтириш таклиф этилди.

Шунингдек, мактабларда информатика ўқитувчиларининг сунъий интеллект соҳасидаги малакасини ошириш, уларга тегишли сертификатлар бериш ва талабаларнинг халқаро курсларда қатнашиш имкониятларини кенгайтириш масалалари кўтарилди. Президент Фарғона тажрибаси асосида iOS дастурчиларини тайёрлаш марказларини ташкил этиш, хусусий таълим марказларига менторлар тайёрлаш таклифлари маъқулланди.

Илмий тадқиқотларни ўқув жараёнига интеграция қилиш мақсадида олий таълим муассасаларида ўрнатилган тизимлар, микроэлектроника ва буюмлар интернети соҳалари бўйича мутахассислар тайёрлашни бошлаш, шунингдек, муҳандислик лойиҳалари ва тадқиқот лабораторияларини қўллаб-қувватлаш таклиф қилинди.

Битирувчилар ўз билимларини амалда қўллай олишлари учун таълим, касбий кўникмалар, тилларни билиш даражаси ва сертификатлар ҳақидаги маълумотларни бирлаштирадиган «Рақамли ёшлар» платформасини ривожлантириш режалаштирилмоқда. Ушбу платформа иш ўринларини танлаш ва меҳнат бозорида тўғри йўналиш олишга ёрдам беради.

Жараёнга глобал технологик компанияларни жалб қилиш зарурати ҳам муҳокама қилинди. Ўтган йили ушбу йўналишда 22 миллион доллар грант жалб қилинган. Тизимли ҳамкорлик орқали мазкур кўрсаткични шу йил якунигача 60 миллион долларга, 2030 йилга бориб эса йилига 100 миллион долларга етказиш топширилди.

Жорий йилда жалб этиладиган грант маблағларининг ярмини рақамли таълимга, қолган ярмини малака ошириш дастурлари ҳамда чекка ҳудудларда рақамли таълим марказларини ташкил этиш, уларни сунъий интеллект, робототехника ва дастурлашни ўқитиш учун замонавий ускуналар билан жиҳозлашга йўналтирилиши белгиланди.

Мирзиёев рақамли таълимда қамров билан бирга ўқитиш сифати ва унинг бандликка таъсири ҳам асосий мезон бўлиши кераклигини таъкидлади.

Қайд этиш жоиз, октябрь ойи бошида Ўзбекистон терма жамоаси Жанубий Кореяда бўлиб ўтган нуфузли First Global Challenge 2026 халқаро мусобақасида ғолиб чиқиб, робототехника бўйича жаҳон чемпионлиги унвонини қўлга киритди. Ўзбекистон жамоаси 180 дан ортиқ мамлакат вакилларидан ўзиб кетди. Президент терма жамоа мураббийи ва аъзоларини давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисида фармон имзолади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ