Фарғона шаҳрида ИИБ ходимлари Давлат хавфсизлик хизмати вакиллари билан ҳамкорликда ўз хонадонида қизлар учун яширин диний мактаб ташкил этган 39 ёшли аёлни ушлади. Аёл машғулотларни пуллик асосда ўтказган. Бу ҳақда Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасига таяниб, UzNews.uz нашри хабар берди.
Тергов материалларига кўра, ноқонуний ўқув хонасида (ҳужрада) 41 нафар тарбияланувчи таҳсил олган. Болалар Қўқон шаҳри, Учкўприк, Ёзёвон, Бувайда ва Бағдод туманларидан бўлган. Уларнинг барчаси ўқиш пайтида уйда яшаган. Тарбияланувчилар орасида 5-6 ёшли қизлар ҳам бўлган.
Шу билан бирга, диний таълимни олиб борган аёл олий маълумотга ва тегишли дипломга эга бўлмаган. Шунга қарамай, у қизларнинг ота-оналаридан ҳар бир ўқувчи учун ойига 600 минг сўм (50 доллар) миқдорида ҳақ олган.
Фарғона шаҳрида яшовчи аёлга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 229-2-моддаси 2-қисми («Диний таълимотларни ўқитиш тартибини бузиш») бўйича жиноят иши қўзғатилган. Қонунга кўра, бундай жиноят учун энг кам жазо 50 базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ), яъни 20,6 миллион сўм (1,7 минг доллар) миқдорида жарима, энг оғир жазо эса уч йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар аниқлик киритишича, қизларнинг ота-оналари ҳам жазодан четда қолмаган. Уларга нисбатан Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддаси 3-қисми (“Болаларга таълим ва тарбия бериш мажбуриятларини бажармаслик”) бўйича баённомалар расмийлаштирилган. Мазкур ҳолатда айбдор шахсларга 5 дан 10 БҲМгача — 2 миллион сўмдан (173 доллар) 4,1 миллион сўмгача (346 доллар) миқдорида жарима солиниши мумкин.



